(розияллоҳу анҳум ажмаъин)
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирини ҳақорат қилиш ёки сўкиш оғир, кабира гуноҳлардан ҳисобланади. Аҳли суннат ва жамоат эътиқо-дига кўра, саҳобалар қандай ишлар қилган бўлсаларда, биз уларни муҳокама қилмаймиз. Хато қилди, гуноҳ қилди, айб ёки беадаблик қилди деб ҳукм қилмаймиз. Балки, уларда биз – Аллоҳ ва унинг Расулини розилигини, охират роҳатларини истаган одамлар учун кўп ибрат ва насиҳатлар бордир. Муқаддас Қуръони каримда Аллоҳ таоло
فَسَيَكْفِيكَهُمُ اللَّهُ: البقرة/137
…Сизни улардан (ҳимоя этишга) Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур[1]… Бас сизга озор бераётганларга нисбатан Аллоҳ таолонинг Ўзи тез фурсатларда кифоя бўлади, деб, яъни Аллоҳнинг Ўзи уларни жазолашини ваъда қилган. Ҳудди шу каби асҳоби киромлар ҳам муҳофазага олингандирлар.
Жумладан, икки Саҳиҳ китобларда жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадислар ворид бўлган:
قال صلى الله عليه و سلم : من عادى لي وليا فقد آذنته بالحرب
“Ким менинг дўстим билан ўзаро душманлик қилса, у билан мен жанг қилишга киришаман. Яъни, мени дўстимга душман бўлса, уни ёмон кўрса, унга озор беришга ҳаракат қилса, аслида у мен билан урушга киришади”,- деб Аллоҳ таоло Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилидан огоҳлантирмоқда.
و قال صلى الله عليه و سلم : لا تسبوا أصحابي فوالذي نفسي بيده لو أنفق أحدكم مثل أحد ذهبا ما بلغ مد أحدهم و لا نصيفه
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Менинг асҳобимни (дўстларимни) сўкманглар, ҳақорат қилманглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, биронтангиз Уҳуд тоғи миқдоричалик нафақа қилсангиз ҳам уларнинг мисқолча ёки унинг ярмичалик қилган нафақаларини савобига ета олмайсиз”.
Ушбу муборак ҳадисда саҳоби киромларнинг қадрлари ва даражалари нақадар баланд эканини баён қилиняпти. Улардан бошқа кишилар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғидек келадиган қимматбаҳо нарсаларни сарф қилсалар ҳам, саҳобаларнинг арзимаган бир мисқол ёки ярим мисқол келадиган сарф-харажатларининг савобига ета олмасликлари қайд этиляпти. Мазкур ҳадисларни имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилганлар.
و قال صلى الله عليه و سلم : [ الله الله في أصحابي لا تتخذوهم غرضا بعدي فمن أحبهم فبحبي أحبهم و من أبغضهم فببغضي أبغضهم و من آذاهم فقد آذاني و من آذاني فقد آذى الله و من آذى الله أوشك أن يأخذه ] أخرجه الترمذي
Расул акрам алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳдан сақланинглар! Аллоҳдан сақланинглар! Мендан кейин саҳобаларимга ғараз қилманглар! Бас, ким уларни севса, ўзига дўст тутса, менинг дўстлигим, муҳаббатим билан уларни дўст тутаман, мен ҳам севаман. Ким уларни ёмон кўрса, уларга ғазабнок бўлса, мен ҳам ўз ғазабим билан уларга ғазаб қиламан. Ким уларга азият етказса, ҳақиқатда менга азият берган бўлади. Ким менга азият берса, аслида Аллоҳга азият берибди. Аллоҳга азият берган кимсани қаттиқ азоблаши аниқ бўлади”. Имом Термизий ривоятлари.
Ушбу ҳадиси шариф мазмунида ҳам Пайғамбаримиз ўз саҳобаларини қандай ҳимоя қилаётганларини гувоҳи бўляпмиз. Саҳобаларнинг қанчалик бахт ва саодат эгаларига эканига шоҳид бўляпмиз, уларни тирик вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг ҳимоясига топширмоқдалар. Уларни севганлар Пайғамбаримизнинг муҳаббатларига эришадилар. Аксинча, ғазаб қилиб, ёмон кўрганлар эса Аллоҳ ва Унинг расулининг ғазабига йўлиқадилар. Шунингдек, уларга Аллоҳ таоло яна бошқа синовларни бериши огоҳлантирилди.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
“Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби
З.Шарифов
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх А.Мансур. Тошкент. 2014. Бақара сураси, 137- оят. 21- бет.