Юртимиз қадимдан маданият ўчоғларидан бири бўлиб келган. Ислом кириб келиб, туб аҳоли мусулмон бўлгач, Ислом илмлари ривожланишида Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан олимлар ўзига хос ва салмоқли ўрин тутди.
Ал-Азҳар дорилфунуни собиқ шайхи – Шайх Саййид Тантовийнинг сўзларига кўра, Мовароуннаҳр уламолари бутун дунёдаги уламоларнинг 49 % ини ташкил этади. Демак, аждодларимиз барча соҳаларда шундай самарали ижод қилганларки, дунё мусулмонлари ҳозиргача буни эътироф этиб келмоқда.
Олимларга ҳомийлик қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳам аждодларимизга хос фазилатдир. Амир Темурнинг Саййид Шариф Жузжоний, Саъдуддин Тафтазоний, Имом Муҳаммад Жазарий каби олимларга саройдан жой бериб, илм тарқатишларига катта шароит яратиб бергани, Алишер Навоийнинг таклифи билан Ҳусайн Бойқаро ҳомийлигида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Тафсири Ҳусайний”ни ёзиши ҳам илм-маърифатга бўлган юксак эътиборнинг намунасидир.
XIII асрда Хоразм салтанатининг Чингизхон қўшини томонидан босиб олиниши ўзбек халқи тарихининг энг фожиали саҳифаларидан биридир. Аждодларимиз ўша мудҳиш даврда беомон қирғинлар, мислсиз вайронагарчиликларни бошдан ўтказган бўлса-да, шундай оғир шароитда ҳам инсон ақлини лол қолдирадиган асарлар яратган. Бундай буюк маънавий обидалар орасида энг муаззами, шак-шубҳасиз, XIII–XIV асрларда яшаган Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг бизгача етиб келган ягона битиги – «Қисаси Рабғузий»дир.
Асар муқаддимасида муаллиф ўзининг насл-насаби ва асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида қисқача маълумот беради, «…бу китобни тузган, тоат йўлинда тизган, маъсият ёбонин кезган, оз озуқлуғ, кўп ёзуқлуғ Работ ўғузининг қозиси Бурҳон ўғли Носируддин» эканини маълум қилади. Демак, қозизода адиб Работўғуз деган манзилда таваллуд топган ва туркий ўғуз қавмига мансуб бўлган. Номини тарихга муҳрлаб кетган мазкур асарни ёзиш истаги унда ҳижрий 650, милодий 1250 йилларда пайдо бўлади. Лекин ижодий ниятни рўёбга чиқариш ярим асрдан зиёд ортга сурилиб кетади.
Хуллас, Работўғузнинг янги беги Тўқбуға Ислом динини қабул қилади ва устози Носируддин кунятини олиб, Қуръон тиловатига ихлос қўяди. «Қисаси Рабғузий» унинг илтимосига кўра, бир йиллик тинимсиз меҳнат маҳсули ўлароқ ҳижрий 710, милодий 1309 йилда ёзилиб, алоҳида бағишлов билан бекка тортиқ этилади.
Асосан пайғамбарлар ҳаётини ҳикоя қилувчи бу асарнинг ўзига хос яратилиш тарихи бор. Мусулмон Шарқида бу мавзуда “Қисас ул-анбиё” (“Пайғамбарлар қиссаси”) номи билан машҳур кўплаб асарлар яратилган. Лекин, асарда ёзилишича, уларнинг “баьзиси мустақим (тўғри, ҳақиқий) бор, баьзиси номустақим. Бир ончаси (бир қанчаси) муқаррар (пухта, тугал) ва бир ончаси мубаттар (нотугал) бор. Шунинг учун ҳам бек Тўқбўға адибдан “ўқимоқға кераклик, ўрганмакка яроғлиқ” пайғамбарлар қиссаларидан иборат асар ёзиб беришини сўраган эди. Мазкур вазифани улкан салоҳият, катта маҳорат билан уддалаган адибнинг асари “Қисаси Рабғузий” ёки “Қисас ул-анбиёи туркий” номи билан шуҳрат топди ва яратилгандан то бугунги кунгача севилиб ўқиб келинмоқда.
“Қисаси Рабғузий” – туркий насрнинг энг қадимий намуналаридан биридир. Унда XIII аср охири – XIV аср бошларидаги туркий адабиётнинг бир қатор ўзига хос хусусиятлари жуда ёрқин намоён бўлган. Пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар Рабғузийнинг олам ва одам ҳақидаги қарашларини бадиий жиҳатдан ифодалаш учун восита бўлган. Қиссалар асосини тарихий-илоҳий воқеалар ташкил этади. Оламдаги бутун мавжудод эгаси Оллоҳни улуғлаш, пайғамбарлар ҳаётига доир лавҳаларни эслаш, ота-она ва фарзанд муносабатлари, севги ва садоқат, ватан ва ватанпарварлик, эрк ва адолат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, уруш ва тинчлик каби мавзулар шулар жумласидандир. Булар асардаги етмиш икки қиссада ўз ифодасини топган. Бу қиссаларни ҳажми турлича. Масалан, “Қиссаи Юсуф” салкам юз саҳифани ташкил қилса, “Лут” ҳақидаги қисса бир неча саҳифадангина иборат.
Қиссаларнинг кўпи қаҳрамон ҳақидаги муайян хабар билан бошланади, сўнг шеьрий мадҳ, кейин асосий воқеалар баёни келади[1]. Баьзи қиссалар ичида яна мустақил ҳикоя, ривоят ва нақллар ҳам бор. Масалан, Юсуф қиссасида бир неча ҳикоя, латифа, байт, ғазал ва бошқа жанр намуналари учрайди. Аммо улар асарда олға сурилган асосий ғоявий-бадиий мақсад билан яхлитликни ташкил этади.
Ҳалоллик, ўз меҳнати билан ҳалол кун кўришга, бошқаларга зулм қилмасликка ундаш Рабғузийнинг ҳикояларининг асосий мақсадидир. Ўзбек насрида илк маротаба диалоглар Рабғузий томонидан кенг қўлланган. Ана шу диалоглар воситасида асосий ғоявий мақсад ёрқин ва таьсирчан ифодаланган. Тилга эьтибор бериш, ҳар бир айтиладиган сўз маьсулиятини таькидлаш, ҳикоядаги асосий ғоявий-бадиий ниятдир. Бу ерда донолик, ҳозиржавоблик ҳам улуғланган.
Ҳикояларда халқ оғзаки ижодининг таьсири ҳам ёрқин сезилади. Хусусан, латифа жанрига хос белгилар ҳикояга кўчиб ўтган. Суҳбатнинг диолог асосида олиб борилиши, соддалик, донишмандлик, топқирлик, ҳозиржавоблик фазилатларининг устуворлиги, ифодаларнинг қисқа, аниқ, лўндалиги, оғзаки ижоддан таьсирланиш натижасидир.
Рабғузий бу ижод маҳсули мазкур мавзу аньанасидаги ўзига хос босқич бўлди. Биринчидан, адиб ўзигача яратилган пайғамбарлар ҳақидаги қиссаларни пухта ўрганди, уларнинг ютуқларини умумлаштирди, ривожлантирди. Иккинчидан, салафлари йўл қўйган камчиликларни тузатди, хато ва чалкашликларга барҳам берди. Учинчидан, олдинлари набийлар ҳақидаги қиссалар араб ва форс тилларида ёзилган бўлса, Рабғузийнинг туркий тилда битилган қиссалари туркий халқларнинг бебаҳо маьнавий мулкига айланди[2].
Носируддин Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий» асари адабиётимиз тарихидаги бадиий насрнинг илк ва нодир намунаси ҳисобланади. Бу асар пайғамбарлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ибратли қиссаларга бағишланганлиги билан қимматлидир. Мазкур ёдгорлик мавзу нуқтаи назаридан бошқа шу силсиладаги асарлардан фарқ қилади. Унда адиб диний сюжет, воқеа-ҳодисаларни айнан келтирмай, уларни ўз ижодий нияти, ижтимоий-маърифий идеали билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тасвирлаб, фольклор намуналари билан бойитади. “Қисаси Рабғузий” тузилиши жиҳатидан ҳам, мазмуни, ғоявий йўналиши, образлар тизими, бадиий нафосати, турли адабий жанрлар, поэтик унсурларнинг қоришиб келиши нуқтаи назаридан ҳам ўзига хос манбадир. Асарда инсон умри, жамият тақдири ва уларнинг бир-бири билан узвий боғлиқлиги ҳаётий воқеалар тасвири ёрдамида очиб берилади. Шу сабабли бу асарни соф диний асар сирасига киритиб бўлмайди. Ундаги айрим ҳикоятлар саҳиҳ бўлса, айримлари ўша даврда халқ орасида тарқалган ижод маҳсулидир.
Асарда пайғамбарлар тарихи Одам алайҳиссалом қиссасидан бошланиб, унинг атрофидаги оламнинг яратилиши, Қобил ва Ҳобил қиссаси баён этилган. Нуҳ алайҳиссалом, тўфон қиссаси, Юнус алайҳиссаломнинг наҳанг қорнида қолиб кетиши, Довуд алайҳиссалом билан Сулаймон алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом қиссасида Қорун, Фиръавн ҳақида маълумотлар, Иброҳим алайҳиссалом, унинг авлодлари, Ийсо алайҳиссалом қиссалари батафсил ёритилган.
“Қисаси Рабғузий”нинг деярли ярми Саодат асри тарихига бағишланган. Унда Фил воқеасидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ҳақида сўз юритилади.
Муаллиф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари қиссасини “Қиссаи валодати Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб номланган мавзуда баён қилган.
Унда аввал наът, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаби шарифларини келтиради[3].
Сўнг у зот алайҳиссаломнинг вояга етиб, пайғамбар бўлишлари, Мадинага ҳижрат қилишлари, вафотлари баён қилинган. Ундан сўнг халифалар тарихига ҳам кенг ўрин берилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Қисаси Рабғузий” пайғамбарлар тарихига бағишлаган туркий тилда ёзилган дастлабки асар бўлиб, аксар маълумотлари саҳиҳ ҳадислар ва тарих китобларидаги маълумотларга мос келади. Баъзи ўринларида эса ноаниқ маълумотлар, исроилийёт (яҳудий ва насронийлар хабарлари) ҳам киритиб юборилган. Умуман олганда, китобдан бошқа ишончли асарлар билан солиштирган ҳолда манба сифатида фойдаланиш мумкин.
[1] Носируддин Рабғузий. Қисас ал-анбиё (Мулло Салоҳиддин ибн Мулло Шарафуддин нашри ва таржимаси). – Қозон: Матбаа Каримийя. 1914. – Б. 3–4.
[2] http://xorazmiy.uz/uz/pages/view/516
[3] Қаранг: Носируддин Бурҳонуддин Рабғузий “Қисаси Рабғузий”. – Ж: 2. Т.: “Ёзувчи”. 1990. – Б. 100–103.