islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илм икки дунё саодати

Аллоҳ таоло бир оятда бундай дейди: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?

Мана янги ўқув йили бошланди. Бу таълим даргоҳларида ўқувчи ва талабалар учун билим олиш имкониятлари очилди демак. Илм хазиналарини қўлга киритиш умидида бўлган ёш авлод илм эгаллашда нималарга эътибор беришлари ва нималардан эҳтиёт бўлишлари керак бўлади. Аввало ният чиройли ва тўғри бўлиши лозим, яъни ўқиб ўрганиб хаётга тадбиқ қилишлик билан халқимизга фойдаси-манфаати етадиган бўлиши керак. Ислом дини барча мусулмонларни илм олишга чақиради. Илмни эса хеч ким ўз холича ўргана олмайди. Илм эгаллашда муайян устозга, унинг салоҳияти ва йўналишига эхтиёж сезади. Ёш авлодни чуқур билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида устоз ва мураббийларнинг хизматлари беқиёс. Дарҳақиқат муқаддас динимиз таълимотлари инсон зотини жахолат зулматидан нурли хаётга етишишда муҳим омил бўлиб устоз ва мураббийларнинг хизматлари беқиёс.

Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб шундай дейди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.

Шунингдек илм ўргатаётган устозини хурматини қилиб бўлар бўлмас ишлар билан ранжитмайди, зероки ўзбек халқ мақолларида “Устоз отангдек улуғ” дейилади. Ўзи билан ўқиётган синфдош ва курсдошларини хурмат қилади. Ўқишда дангасаликка йўл қўймайди ҳамда дарсларга бардавом қатнашади, қолдирмайди. Ота-онасига мен дарсга кетдим, деб интернет клубга кириб, бўлмағур, бемаъни сайтларга кирмайди ва ҳар хил ўйингохларига кириб, вақтини беҳуда ўтказмайди. Хикматли сўзларда “Вақт қилич кабидур, сен уни кесмасанг у сени кесади” дейилган. Бизлар исломий ва дунёвий илмлар эгаллаган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ зотларнинг авлоди эканлигимизни хеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илм талаб қилиш хар бир эркак ва аёлга фарздур”.

Машҳур саҳобалардан ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос шундай ривоят қиладилар: “Сулаймон алайҳиссаломга илмни мол ва мулкдан биттасини танлаш таклиф қилинганида, илмни танладилар, унинг сабабидан молга хам мулкка ҳам эга бўлдилар”.

Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ еру осмони сув билан обод қилганидек, қалбларни илм-у ҳикмат нури билан билан мунаввар қилади”.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир саҳобийга шундай деб айтган экан: “Илм молдан афзалдур. Илм ўз эгасини қўриқлайди, молни эса эгаси қўриқлайди. Молни сарф қилсанг камаяди, илмни сарфласанг, ўргатсанг, кўпаяди”, деганлар.

Ёшларни илм олишларида ота-оналарнинг хизматлари беқиёс. “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, деб бежиз айтилмаган. Ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларнинг соғлом ва бақувват ўсиб улғайишларига илм, маърифатлик бўлишлари учун ғамхўр бўлишлари керак.

Бугунги кунда юртимизда ёшларимиз илм олиш учун хеч қандай монеълик йўқ, барча шароит ва имкониятлар бор. Юзлаб ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар, умумтаълим мактаблари фарзандларимиз ихтиёрида. Илм даргоҳларида ўз соҳасида етук мутахасис бўлиб чиқиш имконияти мавжуд.

Юртимизда кадрларни таёрлаш, уларни тизимли таълим ва тарбиялаш ишларига катта аҳамият бериб келинмоқда. Қомусимизда узлуксиз таълим олиш бепул эканлиги ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло илм йўлида саъй-харакат қилаётган илм толибларига диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллашларида ҳамда уларни ҳаётга тадбиқ этишларида улуғ муаффаққиятлар ато айлаб, барчаларимизни икки дунёда саодатлик ва солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб айласин.

Андижон шаҳар Шаҳидтепа жомеъ масжиди имоми
Абдуносир Ахбоев 

98390cookie-checkИлм икки дунё саодати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: