islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ХОТИРА МАНГУ – ҚАДР МУҚАДДАС

Хотира бор экан, тирикдир миллат,

Тирикдир ифтихор, тирикдир ғурур.

Хотира – элни халқ этгувчи қудрат.

Хотира – эртани ёритгувчи нур.

Хотира ва қадрлаш кенг маънога эга бўлиб, у мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида қаҳрамонларча, ўлкамизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар хотирасига бағишланиш билан бир қаторда у умумхалқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунидир. Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий-умумхалқ байрамидир, бу кунлари кишилар узоқ-яқинда яшовчи яқинлари холидан хабар оладилар, катта ёшлиларни зиёрат қиладилар ва уларга алоҳида иззат кўрсатилади.

Аждодларни хотирлаш ва кексаларни эъзозлаш, улуғ қадрият ҳисобланиб, бу борада мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинаётган дастурларда ёши улуғ, нуронийларга бўлган ҳурмат, эътибор диққат марказидадир.

Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри давомида кўплаб хайрли ишларни қилиб, ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган.

Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинишича Набий алайҳиссалом: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас” деганлар. Бошқа ҳадисда эса: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш, Аллоҳни улуғлашдандир”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривоятлари).

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 10-оятида марҳамат қилиб айтадики:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.

Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-аҳлоқ, бурч, фазилатгина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таоло наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан. Хотира ва кадрлаш деган гаплар бир кунлик анъанага боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир.

Айнан ўтганларни ёдлаш асносида яна бир муҳим иш – инсонни тириклигида, кўзи очиқлигида қадрлаш, эъзозлашдир.

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,

Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,

Уни тиригида бир соат йўқланг,

Юртдошларимиз Хотира ва қадрлаш кунида ўтганлар хотираси ва уларнинг жасоратлари, эзгу ишларини ҳурмат билан ёдга оладилар. Ҳақларига Хатми Қуръон, дуои фотиҳалар қилинади. Биз билан ҳамнафас яшаётган фахрийларимиз, ногирон, боқувчисини йўқотган оилалар ва меҳримизга муҳтож кишиларга иззат-икром кўрсатилиб, уларга моддий ва маънавий кўмак берадилар. Албатта ҳаёти дунёда яшаб, ўзидан яхшиликлар қолдирган, халқнинг хизматида камарбаста бўлиб, фоний дунёдан риҳлат қилган аждодларимизни эслашимиз ҳам барчамизга лозим вазифа ҳисобланади. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларни зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш ҳаммамизнинг инсоний бурчимиздир.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

ТИИ талабаси,

Янгийул тумани “Қирсадақ” жоме масжиди Имом хатиби

446630cookie-checkХОТИРА МАНГУ – ҚАДР МУҚАДДАС

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: