islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломофобия ёҳуд Қуръондан жавоб топган исломофоб

Исломофобия Ислом қиёфасини бузиш учун мўлжалланган. Бугунги кунда исломофобия жамият учун ташвишли ҳолат ҳисобланади. Айниқса, дастлаб оддий эксплуатация (фойдаланиб олиш) ва айрим экстремистик элементларнинг сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш аста-секин сиёсий соҳаларда акс садо топди, натижада исломофобиянинг сиёсий тус олишига олиб келди.
Аввало исломофобия тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтиш лозимдир. «Исламофобия» – исломдан ва мусулмонлардан қўрқув ва уларга нафрат туйғуси билан қараш демакдир. Шу билан бирга ислом динини қолоқ, мусулмон маданиятини эса қотиб қолган, ҳурфикрликка мойил бўлмаган, патриархал, аёллар фаолиятини чеклайдиган ва бошқа маданиятларга таҳдид солувчи” каби ноўрин айбловларда намоён бўлмоқда.
Шайх Ғаззолийнинг бир фикрларини айтиб ўтиш ўринлидир: «Бугунги кунда диндорларнинг айби туфайли дунёнинг ярми мусулмон эмас. Худди шунингдек, тариқатда ҳам сохта, жоҳил пирлар одамларнинг тариқатдан қўрқишига, тасаввуфдан ихлоси йўқолишга сабабчи бўлиб қолишди», яъни мусулмонлар ўзларининг ёмон ахлоқлари, ёмон феъллари билан одамларда Исломга нисбатан ёмон тушунча ҳосил қилиб қўйдилар. Натижада одамлар Исломдан қўрқадиган бўлишди, исламофобия юзага келди.
Ғарб оламида исломга душманлигини кўз-кўз қилиб, миллатлар ҳамда динлар ўртасида низо оловини ёқишга уринган баъзи фитначиларнинг ўзлари, дунё аҳолисининг нафратига учрамоқдалар. Исломофобларнинг ҳаракатлари нафақат дунё мусулмонларига, балки Ғарбнинг етакчи компанияларига ҳам зиён етказмоқда. Бундай шуҳратпарастлар қайси давлатдан бўлса бутун дунё мусулмонлари томонидан эълон қилинаётган бойкотлар натижасида ўша давлат иқтисодиёти зарар кўрмоқда.
Исломофобларнинг мақсади Ғарб ва мусулмон дунёси ўртасида бўлинишдан бошқа нарса эмас. Лекин ҳар доим ҳам одамлар исломофобларга қизиқиш билдирмайди. Ҳатто исломофоблар ҳам ўз мафкурасидан воз кечиб, Ислом тарафдорларига айланишади ва бу динни қабул қилишади.

Исломни қабул қилган христиан миссионер доктор Гари Миллернинг ҳикоясини эслаш ўринлидир. Доктор Гари Миллер (Гарй Миллер) – Қирол Фаҳд номидаги нефть ва минерал ресурслар университети илмий Кенгашининг аъзоси, математика кафедраси ўқитувчиси ҳисобланади.
У насроний динининг муқаддас китобларида яхши билимга эга бўлганлар орасида фаол христиан миссионер ва исломофобларидан бири эди. Шу билан бир қаторда у математика фанини жуда яхши кўрар эди.
Бир куни у мусулмонларни насронийлик динига тарғиб қилиш учун Қуръон Каримдаги хатоликларни топиш мақсадида ўқишга қарор қилади. Қуръон 14 асрдан кўпроқ вақт олдин ёзилган ва замонавий дунёда қўлланилмайдиган Араб саҳро маконларидан чиққан қадимги китоб деб ўйлар эди. Лекин у Қуръонни ўқиши билан бошқа китобларда ва бутун дунёдаги муқаддас манбааларда топилмайдиган нарсаларни топганидан ҳайратга тушди.
У Қуръонда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлган оғир вақтлар ҳақида, масалан, аёли Хадижа розияллоҳу анҳанинг ўлими ёки ўғиллари ва қизларининг ўлими ҳақида бир неча ҳикояларни топишни кутган эди. Бироқ, у бундай нарсаларни топа олмади. Аксинча, Миллер Қуръонда Марям учун катта ҳурматни ифода этган “Марям“ деб номланган сура борлигини жуда ҳайрон қолдирди. У кутганига қарамай, Қуръонда Оиша розияллоҳу анҳа ёки Пайғамбарнинг қизи соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима розияллоҳу анҳа учун алоҳида бир сура йўқ эди. Шунингдек, у Қуръонда Исо пайғамбар алайҳиссалом номи 25 марта ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам номи фақат беш марта эслатилганлигини аниқлади. Шундан сўнг ҳам, у Қуръонни синчковлик билан ўрганиб чиқди ва унинг чақируви учун ҳеч бўлмаганда бирор “фойдали“ нарса топишга умид қилди. Аммо Гари Нисо сурасининг 82-оятини ўқиганида, Қуръон уни бира тўла таслим қилди:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ ٱلْقُرْءَانَ ۚ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ ٱللَّهِ لَوَجَدُوا۟ فِيهِ ٱخْتِلَٰفًا كَثِيرًا

«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар.»
Доктор Миллер оят ҳақида шундай деди: “бугунги кунда ҳар қандай илмий ишда бир нечта хатоларга йўл қўйиш мумкиндир ва уни янада такомиллаштириш хатолар сонини камайтиришда минимал даражага етказса бўлади. Қизиғи шундаки, Қуръон барча мусулмонларни ва мусулмон бўлмаганларни хато борлигини аниқлаши мумкинлигини айтади ва ҳали ҳеч ким бирорта хато топа олмаган ва олмайди. Муаллифларнинг ҳеч бири Қуръонга тегишли хато ҳақида китоб ёзишга журъат эта олмайди.
Бундан ташқари, доктор Миллерни Анбиё сураси 30-оят лол қолдирди:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُواْ أَنَّ السَّمَـوَتِ وَالاٌّرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَـهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَآءِ كُلَّ شَىْءٍ حَىٍّ أَفَلاَ يُؤْمِنُونَ
«Куфр келтирганлар осмону ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмасларми? Иймон келтирмасларми?»
Доктор Миллер шундай деди: “бу оят 1973 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган катта портлаш назарияси бўйича илмий тадқиқотлар мавзусига тегишли бўлган оят ҳисобланади.“
Бу оятнинг охирги қисмидаги жумлада «сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни» шуни англатадики, ҳар бир тирик нарсани аввали сув эканлигидир. Доктор Миллер бу ҳақда шундай: «бу ажабланарли, чунки замонавий илм яқинда ҳужайранинг 80 фоизи ситоплазмадан иборат ва ситоплазма, ўз навбатида, асосан, сувдан иборат. 1400 йил олдин яшаган киши, Агар у бу ҳақда Яратувчининг ваҳийси орқали хабар қилинмаса, буларнинг ҳаммасини билиши мумкинми?! Аллоҳ Буюкдир!!!» деб ёзган эди.
Шундан сўнг, доктор Миллер 1977 йилда Исломни қабул қилди ва Ислом қадриятларини фаол равишда тарғиб қила бошлади. У дунёнинг барча бурчакларида маърузалар ўқиди ва христиан вакиллари билан кўплаб мунозаралар ўтказди. Шунингдек, у «Қуръон – ажойиб», «Қуръон ва бошқа муқаддас китоблар ўртасидаги фарқлар» ва «Исломнинг хушхабар ҳақидаги қарашлари» каби исломий мавзуларда кўплаб асарлар ёзган. Шунингдек, дунёнинг барча бурчакларида унинг бевосита иштироки билан кўплаб одамлар Исломни қабул қилдилар.
У ўз мақола ва китобларида дунёга тегишли бўлган масалалардан оятлар келтиради. Инсон учун Қуръонда ёритилган ҳаётий мўъжизалар борлиги ва шу билан тафаккур қилиш кераклигини уқтиради. Мисол учун айтилса, Гари бир воқеани тадаббур қилиш билан дунё ҳақиқатини келтирган: Бир неча йил олдин Торонтода савдо кемасида ишлаган ва денгизда ҳаёт кечирган одамнинг ҳикояси бизга етиб келди. Бир мусулмон денгизчига Қуръонни ўқиш учун берди. Денгизчи савдогар Ислом тарихи ҳақида ҳеч нарсани билмас эди, шунга у китобни қизиқиш билан олди. Қуръонни ўқиб бўлганидан сўнг у мусулмонга қайтараётганда шундай деб сўради: «Бу Муҳамммад денгизчи бўлганми?!» деди. У Тўфон вақтида денгизнинг ҳолати қандай бўлиши Қуръонда аниқ ёзилганидан ҳайратда эди. Унга «Йўқ У зот саҳро атрофида яшаган» деб айтишганида унга бу маълумотнинг ўзи етарли бўлди ва шу заҳоти Исломни қабул қилди. Зеро, у денгиз бўрони ҳақида билар ва Бу Қуръонда ёзилган таъриф аниқ эканлигида унда чуқур из қолдирган эди.
«Ёки ҳудди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар, унинг устидан мавж қоплагандир, у (мавж)нинг устидан мавж ва уни эса булут (қоплагандир)…» (Нур сураси 40-оят)
Денгизчи бўрон пайтида уммон қандай бўлиши ҳақида камгина маълумотга эга бўлган одам ёза олмаслигини билар эди. Бу фақат унинг Яратувчиси билиши мумкинлигини таъкидлади.
Аслида ҳам Ислом дини шудир. У муқаддас Қуръони Карим ва суннати шарифда белгиланган энг гўзал ва юксак илмий, мўъжизавий ва инсоний фазилатлар йиғиндисидир. Лекин минг афсуски, ҳозирги глобаллашув жараёнида инсонлар диннинг аслини идрок қилмасдан, хато хабар ва динни ниқоб қилиб олганларни томоша қилишмоқда ва натижада Исломни руҳий ва маънавий оламини англамасдан исломофоблар қаторига қўшилишмоқда. Ислом бу ундан қўрқадиган дин эмаслигини у нафақат мусулмонлар, балки ғайридин вакилларига ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлишини билишлари зарур. Буни нафақат исломофоблар тушуниши керак, балки мусулмон киши ҳам ўз амали билан хулқини гўзал намоён қилиши зарур ҳисобланади.
Исломга амал қилиш. Намозда бардавом бўлиш, дуолар қилиш, рўза тутинг ва ҳакозолар. Албатта, Аллоҳ таоло ёрдам беради, дейиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Амал қилиш ҳам керак!
Билим олиш. Вақтни Исломни ўрганишга сарфлаш, айниқса, кўплар тушуниб етмайдиган манбааларини кўпроқ ўрганиш лозим. Бу нарса Исломни тушунмаётган баъзиларга ёрдам беришда керак бўлади. Имом билан ёки аҳли илмлар билан кўпроқ бўлишга ҳаракат қилиб, динни ўрганиш лозим.
Табассум қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишини мусулмон биродарига очиқ юзли ва табассумли бўлишга чақирганлар ва унинг табассумини садақа деб атаганлар. Агар хушмуомула ва табассумли бўлсак, одамлар бизнинг ёнимизда ўзларини хотиржам сезадилар. Янгиликларда қонга чанқоқ, қотил мусулмонлар ҳақида яна сафсаталар янгираётганида одамларни ёдига олади ва ОАВларига ишонишдан олдин бу ҳақида икки марта ўйлаб кўришади.

Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида: «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади», дея таъкидлаганларини келтириш ўта аҳамиятли ҳособланади.

4- курс талабаси Ғофурова Омина

233870cookie-checkИсломофобия ёҳуд Қуръондан жавоб топган исломофоб

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: