Ҳанафий улуғларимиз наздида шоззлик
У икки навдир:
Иккинчи нав: Сиқа инсон Қуръонга, мутавотир ҳадисга, ижмога ёҳуд ақлга хилоф келувчи бир масалани ёлғиз ўзи ривоят қилиши: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг кибор шогирдлари гапларида ҳадис Қуръонга тескари келиш даъвоси билан рад этилиши мавжуд. Ҳанафий имомларимиздан гапларидан баъзи иқтибосларни келтирамиз:
Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Дорул ҳарбда яшайдиган киши бир ақд билан бешта аёлга уйланиб, кейин мусулмон бўлиб хотинлари билан дорул исломга кўчиб ўтса, у хотинлари билан ажраштирилади”, деган. Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бизга етиб келишича, у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Хотинларидан хоҳлаганини (олиб қолади)”, деганлар”, деб айтган. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтган бўлсалар, у зот айтганларидек бўлади. Бизга шу масалада Авзоий айтган ҳадис етиб келди. Бу ҳадис наздимизда шозздир. Шозз ҳадис эса олинмайди. Зеро, Аллоҳ таоло тўртта аёлга никоҳланишнигина ҳалол қилган. Ундан кўпи Қуръонда Унинг Ўзи томонидан ҳаром қилинган. Бешинчи хотинми, она ёки сингилми буларнинг бари никоҳи ҳаром эканида тенгдир”, деди” .
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: Шозз ҳадислар қабул қилинмайди. Балки фақиҳлар орасида машҳур ҳамда Китоб ва суннатга мос келувчи ҳадисларгина олинади. У киши Имом Авзоийга хитоб қилиб айтади: “Сиз ҳадисдан жамоат билганини лозим тутинг. Шоззидан сақланинг”.
У киши яна айтади: “Ривоят кўпайиб, зиёдалашиши мумкин. Лекин орасида машҳур бўлмагани, аҳли фиқҳга ҳам номаълуми, Китоб ва суннатга ҳам мувофиқ келмайдигани чиқади. Сиз шозз ҳадисдан сақланинг. Ўзингизга жамоат лозим тутган, фақиҳлар ҳам билган, Китоб ва суннатга мувофиқ келган ҳадисларни маҳкам тутинг. Ҳаммасини шу қоида бўйича бажаринг. Демак, Қуръонга хилоф келган маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилмаган. Агар шу маъно ривоятда келган бўлса, Қуръон ва машҳур суннатни ўзингиз учун йўлбошчи қилиб, шунга эргашинг. Сизга Қуръон ва суннатда очиқ ойдин билинмаган бирор масала келиб қолса, ўша қоида бўйича иш тутинг”.
Яна Абу Юсуф Авзоий раҳимаҳуллоҳга хитоб қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтган бўлсалар, У Зот айтганларидек бўлади. Бизга шу масалада Авзоий айтган ҳадис етиб келди. Бу ҳадис наздимизда шозздир. Шозз ҳадис эса олинмайди” .
Исо ибн Абон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Хосс хабар Қуръоннинг зоҳир маъносидан бирортасини хослаб ёки насх қилиб келолмайди. Балки бунинг учун хабар одамлар орасида машҳур ва ҳамма биладиган бўлиши лозим. …Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ривоят қилиниб, маъносининг зоҳири суннатлар ва ҳукмларни баён қилган, ижмо қилинган суннатга тескари келган, ёҳуд Қуроннинг зоҳиридан қаеригадир хилоф келган бўлиб, унинг юқоридагиларга зид келмасдан таъвил қилса бўладиган маъно ва йўллари топилса, унинг маъноси Қуръоннинг зоҳирига мувофиқ ва суннатларга мос келадиганларининг энг гўзалига йўналтирилади. Агар бундай маъноси бўлмаса, бу ҳадис шозздир” .
Жассос раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бир неча ҳадисларини солиштиргандан сўнг айтади : “Бу ҳадисларнинг барчаси шозз хабарлар ҳисобланиб, фақиҳлар буларнинг зоҳирига хилоф бўлган маънога иттифоқ қилганлар” .
Шу маънога мутаххир уламолар ҳам юриб, Қуръонга зид келгани сабабли ҳадисни рад этишни ўзларининг қоидаларидан бирига айлантирганлар .
Мисоли:
عن الزهري عن عباد بن تميم عن عمه قال:خَرَجَ النَّبِيّ صلى الله عليه وسلم يَسْتَسْقِي فَتَوَجَّهَ إلَى الْقِبْلَةِ يَدْعُو وَحَوَّلَ رِدَاءَهُ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ جَهَرَ فِيهِمَا بِالْقِرَاءَةِ.
Зуҳрийдан, у Аббод ибн Тамимдан, у амакисидан ривоят қилади. Айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истисқо учун чиқдилар, қиблага юзланиб дуо қилдилар ва ридоларини айлантириб олдилар. Сўнгра икки ракат намоз ўқидилар. Бу иккаласида қироатни жаҳрий қилдилар” .
Татбиқ:
عَن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه أَنّ رَجُلاً دَخَلَ الْمَسْجِد يَوْم جُمُعَةٍ مِنْ بَابٍ كَان نَحْو دَار الْقَضَاءِ وَرَسُول اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَائِمٌ يَخْطُبُ فَاسْتَقْبَل رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَائِمًا ثُمّ قَال: يَا رَسُولَ اللَّهِ هَلَكَتِ الأَمْوَالُ وَانْقَطَعَتِ السُّبُلُ فَادْعُ اللَّهَ تَعَالَى يُغِثْنَا قَال: فَرَفَعَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَدَيْه ثُمّ قَالَ :اللَّهُمَّ أَغِثْنَا اللَّهُمَّ أَغِثْنَا اللَّهُمَّ أَغِثْنَا
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши жума куни Дорул қазо тарафида бўлган эшикдан масжидга кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган ҳолда хутба қилардилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тик туриб, юзланиб, сўнгра деди: “Ё Аллоҳнинг расули, моллар ҳалок бўлди. Йўллар кесилди. Аллоҳга дуо қилинг. Бизга ёмғир ёғдирсин”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтардилар, сўнгра: “Ё Аллоҳ, бизга ёмғир ёғдир, Ё Аллоҳ, бизга ёмғир ёғдир, Ё Аллоҳ, бизга ёмғир ёғдир”, дедилар .
Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ деди: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у киши чиқиб дуо қилганлари етиб келган. Яна Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан у киши минбарга кўтарилиб дуо қилиб, истисқо қилганлари етиб келган. Бу масалада намоз ўқиганлари бўйича фақат биргина шозз ҳадис етган, у қабул қилинмайди” .
Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳи деди: “Бу ҳадиснинг шоззлик кўриниши: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишлари собит бўлганида, бу ҳадиснинг ривоятлари ниҳоятда машҳур бўлиб кетарди. Ҳазрати Умар ҳам истисқо пайтида шундай қиларди. Агар қилмаганида саҳобалар унга эътироз билдирган бўлардилар. Зеро ҳазрати Умар истисқо қилган вақтларида, у кишининг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан истисқога чиққан ҳамма саҳобалар бор эди. Шундай бўлсада, Умар розияллоҳу анҳу намоз ўқимаганини инкор этмадилар.
Намоз ўқиб истисқо қилинганлик ҳақидаги ривоят биринчи асрда машҳур бўлмаган. Балки у Ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳумолардан суратида музтариб шаклда ривоят қилинган. Хос-омм, катта-кичик йиғилиб, ҳозир бўлиб турган ҳодисада Ибн Аббос ва Анас розияллоҳу анҳуларнинг юқоридагидек ривоят қилишлари шозз ҳисобланади” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов