islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЧАҚИРИЛМАГАН МEҲМОН

Бизнинг халқимиз меҳмондорчилик, тўй-ҳашамларни севадиган халқ бўлиб,  ушбу маросимлари яқинлар, ёру-биродарларсиз ўтмайди.

Баъзан бундай зиёфатларга “чақирилмаган меҳмон“ларни ҳам келишига ёки ўзи таклиф қилинган бўлса-да, мезбонни малоллантирган ҳолатда ўзи билан бирга ўзга кимсаларни ҳам олиб келишига ёхуд дастурхонга ёзилган нарсалардан мезбоннинг изнисиз ўзининг яқинлари учун олиб кетишига гувоҳ бўламиз.

Хўш, Ислом динимизда бунга қандай муносабат билдирилади? Албатта, шариатимизда бу масала ҳам эътиборсиз қолмаган ва меҳмондорчиликнинг ҳам ўз тартиб- қоидалари бор бўлиб бу масала борасида оят ва ҳадислар ҳам келтирилган.

Бу масала хусусида М.А.Собунийнинг “Роваюл Баён“ китобларидан қуйидагиларни келтириш мумкин :

“Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг саҳиҳ китобларда Анас ибн Молик (р.а) дан ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ (с.а.в) уйландилар. Шу сабабли онам (Умму Сулайм) “хайса“ деган таом тайёрлади ва бир идишга солиб, менга: “Эй, Анас! Росулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, буни сизга онам юбордилар ва сизга салом йўллаб, бу- оз бўлса ҳам биздан сизга! -деб айт“- дедилар. Мен Росулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳузурларига бориб, “онам сизга салом йўлладилар ва бу биздан сизга, оз бўлсада, эй, Росулуллоҳ!“ -дедим. У зот (с.а.в) менга “буни қўй“-дедилар. Сўнгра менга: “Боргинда, меникига фалончи ва фалончини ва учратган кимсаларингни чақириб кел!“-деб, кишиларни номларини айтдилар. Бас, мен бориб, менга исмини айтганларини ва менга йўлиққан кишиларни чақириб келдим. Мен , “уларнинг сони қанча бўлган эди?“ -деб сўралганимда, уларга “300 киши атрофида“ – деб жавоб берган эдим.

Бас, менга Росулуллоҳ (с.а.в) “Идишни келтир!“ -дедилар. Меҳмонлар кирдилар ҳатто дастурхон ва ҳужралар тўлди. Росулуллоҳ (с.а.в) : “ўнта, ўнта бўлиб киринглар ва ҳар бир киши ўз олдидагини есин! “ – дедилар. Бас, улар едилар ва тўйдилар. Шу сабаб уларнинг бир тоифаси чиқиб кетиб, бошқа тоифаси кирдилар ва барчалари таомландилар. У зот (с.ав) менга: “идишни кўтар!“- дедилар. Идиш (таом олиб келиб) қўйганимда оғир бўлганмиди ёки (ҳозир) кўтарган вақтимда оғирми?, мен билолмадим!

Бир тоифа кишилар Росулуллоҳ (с.а.в)нинг уйларида ўтириб суҳбат қура бошладилар. Бу вақтда Росулуллоҳ(с.ав)нинг (яқинида) у зотнинг аҳли аёллари юзларини девор тарафга буриб ўтирар эди. Бу нарса Росулуллоҳ (с.а.в)га оғир келди, аҳли аёлларига салом бериб ташқарига чиқдилар сўнгра, яна қайтдилар. Кишилар Росулуллоҳ (с.а.в)ни қайтганларини кўргач, улар у зот (с.а.в)га оғирлик қилаётганларини сездилар ва тезда ташқарига чиқиб кетдилар. Росулуллоҳ (с.а.в) уйга кириб пардани туширдилар ва мен бу вақтда уйнинг ичида ўтирар эдим. Бироздан сўнг бизнинг ёнимизга келдилар ва Аллоҳ таоло: “Эй, иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг“ (Аҳзоб сураси, 53) оятини нозил қилди. Бас, Росулуллоҳ (с.а.в) инсонларнинг олдига чиқиб буни ўқиб бердилар.

ЧАҚИРИЛМАГАН ЕРГА ЗИЁФАТГА БОРИШ МУМКИНМИ?

Бировнинг уйига изн сўраб кириш ва унинг таомидан изн берилгандан сўнгра ейиш кераклигига уламолар иттифоқ қилганлар. Ояти карима ҳам Набий (с.а.в) нинг уйларига изн сўраб кириш кераклигига ва текинхўрликнинг ҳаром эканлигига далолат қилади. Текинхўрлик бу- чақирилмаган зиёфатга бормоқликдир. Унинг бажарувчиси “текинхўр“ деб номланади. Хукм барча уйларга тегишли ҳисобланиб, кишининг бегонанинг уйига фақат унинг руҳсати билан кириши ва уй эгасини изнидан сўнггина унинг таомини емоқлиги керак бўлади.

ДАСТУРҲОНГА ЁЗИЛГАН ТАОМЛАРДАН МEЗБОНДАН ИЗН СЎРАМАЙ ОЛИБ КEТИШ МУМКИНМИ?

“Таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг“ (Аҳзоб, 53) ояти меҳмоннинг олдига тортилган таомлар “тамлик“ (эгадорлик қилиш) юзасидан эмас, балки бу ибоҳат (емоқликка изн бериш) юзасидан эканлигига далилдир. Агар мезбон ўзи билан бирга таомни уйига олиб кетишни истаса, бу нарса у учун ҳалол бўлмайди. Чунки, меҳмон мезбон учун таомни уйига олиб кетиши ёки бировга тақдим қилишига эмас, фақат ундан емоқлигига изн берган.

Аллома Қуртубий:“ Бу ояти карима меҳмон ўзининг мулкидан эмас, балки, мезбоннинг мулкидан ейишига далолат қилади“-деганлар.

ЗИЁФАТ ТУГАГАНДАН СЎНГ МEЗБОННИНГ УЙИДА УЗОҚ ЎТИРИШ МУМКИНМИ?

Зиёфат тугагандан сўнг меҳмоннинг тезроқ кетишга чоғланиши мусулмоннинг исломий одобидан саналади. Таом тановул қилиб бўлгандан сўнг ҳам меҳмоннинг уйида ўтириши харом бўлмасада, лекин исломий одобларга зиддир. Чунки, бу уй эгаларига қийинчилик туғдиради. Айниқса, бу кичикроқ уй бўладиган бўлса, лекин уй эгасини ўзи меҳмондан ўтиришини илтимос қилса, ёки инсонларнинг урфида бўлган бироз вақт ўтириш бўлса, бу ёмон иш саналмайди.

3-курс толибаси Мухлиса Махаматхонова

162620cookie-checkЧАҚИРИЛМАГАН МEҲМОН

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: