islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх ҳазратларининг Беларусдаги масжидга ва Чеченистон президентларига қандай алоқаси бор?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ташаббуси билан Беларусда масжид қурилганини биласизми? Шайх ҳазратларининг узоқ йиллик айрилиқдан сўнг Ўзбекистонга қайтишларига нима сабаб бўлган? Дунёга машҳур бўлган ўзбек ислом илми уламосининг ҳаёт йўллари ҳақидаги суҳбатнинг навбатдаги қисмини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993–2001 йиллар орасида юрт ташқарисида умр кечирди. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилган эдилар. Ҳазратнинг Ватандан йироқда бўлган йиллари, араб оламининг исломий уламолари билан муносабатлари ва Чеченистон президентлари билан алоқалари ҳақида у кишининг фарзанди Исмоил Муҳаммад Содиқ бизга ҳикоя қилиб берди.

– Шайх ҳазратларининг ҳижратдаги йиллари қандай кечган эди?
– Шайх ҳазратлари хорижда яшаган даврларида кўплаб исломий ташкилотларнинг анжуманларида қатнашганлар. Агар лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Ислом юртларидаги анжуманларда Собиқ Иттифоқ ҳудудидан вакил сифатида қатнашганлар. Собиқ иттифоқ мамлакатлари мусулмонлари муаммоларини ана шу давраларда, йиғинларда кўтаришга ҳаракат қилганлар. Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё ислом олами уюшмасида узоқ йиллар давомида Собиқ иттифоқ бўйича маслаҳатчи лавозимида ва шу ташкилотнинг таъсис мажлиси аъзоси сифатида ҳам хизмат қилганлар. У киши Марказий Осиё ва Собиқ иттифоқ давлатларидаги мусулмонларни араб олами ислом уламолари билан боғлаб турувчи кўприк бўлганлар, десак муболаға бўлмайди.
Ҳозирги кунда турли мусулмонлар ташкилоти раҳбарлари буни эътироф этадилар ва кўп воқеаларни хотирлаб турадилар. Уларни минтақа ислом олимларини боғлаб турувчи кўприк бўлганлар, дейишимизга яна бир сабаб шуки, улар Собиқ иттифоқ даврида мазкур ҳудудда ягона ҳисобланган Имом Бухорий номидаги Ислом институтида узоқ йил мударрис бўлганлар. Кейинчалик мудир ноиби ва мудир бўлиб ҳам иш юритганлар. Шу вақтда Собиқ иттифоқдаги барча мусулмон олимлари мана шу маскандан етишиб чиққан. Тошкентдаги Ислом институтида Татаристон, Бошқирдистон, Кавказ давлатлари, Доғистон каби Собиқ иттифоқдаги мусулмонлар таҳсил олганлар. Шайх ҳазратлари уларнинг айримлари билан устоз-шогирдлик алоқалари бўлган ва айримлари билан бирга ўқиганлар. Шу сабабли ҳам хорижга чиққанларида кўпчиликни танир эдилар. Ўзаро алоқалари кейинчалик ҳам давом этиб турган.
Чеченистон Республикасининг бугунги кундаги Президенти Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад Қодиров билан алоқаларига келсак, юқорида айтиб ўтганимдек, Аҳмад Қодиров Тошкентдаги Ислом институтида ўқиган. У ўқиган вақтларида ҳазратга шогирд ҳисобланган. Аҳмад Қодиров Чеченистоннинг биринчи Президенти бўлган вақтларида ҳам ҳазрат билан алоқалари яхши бўлган ва кўп нарсада Шайх ҳазратлари билан маслаҳатлашиб турар эди. Рамзан Қодиров ҳазратга отасининг устозига, дўстига бўлган муносабатини намоён қилиб, доим алоқада бўлиб турган”.

– Шайх ҳазратларининг Ватанга қайтишларига нима сабаб бўлган? Уларга ортиқ таҳдидлар йўқлигини қандай билган эдилар?
“Шайх ҳазратларини Ватанга қайтишлари сабабини кўпчилик билади. 2000 йилларда Самарқандда ўтаётган пресс-конференцияда адашмасам «Озодлик» ёки «Америка овози» радиоси мухбири амалдаги Биринчи Президент Ислом Каримовга савол берган: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистонга қачон қайтади ёки қайтиб келса бўладими?» деган мазмунда. Ислом Каримов: «У киши келиши мумкин, Шайхнинг қайтишига ҳеч қандай монелик йўқ», дея жавоб берган. Шундан сўнг ҳазрат қайтишга ҳаракат қилганлар. Маслаҳатлар асосида ҳазрат 2000 йил бошида Ўзбекистонга қайтиб келганлар. Бир ҳафта туриб, бир йил ўтгач, бутунлай қайтиб келганлар ва фаолиятларини шу ерда давом эттирганлар.
Шайх ҳазратлари доим Ватанга қайтишни хоҳлаганлар ва доимо Ватаннинг ўйи билан яшаганлар. Ўша вақтдаги бутун ёзган асарларини ўзбек халқининг таълим тарбияси учун келажакда бўлса ҳам шароит бўлганда нашр этилади деб ёзиб борганлар. Улар фақатгина ўзбек тилида ижод қилганлар. Ўзлари хорижда бўлсалар ҳам, фикрлари доим Ўзбекистонда бўлган. Ўзбек халқини исломий илми, таълим-тарбияси учун хизмат қилганлар. Фақат китоб ёзиш эмас, балки ўша вақтларда «Озодлик», «ВВС», «Америка овози» ўзбек ёки рус тилида эшиттиришлар берадиган радиолар орқали долзарб бўлган масалаларда чиқишлар қилиб турганлар. Саудияда истиқомат қилган дамларида Умра ёки Ҳаж учун борган ўзбек ҳамюртлари билан мулоқот қилиб турганлар.
Яқинда бир воқеа бўлди нашриётимизнинг катта муҳаррири Аҳмад Муҳаммад Турсун Шайх ҳазратлари билан хижратда биринчи учрашганларини хотирладилар. Шунда ҳазрат мен билан кўришиб, биринчи сўраган саволлари «Халқнинг аҳволи қандай, мусулмонларнинг аҳволи қандай?», деганларини таажжуб билан эсладилар. Ота-она ва яқинларини эмас, биринчи халқни сўраган эдилар деб хотирлаб айтиб бердилар. Албатта, ота-она ва қариндош-уруғнинг ўз ўрни бор. Ҳазрат улардан доим хабар олиб турганлар лекин, ғамлари халқимиз, мусулмонларимиз бўлган.
Ҳазрат вафот этганларига 5 йилдан ўтди. Бу муддат ичида хорижлик мусулмонларнинг Ўзбекистонга келиши кўпайди. Бугунги кунда зиёрат туризми йўлга қўйилди. Шунинг орқасидан ҳазратни йўқловчилар ҳам зиёратга келишди. Келганлар албатта биз билан кўришади, ҳазратнинг қабрларини зиёрат қилишга ҳаракат қилишади. Ундан ташқари, ўзим ҳам илмий анжуман ва тадбирлар муносабати билан чет эл сафарига чиқиб тураман, сафарлар жараёнида ҳазратни яхши таниганлар билан узоқ дўстона муносабатда бўлганлар билан ҳам кўришамиз. Ҳазратнинг вафотларидан кейин биз ҳам ҳазрат ҳақидаги хотираларни имкон даражасида йиғиб боришга ҳаракат қиламиз. Хотираларни тасвирга олиб бир мунчасини жамлаб ҳам қўйганмиз. Кўп мулоқотларда ҳазратнинг ислом олами билан бўлган хотираларини айтиб беришади. Собиқ иттифоқ ҳудудида ҳозирги кунда диний ташкилотларга раҳбар бўлиб турган инсонлардан турли воқеаларни кўплаб эшитамиз. Яқинда Беларусда катта бир масжид қуриб битказилди. Ана шу масжиднинг пойдевори қўйилишига, бу масжид учун ислом оламидан маблағ олинишида ҳам бевосита ҳазратнинг ўзлари иштирок этганлари ҳақида бугунги кунда Беларусь мусулмонлари бошлиғи Абу Бакр ҳазрат сўзлаб бердилар. Масжид 10 йил ичида қуриб битказилди. Абу Бакр ҳазратлари «Аллоҳ раҳмат қилсин, масжиднинг биринчи пойдевори қурилишига Шайх ҳазратларининг ўзлари сабабчи бўлганлар», деб айтдилар. Бу каби фикрларни биз ҳар бир минтақадаги мусулмонлардан эшитишимиз мумкин. Ҳазрат билан биргаликда узоқ муддат фарзанд, шогирд бўлганлигимизга қарамасдан мана шу воқеалар ҳақида хабаримиз бўлмаган. Чунки ҳазрат кўп нарсаларни бевосита тегишли одам билан ҳал қилиб, бизга гапирмаганлар.

– Шайх ҳазратлари Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганларида биринчи бўлиб Саудия Арабистонига борганлари айтилади. Уларни Саудияда қирол одамлари кутиб олгани ростми?
– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларида биринчи Саудия Арабистонига борган эдилар. Шайх ҳазратларини ўшанда Саудия қироллиги вакиллари кутиб олишга ҳаракат қилгани ҳақида мени маълумотим йўқ. Мени билганим шуки, ўша вақтда Ўзбекистонни қачонлардир ота-боболари тарк этган ва ҳозирда Саудияда авлодлари муқим яшаб қолган ва катта мансабга эга бўлган ўзбеклар кутиб олган. Уларга жойлашишга ҳаёт кечиришга ёрдам қилишган. Ундан ташқари, ҳазрат ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси бўлганлар. Ушбу ташкилот ҳазратга вазифа берган ва уларни Собиқ иттифоқ бўйича маслаҳатчи қилиб сайлаган.

Анора СОДИҚОВА, ЎзА

177052cookie-checkШайх ҳазратларининг Беларусдаги масжидга ва Чеченистон президентларига қандай алоқаси бор?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: