Суннат Ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Сабаби у Аллоҳ таолонинг охирги мукаммал динини ўз ҳаётида тўлиқ тадбиқ этиб кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.
Қуръони каримнинг тафсирини ҳам Суннатдан ўрганамиз. Боиси Қуръониннг биринчи ва бош тафсирчиси Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар.
Суннат эса айнан ҳадис китобларида жамлангандир. Ҳадислар Ислом асосларини, унинг инсонпарварлик моҳиятини, маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий омилларнинг инсон ҳаётидаги ўрнини теранроқ англашга хизмат қилади.
Ҳадис илми билан шуғулланувчи олим “муҳаддис” дейилади. Демак, муҳаддислик дунёдаги энг азиз ва мўътабар амаллардан.
Аввалига саҳобаи киромлар ҳадисларни ёдда сақлашга ҳаракат қилар эдилар. Пайғамбаримиз вафотларидан сўнг, ҳадисларни нақл қилиш одат тусига кирди. Шу муносабат билан, бир гуруҳ муҳаддислар уни ёзма шаклда тўплай бошлашди. Биринчи ҳадис китобини Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ таълиф этди. Ундан сўнг, бирин-кетин ҳадис тўпламлари тасниф этила бошлади. Ушбу муборак амалда пешқадам бўлган Мовароуннаҳрлик Имом Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож, Ибн Можа, Ийсо ибн Термизий ва Имом Доримий каби муҳаддислар, ҳадис оламида катта ишларни амалга оширишди.
Мазкур муҳаддисларниг давомчиларидан бири Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон илмий меросни сақлашда ва ҳадисшунослик соҳасида янги қирраларни кашф этилишида хизмат қилди.
Аллома ҳофиз Абу Хотим Муҳаммад – Ибн Ҳиббон исми билан машҳурдир. Ҳижрий 273 (милодий 886) йилда, Афғонистиннинг Буст (ҳозирги Аскаргоҳ) номли қадимий шаҳрида туғилган. «Тамим» номли араб қабиласига мансуб.
Ибн Ҳиббон умрининг йигирма йилини илм талаб қилиш билан ўтказди. Ҳусайн ибн Идрис Ҳаровий, Абу Жаъфар Тустарий, Имом Насоий, Имрон ибн Мусо, Абу Яъло Мавсилий, Хасан ибн Суфён, ибн Ҳузйма, Саррож каби уламолардан, шунингдек, Ҳуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом, Миср, Жазира (араб жазираси ) ва бошқа шаҳарлардаги жуда кўплаб улмолардан ҳадис илмини таълим олди. Олим китобларининг муқаддимасида: “Исбижобдан Искандариягача бўлган ҳудудда мингдан ошиқ шайхдан ҳадис ёздим”, деган.
Бу зотдан Ибн Мандаҳ, Ҳоким Найсабурий, Абу Муоз Абдурроҳман ибн Муҳаммад Сахтиёний, Абу Ҳасан Муҳаммд ибн Аҳмад ибн Ҳорун Завзаний, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мансур Навконий ва бошқа таниқли муҳаддислар ҳадис ривоят қилишди.
Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг нафақат ҳадис ва фиқҳ илми билан, балки луғат (эндиклопедия), калом, тиб ва фалакиёт илмлари билан ҳам шуғуллангани манбаларда келган.
Буюк муҳаддис ҳижрий 354 йил (милодий 965 йил) Шаввол ойнинг жума кечасида, Сижистоннинг Буст шаҳрида 81 ёшдан ошиб вафот этди.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад: «Ибн Ҳиббон Самарқандда замонасининг қозиси, динда фақиҳ, ҳадислар ҳофизи, тиббиёт, фалакиёт илмида олим эди», деган. Абу Саид Идрисий айтади: «Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон фиқҳ, луғат, ҳадис ваъз, оқил рижоллар бойича илм томири эди. Найсабурга икки марта келди. Сўнг Наса (шаҳри)га қози этиб тайилланди. Кейин Найсабурга иккинчи бор келди ва у ерда хонақоҳ қурди. Ўзи тўплаган таснифотларининг барчаси унга ўқиб берилди». Ҳоким Найсабурий: «У сиқо (ишончли), аслзода, фаҳму фаросати жуда кенг инсон эди», деб айтган. Хатиб Бағдодий: «Абу Ҳотим асрининг имоми, Шош ва Искандария орасида (илм талабида) кезган эди», деган.
Хулоса қилиб айтганда, бу заминда яшаб ўтган машҳур муҳаддислар, уламолар, ва уларнинг ҳаёт йўли, қолдирган илмий мерослари, бизнинг келажак авлодларимизга катта ҳаёт йўли вазифасини ўтайди. Шу қаторда, Ибн Ҳиббоннинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси жуда катта бўлди. Олимнинг илмий мероси ҳозиргача ўрганилиб келинмоқда. «Саҳиҳ ибн Ҳиббон» асарининг қўл ёзма нусхалари дунё кутубхоналарида сақланиб келинмоқда. «Саҳиҳ ибн Ҳиббон» га жуда кўп шарҳлар ёзилган.
4-курс талабаси Абдуллаева Фотима
Фойдаланилган адабиётлар:
1)Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон. Муҳаммад Али Сўнмаз ва Холисой Демир тадқиқи. «Дору Ибн Ҳазм» нашриёти. 2012. Байрут.
2) Тарихи Боғдод 5/132, Сияру аъламун нубало 14/152.
3) Сияру аъламун нубало 14/174 , Тазкиратул ҳуффоз 2/707
4)Web-sayt. https://uz.m.wikipedia.org/wiki/Hadis
5)https://uz.m.wikipedia.org/wiki/Muhaddis