Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида мўмин кишининг хулқи қандай бўлишини баён қилиб шундай деганлар:
5. “Кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради”. Бу сўзлари билан мўмин киши учун ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсат эканини баён қилганлар. Эътибор берадиган бўлсак, “кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради” дейилди. Бундан кулгуни мутлақо тарк қилиш эмас балки меъёрдан ортиқ кўп кулиш яхши эмаслиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам табассум билан кулганлар, саҳобалари ҳам кулганлар. Бунга қуйидаги ҳадислар мисол бўла олади:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларининг ичи кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот табассум қилар эдилар”. Бухорий ривоят қилган.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ибн Умардан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кулишар эдими”, деб сўрашди. У: “Ҳа, ваҳоланки иймон уларнинг қалбларида тоғлардан ҳам улканроқ эди”, деди. Абдурраззоқ ривоят қилган.
Кулгуни жоиз ва ножоизлигига кўра иккига турга ажратиш мумкин:
1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш.
2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш.
Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат ман қилган. Бирор нарсадан хурсанд бўлган пайтдаги кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни меъёрдан ортиб кетса, қалбни ўлдирадиган кулгу бўлиб қолади.
Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий бу ҳақда қуйидагиларни айтган “Кўп кулгу ва мол дунёга хурсанд бўлиш инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир”.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим