islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-30

Фақиҳлар наздида саҳиҳнинг шартлари

Тўртинчи шарт: Фақиҳлар назарида шозликдан саломат бўлиши

Шуни унутмаслик лозимки, кўпчилик одамлар усулий ва фақиҳларга улар мана шу шарт бўйича муҳаддислардан бошқача йўл тутганлар, дейишади. Аслида иш бундай эмас. Балки усул уламолари ва фақиҳлар муҳаддисларга фақат татбиқда хилоф қиладилар. Бошқача қилиб айтганда, улар шозга таъриф беришда муҳаддислардан фарқли таъриф берадилар. Муҳаддислар берган таърифдаги шоз фақиҳлар ва усул уламолар наздидаги шоз эмас. Масалан, Ибн Дақиқил Ийд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Асҳоби ҳадислар ҳадис саҳиҳ бўлиши учун у шоз ва иллатли бўлмаслигини қўшганлар. Мана шу икки шарт бўйича фақиҳлар мазҳабининг тақозосига қараш лозим. Чунки муҳаддислар у сабабли ҳадисни маълулга чиқарган иллатлардан кўпи фақиҳларнинг қоидалари асосига кўра жорий бўлмаган” .

Ибн Дақиқил Ийд раҳматуллоҳи алайҳ яна айтади: “Фиқҳ ва ҳадис имомларининг ҳар бирини бир-биридан фарқли йўллари бор. Чунки усул ва фиқҳ қоидалари ҳадисни саҳиҳга чиқаришдаги асос ровийнинг адолати ва ўзи қилаётган ривоятига жазм қилмоғини тақозо этади. Буларнинг қараши бўйича ровийнинг ростгўйлиги ва адашмаслигининг эҳтимоли бор жиҳатлари эътиборга олинади. Қачонки шу ҳолат ҳосил бўлса ва ровий ҳато қилмагани жоиз (тарж: яъни, собит) бўлса ҳамда унинг ривояти билан унга тескари бўлган ривоятни қайсидир жиҳатдан бирлаштиришни имкони бўлса, бунинг ҳадиси тарк этилмайди. Аммо аҳли ҳадисларга келсак, улар баъзан ҳадисни адолатли сиқа ровийлардан ривоят қиладилар. Кейин улар иллатни топиб олиб, сўнг бу иллат уларни ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм беришдан тўхтатиб қолади” .

Ибн Ҳассор раҳимаҳуллоҳ қуйидагича зикр қиладилар: “Муҳаддисларнинг ҳадис ривоят қилишдаги йўлларида ўзига хос мақсадлар бор. Улар шу мақсадлари йўлида ниҳоятда эҳтиёткор бўладилар. Фақиҳлар эса бу борада уларга эргашишни лозим тутмаганлар. Масалан, муҳаддислар мавқуф ёки мурсал ривоят қилингани сабабли марфуъ ҳадисни ҳам иллатли қаторига қўшадилар. Шунингдек, муҳаддислар ровий бир ҳадисни ёлғиз ривоят қилганда, ёки унга зиёдалик киритса, ёки ўзидан кўра адолатлироқ ёки ҳофизроқ одамга хилоф қилиб қўйганда ўша ровийга таън билдиришади. Фақиҳлар эса ҳадис усул қоидаларига ёки Қуръони каримдаги бирор оятга мувофиқ келиши туфайли уни саҳиҳ деб биладилар. Шу ҳолат уларни ҳадиснинг санадида каззоб ровий бўлмайдиган бўлса, бу ҳадисни қабул қилишга, унга амал қилишга ва саҳиҳ деб эътиқод қилишга ундайди. Демак, ҳадис Аллоҳнинг китобига мувофиқ келиб, шариат қоидаларига мос бўлса, уни мутлақ саҳиҳ дейишнинг зарари йўқ” .

Аллома Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шариат ўринларини ўрганиб чиқди. Ҳатто ҳузурида усул-қоидалар тўпланди. Шундан сўнг оҳод хабарни ўша қоидаларга солиштирди. Агар хилоф келса, уни шу маънода шоз деб ҳисобга олган” .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

178140cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-30

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: