islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«БАЙТУЛ ҲИКМА»

Ўрта аср Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихида Бағдодда бунёд этилган «Байт ал-ҳикма» сўзсиз, йирик илмий воқеа саналади. «Байт ал-ҳикма» ўзбек тилида «Ҳикматлар уйи» деган мазмунни англатади. Бу иборадаги «ҳикматлар» ортида ўша даврдаги қатор фанлар, жумладан, фалсафа, табобат, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, диний илмлар тушунилади. Бинобарин, «Байт ал-ҳикма» биринчи навбатда, ушбу санаб ўтилган фанлар қолаверса, бошқа фан йўналишларида ҳам иш олиб борилган илм ва таржималар даргоҳи бўлган. Моҳиятан аввалига кутубхона сифатида бунёд бўлган «Байт ал-ҳикма» кўп вақт ўтмай, у ерда жамланган китобларни араб тилига таржима қилиш марказига айланди. Кейинчалик эса, бу марказ теварагида ўз даврининг энг йирик олим ва таржимонлари тўпланиб, ижод қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, уларнинг ўзагини Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари ташкил этди. Айни пайтда бу масканда бир томондан, юнон, ҳинд ва форс тилларидаги кўплаб нодир асарларнинг жамлангани, иккинчи томондан жамланган китобларнинг энг ноёблари танлаб олиниб, араб тилига ўгирилгани ҳамда муомалага киритилиши, учинчи тарафдан эса, муҳим асарларни яратган таниқли олимларнинг «Байт ал-ҳикма»да тўплангани, уни ўрта асрларнинг энг машҳур илмий даргоҳига айланиши ва илмий адабиётларда «Бағдод илмий мактаби» ва «Бағдод академияси» деган номлар билан танилишига асос бўлди.

У Бағдоднинг қайси нуқтасида жойлашгани борасида ҳам аниқ бир хулосага келиш қийин. Аммо, у халифа саройининг бирор-бир қисмида жойлашган бўлиши керак, деб тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, «Байт ал-ҳикма»нинг ташкил топиши баъзан фақат халифа ал-Маъмун исми билан ҳам боғлаб кўрсатиладики,  бу ҳақиқатдан анча йироқдир.

Тарихдан маълумки, 749 йилда Абу-л-Аббос Саффах халифа Марвон II ни тахтдан ағдаргач, халифаликни бошқариш Аббосийлар сулоласи қўлига ўтади. Бағдод тез орада шарқда Марказий Осиёгача, ғарбда Испанияга қадар кенгайган йирик давлатнинг пойтахтига айланди. Араблар, одатда, ўзлари босиб олган мамлакатларнинг бойликларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиш учун барча имкониятларни ишга солар эдилар. Шу боисдан бу мамлакатларнинг ҳам моддий,  ҳам  маънавий бойликлари аста-секин Бағдодга оқиб кела бошлади. Айниқса, ал-Мансур, Ҳорун ар-Рашид, ал-Маъмун каби Аббосий халифалар қадимий қўлёзма асарлар ва йирик олимларни ўз саройларига жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш билан бир қаторда, бу борада мислсиз жонбозлик ҳам кўрсатдилар. Натижада Бағдод тез орада бутун халифаликда илмий фаолият юритиш учун катта имкониятларга эга бўлган қулай шаҳарга айланди. Бу эса ўз навбатида, олимларнинг ўша ерда ижод қилиш иштиёқини ошириб юборди. Саройда қўлёзма асарларни сақлаш одати умавийлар сулоласи даврида  ҳам  мавжуд бўлсада, бу иш аббосий халифалардан ал-Мансур даврида доимий жараёнга айланди, сифат ва миқдор жиҳати ҳам тубдан ўзгарди. Ал-Мансур нодир қўлёзма асарларни тўплашдан ташқари, ўзга юртлардаги олимларни ҳам ўз саройига жалб эта бошлади. Унинг саройида Гундишопур мактабидан таклиф этилган турли диний эътиқодда бўлган кўпгина олимлар, табиблар, кимёгарлар, географлар ва муҳандислар хизмат қилган. Улар орасида Бағдод шаҳрининг қурилишида иштирок этган астрологлар – эронлик ан-Навбахт  ва басралик яхудий Менассиялар (ваф. Тах. 815 й.) ҳам бор эди. Мусулмонлар орасида «Машаллаҳ» номи билан танилган Менассия, ал-Мансур, Ҳорун ар­Рашид, ал-Амин ва ал-Маъмунлар даврида энг машҳур астрологлардан бири эди. Ал-Мансур саройида Гундишопур мактабидан Бағдодга таклиф этилган қатор табиблар ҳам фаолият кўрсатган. Улар ичида Бахтйашу оиласига мансуб бир қанча христиан табиблари бўлиб, уларнинг энг йирик намояндаси бўлмиш Жибрил ибн Бахтйашу, халифа ал-Мансур учун табобатга оид кўпгина асарларни юнон тилидан араб тилига таржима қилади. Жибрил ибн Бахтйашунинг ўзи ва бу оиланинг ўндан ортиқ бошқа табиблари Бағдод шаҳрида узоқ йиллар давомида табиблик фаолияти билан машғул бўлганлар. Ҳарронлик йирик кимёгар ва таржимон Жобир ибн Ҳайён ҳам халифа ал-Мансур даврида яшаган. Иброҳим ал-Фазарий халифа ал-Мансурнинг топшириғига биноан, ҳиндларнинг астрономияга оид йирик қомусий асари «Синдҳинд»ни санскрит тилидан араб тилига таржима килади. Юқорида зикр этилган асарлардан ташқари, ал-Мансур учун фалсафа, табобат, фалакиёт, риёзиёт, тарих, адабиётга оид бошқа китоблар ҳам таржима қилинган. Халифа ал-Мансур мазкур китоблар, ёзилган ноёб қўлёзма асарларни сақлаш учун ўз саройидан махсус жой ажратган. Аммо, бу кутубхонанинг вазифаси китобхонларни зарурий адабиётлар билан таъминлаш эмас, балки тўпланган нодир қўлёзма асарлар, турли мамлакатлардан келтирилиб, араб тилига ўгирилган китобларни сақлашдан иборат бўлган. Ал-Мансур даврида бу маскан ҳали «Байт ал-ҳикма» деб номланмаган эди.

Маълумки, ал-Мансурнинг ўғли Муҳаммад ал-Маҳдий ибн Мансур  ва набираси ал-Ҳодий ибн ал-Маҳдийлар ҳукмронлик қилган йилларда илмий изланишлар ва таржима фаолиятида катта силжишлар юз берди, деб бўлмайди. Шу сабабдан ҳам улар даврида «Байт ал-ҳикма» билан боғлиқ бўлган сезиларли ўзгаришлар рўй бермаган, деб ўйлаймиз. Аббосий халифалар ичида энг донг таратгани Ҳорун ар-Рашид (786-809) тахтга ўтирганидан сўнг, ижтимоий ва маданий ҳаётнинг барча жабҳаларида катта ўзгаришлар содир бўлди. Бу, албатта, «Байт ал-ҳикма»га ўз таъсирини ўтказмай қолмади.Айни пайтда ўрта асрларнинг яна бир машҳур муаллифларидан Ёқут ал- Ҳамавий ҳам Ибн ан-Надимнинг фикрини тасдиқлайди. Умуман, Ҳорун ар-Рашид даврида «Байт ал-ҳикма» турли адабиётлар сақланадиган маскандан таржима ва тадқиқотлар олиб бориладиган марказга айланди. У ерга келган таниқли уламолар, тадқиқотчилар нафақат турли мавзулардаги китоблар билан танишиш, балки уларни мутолаа қилиш имкониятига  ҳам  эга эдилар. Бу даврда таржима ишларига бўлган аҳамият бағоят ортиб, «Байт ал-ҳикма»даги асарлар сони янада кўпайди.

Ибн ал-Қифтийнинг бу марказ ҳақидаги фикрлари ҳам ниҳоятда диққатга сазовор. У шундай деб ёзади: «Ҳакиқатан, «Байт ал-ҳикма» турли илмий йўналишлар маркази бўлиб, Ҳорун ар-Рашид бу институт ҳақидаги фикрнинг ибтидоси эди. Унинг ўғли халифа ал-Маъмун бу ишни амалга оширди. «Ҳикмат» сўзи мусулмон олимларининг фикрига кўра илохий илмлар, ҳисоб, табобат ва фалакиётни қамраб олган». Фикримизча, Ибн ал-Қифтий санаб ўтган илмлар қаторига фалсафа ҳам киритилса, Бағдод илмий мактабидан ўрин олган асосий фанлар мажмуаси тўлиқ ифодаланади. Ҳорун ар-Рашиднинг кичик ўғли ал-Амин даврида «Байт ал-ҳикма»нинг фаолияти бирмунча сусайган бўлса, унинг катта ўғли ал-Маъмун даврида ўз тараққиётининг энг юқори чўқкисига кўтарилди. Биз ал-Маъмунни – катта, ал-Аминни эса кичик ўғил деб шартли атаймиз, аслида уларнинг ҳар иккиси ҳам бир вақтда, яъни 786 йилда икки онадан дунёга келган. Ал-Маъмун ал-Аминдан олти ойга катта бўлишига қарамай, халифалик курсисига аввал ал-Амин ўтирган. «Байт ал-ҳикма»нинг тақдирида ал-Маъмуннинг ўрни бағоят юксак бўлгани туфайли, биз унинг илмий ва сиёсий фаолияти, шунинг баробарида, ҳар икки ака-ука муносабатлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Ал-Маъмун «Байт ал-ҳикма»га алоҳида эътибор билан қаради. Натижада унинг даврида «Байт ал-ҳикма»даги илмий муҳит мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, у ерда юнон, форс ва ҳинд тилларидаги муҳим китобларни араб тилига ўгириш, шарҳлаш билан бир қаторда, мустақил илмий фаолият ҳам олиб борилиб, янги асарлар ёзилди. Ал-Маъмун диний илмлар, фалсафа, аниқ фанлар билан қизиққан ва ўзи ҳам улар билан мунтазам шуғулланган. Шунингдек, у таржимонлар ва олимларга ҳар бир ёзган ёхуд таржима қилган китоблари учун катта мукофотлар тайинлаган. Ал-Маъмуннинг бевосита ҳомийлиги остида Юнонистон, Ҳиндистон, Рум, Эрон ва Марвдан «Байт ал-ҳикма»га катта миқдорда турли мавзудаги китоблар келиб тушган. Уларнинг баъзилари эса ҳарбий юришлардаги ўлжа сифатида Бағдодга олиб келинган.

Ал-Маъмуннинг қўллаб-қувватлаши билан энг сара асарлар танлаб олиниб, араб тилига ўгирилди. Умуман, бу даврда таржимонлик ишлари тўғри йўлга қўйилиб, у яхши ташкил этилган доимий фаолиятга айланди. Таржимонлар алоҳида-алоҳида гуруҳларга бўлиниб ишлаганлар; ҳар бир гуруҳни албатта малакали, моҳир таржимон бошқарган ва сўнгги таҳрир учун ушбу шахс масъул бўлган. Таржималар, одатда, юнон тилидан сурёний тилига, сўнгра араб тилига, баъзан эса юнон тилидан тўғридан-тўғри араб тилига ўгирилган. Аксар ҳолларда, таржималар китоб матнларининг асли билан таққослаб амалга оширилган. Ҳар бир таржимонлар гуруҳи таркибида матн кўчирувчи ва китобларни муқоваловчи мутахассислар бўлган. Бинобарин, ал-Маъмун даврига келиб, «Байт ал-ҳикма» таркибида йирик кутубхона, таржима ва асарлар ёзиш, кучирувчилар ҳамда муқовалаш учун ажратилган махсус хоналар мавжуд эди. Бағдоднинг аш-Шаммосия минтақаси ҳамда Дамашқ атрофидаги Қасиюн тоғларида мавжуд бўлган расадхоналар ҳам «Байт ал-ҳикма» таркибига кирган. Манбаларда ал-Маъмун тасарруфидаги бу икки машҳур расадхонанинг «Байт ал-ҳикма» таркибида бўлганини англатувчи тўғридан-тўғри маълумотлар учрамайди.

4- курс талабаси

Асатиллаев Ҳалилуллоҳ

233830cookie-check«БАЙТУЛ ҲИКМА»

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: