Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилигида ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, кутубхона билан биргаликда Ижод мактаби барпо этилди.
Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш ҳамда талаба-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни юртимизда маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент ислом институти Ахборот ресурс маркази ташаббуси билан 1-курс талаба-қизлари иштирокида мазкур Ижод мактаби биносига ташриф ташкил этилди.
Бу бинода Абдулла Қодирий музейи ва “Турон” кутубхонаси мавжуд бўлиб, у республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири саналади. 1919 йил “Турон” номи берилган кутубхона биносида дастлаб Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилган. Тошкент маърифатпарварларининг “Турон” жамияти ташаббуси ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари асосида мазкур кутубхонага асос солинган. Ушбу маскан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган.
Ҳозирги кунда кутубхонанинг китоб фонди жуда бой. Ушбу масканда автоматлаштириш кенг йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб кутубхона жамғармасидаги 75 минг нусха ўзбек тилидаги адабиётларнинг электрон каталоги тузилган. Кутубхонага уюштирилган саёҳат давомида талаба-қизларимиз ёзувчи Абдулла Қодирийнинг асарлари ва тарихий қўлёзмалари билан яқиндан танишдилар.
Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозитсиялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» филмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин.
Ўзбек адабиёти тарихида залворли из қолдирган ёзувчининг музейига ташрифдан кўзланган асосий мақсад – талабаларни буюк шахснинг ҳаёт йўли билан яқиндан таништириш ва уларда ватанпарварлик туйгуларини янада юксалтиришдан иборатдир.
Эслатиб ўтамиз бугунги кунга қадар юртимизнинг олтита ҳудудида олти адиб номи билан аталадиган Ижод мактаблари фаолият олиб бораётган эди. 2019-2020 йилдан эса уларнинг сафи яна учтага кўпайди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Огаҳий ҳамда Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаблари очилди. Жорий йилда очилган Ижод мактабларининг 5-, 6-, 7-, 8-синфларига, шунингдек бошқа мактабларнинг 5-синфларига иқтидорли, аълочи, билимдон ўқувчилар ижодий имтиҳон ва тест синовлари асосида қабул қилинди. Ижод мактабларининг ижодий имтиҳонлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тошкент шаҳрида ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ҳужжат топширган 488 нафар ўқувчи орасидан ижодий ва тест имтиҳонлари асосида ҳар бир синфга 30 нафардан жами 120 нафар ўқувчи саралаб олинган.
Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази
кутубхоначиси И.АКМАЛОВА