islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фарзанд тарбиясининг муҳимлиги

Фарзанд-бу инсонларга берилган ҳушҳабардир.Қуръони Каримда: «Эй Закариё, биз сенга бир фарзанд ҳушҳабарини берурмиз» дея марҳамат қилган.

Улар кўз қувончимиздир: «Раҳмоннинг суюкли бандалари: «Парвардигоро, ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир».

Улар муҳаббат,  меҳр ва раҳматдирлар: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир»

Тафсир олимлари оятдаги меҳр-муҳаббатни “фарзанд” деганлар.

Улар бу дунё ҳаётининг безагидир: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир»

Шу билан бирга улар бизларга омонатдир, унинг эгаси эса Аллоҳ таолодир.Бола ота-она қўлидаги омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок,нима нақш солинса қабул қилади,нимага мойил қилинса мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса,унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ва одоб, таълим-тарбия берганларнинг барчаси савобда шерик бўлади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади[1]”.

”Эй мўминлар! Сизлар ўзларингизни ва аҳли оилангизни ўтини одамлар ва тошлардан бўлган дўзаҳ оловидан асрангиз!” Бундан маълум бўладики биз қиёматда улар ҳақида сўраламиз. Чунки улар соф фитратда бўладилар,зеро ҳадиси шарифда: “Ҳар бир фарзанд аслида исломий фитрат билан туғилади, сўнгра ота-оналарининг таъсири билан яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб етишади”. Ушбу омонатни эса фақат гўзал тарбия билангина адо қила оламиз. Зотан, ота-онанинг фарзандлар олдидаги масъулиятларидан бири ҳам уларнинг соф ўғил бола ёки соф қиз болалик табиатларини нафақат сақлаб қолиш, балки ривожлантиришлари ҳам кераклигидир. Аксинча, уларнинг барча та’лим ва тарбиялари каби ўғил-у қизларига эътибор бермаса, шунга яраша муомала ва муносабатда бўлмаса, омонатга хиёнат қилган бўлади.

Хиёнаткорлик эса қанчалик катта гуноҳ эканлиги ҳаммамизга маълум. Хоссатан, Аллоҳ таоло соф табиат ила берган ўғил-қизларга тўғри тарбия бермаслик билан хиёнат қилиш ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Шу дунёнинг ўзида ҳам фарзандлари туфайли юзи қаро бўлиб, халқ ичида бош кўтара олмай қолади. Охиратда эса қандай уқубатларга қолиши ма’лумдир[2].

Фарзанд неъмати Аллоҳ таоло берган неъматларнинг энг улуғларидан биридир. Катта-кичик неъмат етганда неъмат берубчига шукр келтириш вожиб бўлади[3].

Шукр 2 хил бўлади:

Биринчиси: маънавий шукр бўлиб, неъмат берувчининг шаънига мақтов сўзларни айтишдир, фарзанд неъматига маънавий шукр қилиш-Аллоҳ таолога ҳамд айтиш билан бўлади.

Иккинчиси: амалий шукр бўлиб,неъматни неъмат берувчини рози қиладиган тарзда тасарруф этишдир.Фарзанд неъматига амалий шукр эса фазандни Аллоҳ таолога иймон келтирадиган солиҳ банда қилиб ўстириш билан бўлади.

Ота-онанинг вазифаларидан асосийси уни соғлом бола қилиб вояга етказишдир. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг ҳам руҳий-маънавий жиҳатдан соғлом,баркамол бўлиши учун жисмоний жиҳатдан чиниққан,бақувват, турли касаллик ва иллатлардан соғ-саломат бўлиб улғайиши учун ҳаракат қилмоғи лозим.

«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур…» (Шуро сураси, 49-50-оятлар).

Ояти каримага эътибор берадиган бўлсак, унда Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига қиз ва хоҳлаган бандасига ўғил ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб беришини айтяпти. Албатта, фарзандларнинг ўғил-қиз ёки уларнинг жуфт қилиб берилишида ҳикматлар кўп. Шулардан бири ўғил болани ҳақиқий ўғил бола қилиб тарбиялаш, қиз болани эса ҳақиқий қиз бола қилиб тарбиялаш керак эканлигига ҳам ишора бор.

Шунинг учун ҳам шариатимизда ўғил болаларни ўзига хос бўлган таълим ва тарбия билан парвариш қилиб, келажакда бир оиланинг раҳбари, юртининг қўриқчиси бўлишига сабабчи бўлиш, қиз болаларни эса ўзига хос бўлган таълим ва тарбия билан парвариш қилиб, келажакда бир уйнинг бекаси, хонадоннинг баракаси бўлишига сабабчи бўлиш керак. Бунинг учун эса барча кўрсатмалар мавжуддир. Яъни, Аллоҳ таоло инсонни икки жинс соҳиблари – эркак ва аёл қилиб яратар экан, уларнинг ҳар бирини ўзига хос биологик ҳамда психологик жиҳатлар билан фарқли қилиб қўйган. Зоҳиран қараганда, эркак билан аёл умуминсонийликда бир хилдир. Лекин ўзига хос бўлган хусусиятларда эса иккаласи икки оламдир. Масалан, эркакларнинг бутун жисми, руҳонияти, ҳис-туйғулари, феъл-атворлари, юриш-туришлари, муомала-муносабатлари, энг кичик ҳужайраларидан тортиб, асаб толаларигача – ҳамма-ҳаммаси аёлларникидан тубдан фарқ қилади. Ҳаттоки, уларнинг тирноқларида ҳам бир-биридан фарқ бордир.

Эркакларда фазилат бўлган баъзи бир сифатлар аёллар учун нуқсон сифат ёки иллат бўлиши мумкин. Масалан, эркакларнинг муомаладаги бир оз қўпол ва дағалликлари, жисмонан бақувват, руҳан тетик бўлиши, ба’зи бир ҳодисаларга совуққонлик билан қарашлари, товушлари ва гапириш оҳангларининг йўғон ҳамда қат’ийлиги, бирор муаммони ҳал қилишда шошмасдан кўп ўйлаб, фикрлашлари ва ҳоказолар аёллар учун иллатдир. Аксинча, аёллардаги муомалада ўта мулойим бўлиш, жисмонан латиф, руҳан нозик бўлиш, атрофда бўлаётган ҳодисаларга сергаклик ва қизиқувчанлик билан қараш, товуш ва гапириш оҳанглари ингичка ҳамда ёқимли бўлиши, бирор муаммони ҳал қилишда кўпроқ ақлга эмас, балки ҳиссиётга берилиш ва ҳоказолар эркаклар учун ноқислигу иллатдир. Шунинг учун ҳам шариатимизда болаларнинг ёшлик чоғлариданоқ ўғил ёки қизлигига қараб, тарбиясига алоҳида э’тибор бериш тавсия қилинади.

Тарбия –арабча “робба” феълидан олинган бўлиб,”ўстирди”, “зиёда қилди”,”риоясига олди”,”раҳбарлик қиди” ва “ислоҳ қилди” каби маъноларни билдиради.

Тарбия сўзига турли хил таърифлар берилган бо либ,улардан бири Роғиб Исфаҳонийнинг таърифини келтириб ўтсак: “Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб,батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат орқали ўстиришдир”.

Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади:Набий с.а.в: “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат ила туғилади. Бас ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади.Бу ҳудди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди.Сиз унда қулоқ-бурнини кесилганини ҳис қилганмисиз, дедилар.

Сўнгра  Абу Ҳурайра р.а: “Агар ҳоҳласангиз бу Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Мана шу тўғри диндир” деган оятини ўқинг дерди.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни соф табиатда яратсада кейинчалик уларнинг софлигига ота-онасининг тарбияси сабабидан путур етиши ҳақида сўз кетмоқда. Фитрат-соф табиат бўлиб,динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир.

Тарбия динимизда вожиб амал деб эълон қилинган. Биз энг кўп ишлатадиган тарбия, мураббий сўзлари Аллоҳнинг «Роб» исми билан битта ўзакдан олингани тарбиячилар мас’улиятини оширса керак деб ўйлайман. Демак, бу енгил иш эмас. Тарбия – фақат таъсир, тартиб ёки назорат, тафтиш эмас, у илоҳий нарса[4].

“Оламларнинг Роббисига ҳамд бўлсин”. Бу оятда Аллоҳ Роб исмини келтирган. «Роббил аъламийн» – бутун оламларнинг мураббийси дегани. Агар Аллоҳ мураббийлиги, я’ни назорати, кузатувини бир лаҳза тўхтатса, оламлар издан чиқиб кетади.Агар мураббий ёки ота-она фарзандига бир лаҳза э’тиборсиз бўлса, фарзандлар тарбияси бузилиб кетади. Расули акрам соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки:”ҳар бир туғиладиган бола фитратда туғилади, я’ни ҳар бир чақалоқ покиза бўлади”, у оқ қоғоз кабидир.

Бу ҳадисни муҳаддисларимиз ота-она бобида келтирмасдан тақдир бобида келтирганлари тарбиянинг тақдирга боғлиқлигини билдиради. Тарбияга кеч қолинмаса бўлгани. Тарбия босқичларининг энг аҳамиятлиси гўдаклик пайтидан бошланади. Бунинг боиси ёш қанчалик кичик бўлса у шунчалик фитратга яқин бўлади.Зеро  Аллоҳ таоло ”Бу фитрат Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир”(Рум 30) дея марҳамат қилган[5].

Ота-она  фарзандлар тарбиясига бепарволик қилган бўлсалар, фарзандлар ҳар турли гуноҳларга юз бурган, турли ёмонликлар ва жиноятлардан ҳам тап тотмайдиган ахлоқсиз инсонлар бўлиб қолишади.Ота-оналар бу давргача болалари қалбига буюк иймон-эътиқод туйғусини сингдирган бўлсалар, фарзандлар бу даврда ўзларини ўнглаб олган, ҳар турли нафс балоларидан юз бура олувчи, ҳайрли ишларга бош бўладиган солиҳ ва комил инсонлар бўлиб етишадилар. Фарзанд бу даврда ҳар масала хусусида ота-она маслаҳатига муҳтож бўлади.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яҳши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди”еб марҳамат қилганлар[6].

Тарбия қанчалик кечикса шунчалик тарбия ўринлари бўш қолади. Бир ривоятда келтирилишича: Ота-она бир авлиёнинг олдига фарзандини тарбиялаб бериши учун олиб боради. Авлиё бола қанчалик эканини сўраганида 3 кунлик деб жавоб беришади.Шунда авлиё улар 3 кунга кеч қолганларини айтади.

Шу ўринда “Соғлом бола” китобидан парча келтириб ўтмоқчиман:

1.Тарбиянинг биринчи қисми болага одоб ўргатишдир.

Одоб – араб тилида “адаб” сўзи бўлиб аслида “маъдаба”дан олингандир.Маъдаба-одамлар даъват қилинган зиёфатдир.Одам ҳам доимо даъват қилинадиган маънавий маъдаба зиёфат бўлганлиги учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад “Китобул Воҳий” номли асарида: “Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган.Одобни аввало Ислом дини бошлаб берган десак муболаға бўлмайди.Чунки Исломда ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор.

Аввало ота-она одобда фарзандларига ўрнак бўлишлари лозим. Абдуллоҳ ибн Омир р.а.дан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ с.а.в уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб”: “Бери кел,бир нарса бераман” деди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в унга: “Нима бермоқчисан” дедилар. “Мен унга ҳурмо бермоқчи эдим” деди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в унга: “Аммо агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди” дедилар.

Одатда оналар фарзандлари гапларига кирмаса ёлғон билан чақириб олиб жазолашади, бу билан бола тарбиясини бузишади.Бола ота-онасига тақлид қилиб ўрнак олади. Бола алданганини кўргач мен ҳам шундай қилсам бўларкан деб ўша ишни қила бошлайди.Шунинг учун ҳам ота-она доимо яхши нарсаларда ўрнак , ёмон нарсалардан йироқ бўлишлари лозим.

Ота-она болаларга қунт билан одобларни бермоғи лозим. Зеро ота-она бундан ортиқ қимматли нарсани фарзандига беролмайди.Саид ибн Ос р.а дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в: Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатидшдан ортиқ ҳадя қила олмайди дедилар.

Боланинг қалби покиза гавҳар каби бўлади. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади.Агар ота-она уни яҳшиликка ўргатса бола ўшандай ўсади,унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади,бунинг аксида ҳам шундай.

Бунга бир мисол тариқасида бир қисса келтирамиз:

Саҳл ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади: Чамаси уч ёшли бола эдим. Кечаси уйғониб тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солиб турар эдим. Бир куни тоғам менга: “Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми”, деди.

”Уни қандай зикр қиламан”, дедим.

”Тилингни қимирлатмасдан қалбингда 3 марта” Аллоҳ мен билан, Аллоҳ менга назар солиб турибди, Аллоҳ менинг гувоҳим”, дегин”, деди.

Мен у сўзларни бир неча кеча айтдим ва тоғамга ҳабарини бердим.

У менга: “Энди уларни 11 марттадан ҳар кечада айтгин”, деди. Мен уни ҳам қилдим. Бир муддатдан сўнг қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Бир муддат ўтгач, тоғам менга:

”Мен сенга ўргатган нарсани ёдлаб олгинда, то қабрга киргунинггача уни давом эттир”деди.

Мен у ишни йиллар давомида қилиб юрдим.Уларнинг ҳаловатини қалбимда топдим.Сўнгра тоғам менга: Эй Саҳл! Аллоҳ у билан бирга бўлган,унга назар солиб турган,унинг устида гувоҳ бўлган одам у зотга осий бўладими? Маъсиятдан ҳазир бўл!” деди.

Кейин мактабга бориб,олти-етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. Сўнг нафл рўза кўп тутадиган бўлдим. Ейдиган ноним арпа нони бўлди. Ундан кейин кечалари бедор бўлиб , ибодатла ўтказадиган бўлдим.

Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу қисса боланинг тарбиясига хусусан руҳий тарбиясига кичиклигидан аҳамият бериш унинг яхши одам бўлиб етишишида қанчалар муҳим бўлганини яққол кўрсатиб турибди.

2.Тарбиянинг иккинчи қисми таълим беришдир.

“Таълим” арабча “аллама” феълидан олинган масдар бўлиб,бир нарсаннинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса воқеликда қандай бўлса ишонч ила ўшандоқ идрок қилишдир. Илм ўрганиш эса ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, дедилар.

“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”.

Фарзандларига таълим бериш оила бошлиғининг бурчи эканини оят далолат қилди.Юқоридаги оятнинг маъноси борасида Али р.а: Уларга таълим беринглар ва уларга одоб беринглар”, деганлар.

Фақиҳлар:Кичкина болалар балоғатга етганларида уларга ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчилар зарур бўлган илмларни ўргатиши лозим.

3.Тарбиянинг учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир.

Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш, касаллардан сақланиш учун бадантарбия қанчалик муҳим эканини ҳамма тушуниб етди.Ота-она фарзанди учун муносиб бўлган спорт турига ўргатса фойдадан ҳоли бўлмайди.

Бола соғлом бўлиши учун хулқий,ақлий,жисмоний соғлом бўлишини ота-она билиши ва буларни фарзандига ўргатиши ҳамда фарзанд тарбияси уларнинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчлари эканини билиши ва бунда ўта эҳтиёткор бўлишини билишса айни муддао!

ТИИ 4-курс талабаси Арипжанова Муҳсина

[1] Abu Homid G`azzoliy “Ihyau ulumud din”

[2] “Go`zal tarbiyadan yaxshiroq meros yo`q” – kun.uz Rahmatulloh Sayfuddinov 2020

[3] “Sog`lom bola”Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf-2014

[4] “Sog`lom bola”Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf-2014

[5] “Go`zal tarbiyadan yaxshiroq meros yo`q” – kun.uz Rahmatulloh Sayfuddinov 2020

[6] “Ota-onalarga maslahatlar”kitobi.

226460cookie-checkФарзанд тарбиясининг муҳимлиги

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: