Хос устоз-шогирд услуби: «Хос устоз-шогирд услуби» деганда аввалги уламоларнинг хос талабаларига берган хос дарслари назарда тутилмоқда. Бунда талабалар шайхнинг атрофида қуршаб олиб, чўккалаб ўтиришар, гўё бошига қуш қўниб тургандек қимир этмай, юксак одоб ва тавозеъ билан дарс тинглашар эди. Илм ўрганишдан аввал илм одобини, китоб ўқишдан аввал китоб одобини, устозга ҳурмат-эҳтиромни ўрганишар эди. Бу дарсларда буюк уламоларнинг китоблари диққат-эътибор билан ўқилар эди. Қисқартирилган, бузилган, янги чиққан маълумотларга эътибор берилмас эди. Шайхлари орқали асл, ҳақиқий имомларни таниб-билиб олишар эди. Натижада қалблари тараққий этар, руҳлари юксалар, илм неъмати ҳар бир ўқувчининг зеҳнига кўчиб ўтиб, қалбига осонгина ўрнашарди. Шунинг учун ҳам бу авлоднинг катта қисми шайхларининг ҳар бир сўзини, ҳар бир ҳарфини тўлиқ ёд олиб, эслаб қолган. Буни ўз тажрибасида кўрган, унинг лаззатини татиб кўрган ҳар бир киши жуда яхши билади.
«Шаъбония» мадрасасидаги хизматлари: Муҳаммад Аввома бу мадрасага ўзларини тўлиқ бахшида қилгандилар, бу маскан уйларидан ҳам азизроқ эди. Тонг саҳарданоқ дарс бериш ва топшириқлар учун мадрасага келиб, пешин пайти уйга қайтардилар. Сўнг асрда яна мадрасага қайтиб, талабалар билан ишлаш, мутолаа қилиш ва дарсларни такрорлаш учун келиб кетардилар. Сўнг учинчи маротаба хуфтон намозидан кейин мадрасада келиб, шу ерда ётиб ўқийдиган талабаларни назорат қилиш, ҳолидан хабар олиш, муаммоларини ҳал этиш, керакли нарсалар билан таъминлаб бериш учун борар эдилар.
Бир куни биринчи шайхи, устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддин биродарлари шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддага кейинги пайтлар мадрасанинг ишлари оғирлашиб, ташвиши кўпайиб кетгани ҳақида гапириб туриб, «Шайх Муҳаммад Аввомадан бошқа ёрдамчим йўқ», дедилар. Яна бир куни: «Қанийди шайх Муҳаммад Аввомага ўхшаган ўнта одамим бўлса», деганлар. Яна бошқа сафар мадраса мударрисларига: «Агар шайх Муҳаммад Аввомага ўхшаган яна битта одамим бўлганида, мадрасадаги барча дарсларга устозлик қилишга кифоя қилган бўлар эди», деганлар.
Шайх Муҳаммад Аввома ушбу мадраса хизматида бирон марта кеч қолмаганлар ёки давоматда бирор қусурга йўл қўймаганлар, ҳафсаласизлик қилмаганлар. Ҳатто ўзларининг тўйи куни ҳам эрталаб ишга кечга қолмай келганлар. Шу ҳолат бир умр, мунтазам давом этган.
Хизмат мана бундай бўлибди. Ихлос мана бундай бўлибди. Натижа ва самара ҳам шунга мувофиқ бўлади.
Кунларнинг бирида Муҳаммад Аввоманинг ўғиллари шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг зиёратига бориб, у кишидан ҳадисдан ижоза беришларини илтимос қилади. Устоз ва шогирд ўртасидаги алоқа кучлилигидан, шайх Абдуллоҳ Сирожиддин Муҳаммад Аввомага тўлиқ ишониб, эътимод қилганидан у кишининг фарзандларига бир сўз билан: «Мен отангизга мен орқали ижоза беришга ижоза берганман. Бориб, ижозани отангиздан олаверинг», деган. Бу энг юқори мартабадир. Шайх бошқа бирор одамга бундан-да юқорироқ ишонч билдиргани ва бундай юксак илмий мартаба берганини билмаймиз.
Шайхлари ёзган китобларнинг нашрига ёрдамлари: Муҳаммад Аввома устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг китобларини нашр қилиш ишларига масъул эди. Нашр жараёнидаги барча ишларни: таҳрир, тузатишлар киритиш, қайта кўриб чиқиш ва бошқа вазифаларни ўзи бажарар эди. Муҳаммад Аввома бу иш давомида устозидан китоб таълиф қилиш борасида кўп фойдалар олди, тажриба тўплади, услуб, илм ва одоб ўрганди.
Бир куни Муҳаммад Аввома устозининг «Саййидимиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» деган китобларини нашрдан олдин маслаҳат учун олиб келди. Устоз китобнинг муқовасида ўзининг исми «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» сўзларидан юқорига қўйилганини кўриб, жаҳли чиқди, норози бўлиб, «Менинг исмим саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари устида турадими?!» деб, муаллиф исмини сарлавҳа тагига ёзишни буюрди.
Яна бир мисол. Муҳаммад Аввома устозининг китоб ёзишда сўзларни саралаши, сўз танлашидан олган фойдалари ҳақида сўзлаб, ўғли Муҳиддин Аввомага шундай ҳикоя қилган экан: «Ҳалаб шайхларидан бири «Ила варосатил анбиё» (Анбиёларнинг меросхўрларига) деб номланган китобни нашр қилдирди. Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин бу китобни кўриб, китобнинг сарлавҳаси ҳақида: «Қандай қилиб анбиёларнинг меросхўрларига биров келиб насиҳат қилади?! Ахир уларнинг ўзи бошқаларга насиҳат қилади-ку?» деганлар».
Муҳаммад Аввома устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг «Шарҳ Байқуния» китобининг биринчи нашри ва «Ал-Ийман би аволим ал-аахироти ва аҳвалиҳа» китобининг биринчи нашридан бошқа барча китобларида юқорида айтилганидек хизмат қилганлар. Чунки у зот бу икки китобни Муҳаммад Аввома билан танишишдан аввал ёзган эдилар.
Устозлари фазилатли шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳ: Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддани таниган ҳар бир киши у кишини илмга, таҳқиққа, қўлёзмаларга қанчалик қизиқишини билади, у зотнинг одоб ва тадқиққа тўлиб-тошган бир мадраса эканликларини ҳис қилади. Муҳаммад Аввома ушбу мадрасада ўзидан аввал ҳеч ким эришмаган муваффақиятларга эришди, бу борада унга тенг келадигани бўлмади. У шайхининг илм, таҳқиқ, қўлёзмаларни кўчириш, қиёслаш, тадқиқ қилиш соҳаларидаги барча хизматларини ўзига лозим тутди. Фазилатли шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда таҳқиқини бошлаган «Ар-Рофъу ват-такмил» китобининг бошидан бошлаб, то Муҳаммад Аввома Ҳалабдан чиқиб кетгунича, яъни устози шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда Ҳалабдан Саудиянинг Риёз шаҳрига кўчиб кетганларидан кейин ҳам қўлёзмани кўчириш босқичидан то тайёр китоб шаклига келгунича хизматида бўлдилар.
Буларнинг барчаси Муҳаммад Аввомага толиб ва ўрганувчи, фойда олувчи ва тарбияланувчининг руҳияти бўлиб хизмат қилди, унга доимий ҳамроҳ бўлди. Шунинг учун Муҳаммад Аввома бу хизматлардан улкан фойдалар олди, илм тўплади, ривожланди ва ўз соҳасининг моҳир устаси бўлиб етишди. У устозидан қўлёзмаларга муҳаббатни ўрганди, уларнинг керакли жойларини қидириш, уларни кўчириб олиш услуби, уларнинг хат улублари, имло қоидаларини ўрганди, сўнг уларни солиштириш, матнларнинг тўғрилигини аниқлаштириш, асл нақлларни кўриб, текшириб, улар билан солиштириб чиқишни ўрганди, сўнг китобни нашр қилишни ўрганди ва энг муҳими – бу ишлардан завқ ола билди, ҳушёр, сезгирликни ўрганди. Шундай қилиб, шайх Аввома устозининг ишончли кишиси, элчиси ва вакилига айланди. Муҳаммад Аввомани қўлёзмаларни таҳқиқ қилишга йўналтирган илк инсон – устози шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда бўладилар.
Қуйида шайх Аввоманинг устозлари қаламига мансуб бўлган ва чоп қилинишида у зот бевосита иштирок этган китобларни келтириб ўтамиз:
- Имом Лакнавийнинг «Ар-Рофъ ват-такмил» китоби.
- Имом Лакнавийнинг «Ал-Ажвиба вал-фодила» китоби.
- Имом Муҳосибийнинг «Рисолатул мустаршидин» китоби.
- Имом Лакнавийнинг «Иқоматул-ҳужжа» китоби.
- Мулла Али Қорийнинг «Фатҳу бабил-Иная» китоби.
- Имом Кашмирийнинг «Ат-Тасриҳ фии маа тавааторо фии нузулил-Масиҳ» китоби.
- Имом Қорофийнинг «Ал-Иҳкам фии тамйизил фатааваа ъанил аҳкам» китоби.
- Мулла Алий Қорийниниг «Фатҳу бабил-Иная» китобининг биринчи жузи.
Хутбага чиқишлари: Муҳаммад Аввома ўн саккиз ёшларида «Суқул Атторийн»даги масжидда илк маротаба хутба қилишга чиққанлар. Шундан сўнг қирқ ёшларигача Ҳалабнинг кўплаб масжидларида ваъз, насиҳат, маъруза қилиб юрганлар.
Мударрислик қилган фанлари
- Ақийда
- Улумул Қуръон
- Тафсир
- Аятул аҳком
- Ҳадис
- Мусталаҳул ҳадис
- Аҳадийсул аҳком
- Фиқҳ
- Наҳв
Шайх Аввоманинг ажойиб хотираси (зеҳни): Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Аввомани ажойиб хотира, ноёб, ўзгача зеҳн билан сийлаган эди. Бу ажойиб хислатларни у киши билан бирга ҳамсуҳбат бўлган барча кишилар яхши билишади. У кишининг қўлида ўқиган ҳар бир ўқувчи, у киши билан мулоқот қилиб юрган ҳар бир киши бу ҳолатдан ҳайрону лол қолади. Умумий йиғилишларда шайхнинг худди китобдан ёки қоғоздан ўқиб бераётгандек равон, изчил услубда мутааххир уламоларнинг қиссалари, воқеалари, ҳикояларини кўплаб зикр қилганларига кўпчилик гувоҳ бўлишган. Бирор қиссани айтиб бераётиб, уни талабалик даврида, ҳатто ундан олдин ёки кейин ўқиганман дер эканлар, аммо худди бир сония аввал ўқигандек ёдларида бўлар экан. Ваҳоланки, уни эллик ёки олтмиш йил олдин ўқиганлар. Кейин ўша маълумотни қидириб топиб, ўқиб кўрганлар, шайх унинг фақат маъносини эмас, балки сўзма-сўз айтганларига ҳам амин бўлишган.
Шайх Муҳаммад Аввоманинг яқинлари ҳам у киши ўз шайхларидан – айниқса, икки улуғ шайхлари – Абдуллоҳ Сирожиддин ва Абдулфаттоҳ Абу Ғуддалардан жуда кўплаб қиссаларни, воқеаларни зикр қилишларини айтишади. У киши шайхларининг гапларини ишоралари билан, воқеаларнинг тарихи, саналари билан бемалол айтиб бера олар эдилар. Муҳаммад Аввома: «Мен шайхларимнинг сўзларини ёдлаб оламан» деб кўп айтганлар. Бу эса, шайхларини ниҳоятда яхши кўрганларидан, уларга нисбатан муҳаббатга тўлиб-тошганларидандир.
Китоб мутолаасига бўлган қизиқишлари: Шайх Муҳаммад Аввоманинг китоб, мутолаага бўлган муҳаббатлари алоҳида таърифга сазовор. У киши китоб ўқишни яхши кўрадиган оддий одам эмас, балки ўқишга тўймайдиган, унга чинакам ошиқ зот бўлганлар. У киши жуда кўп китоб ўқир, айниқса ёшлик пайтларида, талабалик даврида китобга ниҳоятда ҳарис бўлганлар. Шайх Аввома бир китобни тўлиқ ўқиб чиққач, керак бўлганда топиш осон бўлиши учун унинг муқовасига керакли маълумотларни қайд қилиб қўяр эдилар. Шунинг учун ҳам у кишининг кутубхоналаридаги мингларча китоблар ичида муқовасига фойдали маълумотлар қайси бетда экани қайд этилган китоблар кўплигидан муқовасига ҳеч нарса ёзилмаган китобни топиш амри маҳол эди.
Шайх Муҳаммад Аввома баъзи китоблари ҳақида: «Бу китобни бутун дунё бойлигига ҳам сотмайман» деганлари, бошқа бир китоб ҳақида эса «Бу китоб жонимдан ҳам азизроқ» деганлари машҳурдир. Имом Бухорийнинг махсус чоп қилинган «Ат-Тарих ал-Кабир» асари, Ибн Абу Ҳотимнинг «Ал-Жарҳ ват-таъдил», Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул Борий» ва «Ал-Исоба» китоблари ана шундай китоблар жумласидандир. Шайх Аввома бу китобларни турли фойдали ислоҳлар, шарҳ ва бошқа кўплаб маълумотлар билан бойитганлар.
Китоб мутолаасидаги фаҳм ва идроклари: Шайх Муҳаммад Аввома китоб ўқиётган пайтларида бирор савол чиқиб қолса, дарҳол устозлари, шайхларига мурожаат қилардилар. У киши «Маъалим иршодия» китобларида Имом Бухорийни нима учун Самарқанд уламолари шаҳардан чиқариб юборганлари тўғрисидаги қисса ҳақида устозлари, фазилатли шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг «Ҳар бир ўқиган нарсангга ишонаверма», деганларини келтириб, сўнг устозларининг мана шу сўзларини шундай изоҳлаганлар: «Бу мен учун жуда катта дарс бўлди, кучли ва тўғри йўл бўлди. Бунинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди».
Йирик олим, шайх Муҳаммад Саид Тантовий шайх Аввома ҳақларида шундай дейди: «Таҳқиқда ундан кучлироқ бирон одамни билмайман».
Вақтни қадрлашлари: Шайх Муҳаммад Аввоманинг вақтни ғанимат билишлари, уни беҳудага сарфламасликлари ҳаётлари ва шахсиятларининг шаклланишига таъсир кўрсатган устозларининг одатлари, фазилатлари эди. Вақтни ниҳоятда қадрлашлари барчага зарбулмасал қилинадиган фазилатли аллома, шайх Аҳмад Қоллашнинг ҳам одатлари шундай эди. Бир куни у киши Муҳаммад Аввомага: «Умримнинг бир соатига ҳам ачинмайман», деган эканлар. Бу эса олий даражаларнинг энг юқори чўққисидир.
Масалан, Аввоманинг устозлари аллома, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддани олайлик. У киши «Уламолар наздида вақт қадри» китобининг муаллифи бўладилар. Шундай экан, бу кишида вақт қадри қай даражада бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг.
Бир куни Муҳаммад Аввома устозлари шайх Абдулфаттоҳ билан Каъбатуллоҳда эди. Бир оздан сўнг шайх Абдулфаттоҳ кетмоқчи бўлдилар. Муҳаммад Аввома устозларини кузатиб қўймоқчи бўлган эдилар, устозлари унинг устозсиз, ёлғиз қолаётганига, ёнида китоби ҳам йўқлигига ишора қилиб, «Китобинг қани, шайх Муҳаммад?» деб койидилар. Муҳаммад Аввома шайхидан узр сўраб, берган тарбиялари ва тўғри эътирозлари учун чуқур икром кўрсатдилар, ёнларидаги ўғилларига ҳолатни тушунтириб, «Иншааллоҳ, устозимнинг бу мулоҳазаларига доимо амал қиламан. Лекин устозим билан ўтирганим учун ўқий олмаган бир вирдим бор эди. Шу вирдни Каъбанинг олдида ўқиш истагим бор эди», дедилар. Шунинг учун у устозини кузатиб қўйиб, Каъбанинг олдида ўша вирдни ўқиш учун қолган эдилар.
ТИИ Махсус сиртқи бўлим
талабаси Эшқулов Шерзод