Балх кўли ва Сирдарёнинг қуйи оқимларидан то Днепр дарёсининг қуйи оқимларигача бўлган улкан худудлар ХI асрдан бошлаб Дашти Қипчоқ деб атала бошланди. 1236 йилда Ботухон томонидан бу ердаги қипчоқ ва бошқа туркий қабилалар бўйсундирилиб, Олтин Ўрда давлатига асос солинди. ХII аср бошларида бу давлат икки қисмга бўлиниб кетди ва Шарқий қисми Оқ Ўрда ёки манбаларда ёзилишича «Ўзбеклар мамлакати» деб юритила бошланди.
ХV аср ўрталарида Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон уруғидан бўлган Абулхайрхон (1412-1468) кўчманчи ўзбеклар давлатига асос солди. Абулхайрхон даврида кучайган бу давлат унинг вафотидан сўнг инқирозга учрай бошлади. ХV асрнинг 80-йилларида кўчманчи ўзбеклар давлати Муҳаммад Шохбахт Шайбонийхон (1451-1510) томонидан қайта тикланди ва тез орада анча кучайиб, ўша вақтда ички сиёсий курашлар оқибатида инқирозга учраб, парокандалик ҳукм сурган. Темурийларнинг ички сиёсий курашларига ҳам таъсир ўтказа бошлади. ХVI асрнинг дастлабки ўн йиллигида темурийларнинг Мовароуннахр ва Хуросондаги барча мулкларини Шайбонийхон босиб олди ва бу ерда ўз давлатига асос солди. Муҳаммад Шайбонийхон, Абусаидхон (1529-1533), Убайдуллахон (1533-1539), Наврўз Ахмадхон(1540-1551, Тошкент ҳокими), Абдуллахон каби хонлар хукмронлик қилган бу давлат ХVI аср охиригача ҳукм сурди ва ўзбек давлатчилиги тарихида мухим ахамиятга эга бўлган ўзгаришларнинг юз беришига сабабчи бўлди.[1] Темурийларга тегишли ерларни забт этиш натижасида Шайбонийлар давлати вужудга келди. Дастлабки даврларда Шайбонийлар давлати анча кенг ҳудудларни қамраб олган эди. Мовороуннахр унинг ўзагини ташкил қилган. Унинг таркибига Хоразм, Сирдарё сохилидаги шахарлар, Тошкент ва унинг атрофидаги ҳамда Туркманистоннинг Марв шахригача бўлган ҳудудлар кирган. Шайбонийлар давлатида энг олий давлат идораси даргох ҳисобланган. Унинг тепасида олий хукмдор-хон турган. Олий ҳукмронлик отадан болага эмас, балки сулоладаги энг улуғ намоёндага ўтган. Кейинчалик бу анъана оилавий тахт ворислигига ўтган. Даргохда хондан кейин сардор турган. У хоннинг энг ишончли ва яқин кишиси ҳисобланган ва давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига, ҳарбий масалаларда хоннинг энг яқин маслахатчиси бўлган. Фармон ва ёрлиқларда сардорнинг исми биринчи қайд қилинган. Юқори мансаблардан бири бу оталиқ бўлиб, у ҳокимиятнинг жойлардаги сиёсатини белгилашда катта нуфузга эга бўлган. Хоннинг чиқарган ҳукмини, ёрлиқ ва бошқа расмий хужжатларни ўз эгаларига етказишда парвоначи жавобгар эди. Шунингдек, даргоҳда додхох, кўкалдош, ясовул, эшикоғабоши, шайхулислом каби лавозимлар ҳам бўлган. Шайбоний хонлари давлат ҳудудидаги шахар, туманларни ўз қариндош – уруғлари ўртасида тақсимлаб, удел бошқарув тизимини жорий қилганлар. Удел бекликлари мустақил сиёсат юритишга интилган. Шайбонийхон марказий ҳокимиятни кучайтиришга интилган марказий ҳокимиятнинг кучаюви ўзаро феодал урушларнинг камайишига, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ўнгланишига олиб келган. Мамлакат иктисодиётини тартибга солиш ва савдони жонлантириш мақсадида Шайбонийхон пул ислохоти ўтказди. Бу марказий ҳокимиятнинг сиёсий ва иқтисодий мавқейини кучайтиришга ва махаллий ҳокимлар ролининг заифлашувига олиб келди. Бироқ бу жараён узоқ давом этмади. Ҳар бир маҳаллий ҳоким мустақил бўлишни истарди ва улар ҳам ўз пулларини зарб қилишдан манфаатдор эдилар. Давлат мустақил бекликларга бўлиниб кетиш йилларида бу тендентсия кучайди ва марказий ҳокимиятнинг заифлашувига олиб келди. Шайбонийлар давлати ўз моҳиятига кўра йирик давлат бўлиб, давлат тепасида чекланмаган ҳокимятга эга бўлган хон ўтирган. Хонликнинг сиёсий тизимида ва давлат бошқарувида Темур ва темурийлар даврида қарор топган тартиб қоидалар, хусусияти билан бирга кўчманчи ўзбеклар давлатига хос бўлган анъаналар ҳам мавжуд эди. Давлат бошқарувида исломий шариат ва одат қонун-қоидаларига амал қилинган. Марказий бошқарув давлатнинг ички ва ташқи хаётига боғлиқ барча масалаларни ҳал қиладиган даргох-сарой девонида жамланган эди. Давлатнинг олий даражадаги амалдорлари аъзо бўлган ва одатда бош вазир томонидан бошқариладиган бу махкам мамлакатнинг сиёсий, молиявий, харбий, ташкилий ва бошқа масалаларни кўриб чиқарди. Бунда қабул қилинган қарорлар фақатгина хон тасдиқлангандан сўнг кучга кирар эди. Давлат бошқарув аппаратида кўкалдош, оталиқ, нақиб, аъзам, вазир, девонбеги ва бошқа олий амлдорлар катта ўрин тутарди. Давлат бошқарувида харбий-маъмурий амалдорлардан ташқари, уламолар, дин пешволари, шайхлар ва хожалар, хусусан, Шайх ул ислом, Қози калон, Муфти каби диний мансаб эгаларининг ҳам таъсири катта бўлган. Бу даврда айниқса, Жўйбор шайхларнинг мавқеи ошиб кетган эди. Махаллий бошқарув вилоят хокимлари қўлида бўлиб, улар ҳам ўз бошқарув тизимига эга бўлган. Бундай хокимлар ва раис (амалдорлар) лар қўшинга бошчилик қлиш, солиқлар йиғиш, қонунларни назорат қилиш вазифаларини бошқарганлар. Вилоятлар ўз навбатида кичик маъмурий бирликлар: туман, касаба, мавзеларга бўлинган. Махаллий бошқарувнинг энг қуйи бўғини оқсоқол (калонтарон) томонидан бошқариладиган қишлоқ жамоалари эди. Шайбонийлар давлати жамият хаётида, давлат бошқарувида тутган ўрнига, мавқеига қараб, мамлакатдаги мавжуд қуйдаги бир нечта ижтимоий табақаларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
Олий табақа. Хон ва унинг яқинлари, ўзбек султонлари, йирик сарой амалдорлари (вазир вузаро) кирган. Давлат бошқарувини ана шу ижтимоий табақа амалга оширган.
Умаро. Харбий маъмурий амалдорлар, йирик саркардалар, вилоят хокимлари, қўшин ва қабила бошлиқлари. Улар махаллий бошқарув ишларини амалга оширганлар.
Уламолар. Йирик дин пешволари, шайхлар хожалар. Улар нафақат диний, балки дунёвий бошқарувда ҳам фаол иштирок этганлар.
Фузало. Жамият маънавий-маданий хаётини акс эттирган ижтимоий табақа: олимлар, шоирлар, тарихчилар ва бошқалар.
Раият (фуқаро). Жамиятда асосий ишлаб чиқарувчи, моддий бойлик яратувчи, хазинага солиқ тўловчи ижтимоий табақа бўлиб, уларга дўкондорлар, хунармандлар, ўртахол дехқонлар ва чорвадорлар, ёлланиб ишлайдиган ахоли қатлами кирган.
Қуллар. Бу даврда қулчилик мавжуд бўлиб, қулларни асосан харбий юришлар пайтида асирга туширилган, ўлжа қилиб олинган одамлар ташкил этган. Маълум миқдордаги хақ эвазига уларни озод қилиш мумкин бўлган. Қуллар меҳнатидан саройда, йирик амалдорлар ва уламолар хўжаликларида фойдаланишган.[2]
Самарқанд пойтахт сифатида хон тахтига ўтқазиладиган жой ҳисобланган. У ерда хон шарафига хутба ўқитилган ва пул зарб этилган. Мамлакат сиёсий хаётида давлат бошқарув ишларида йирик саркардалар, қўшин бошлиқларининг ўрни катта эди. Шайбонийлар қўшини аосан отлиқ ва пиёда аскарлардан ташкил топган эди. Қўшин урушда ўқ-ёй, узун найза, қилич, гурзи, узун дастали жанг болтаси (табарзин), чангак каби асосий қуроллардан кенг фойдаланган. Шунингдек, химоя воситаси сифатида қалқон (сипар) ва совут-жовшан (форсча-бахтар) ёки жиба (жева) кийиб жанг қилганлар. Абуллахон вақтида Европадан келтирилган фаранги жовшан (совут) ҳам бўлган. Отлар устига эса махсус ёпинчиқ-гежм (кежим) ёпилган. Қўшин таркибида турли қуроллар билан бирга ХVI аср иккинчи ярмида Абдуллахон томонидан чет эллардан келтирилган кичик замбараклар ҳам ишлатила бошланди. Шайбонийлар қўшини асосан «қабл» деб аталувчи марказий қисми, баронғор (ўнг қанот) ва жавонғор (сўл қанот) қисмларидан ҳамда хировул (қўшиннинг орқа томони) дан ташкил топган эди. Бу бўлинмаларга хоннинг ўзи ёки йирик саркардалар бошчилик қилишган. Қўшиннинг қанотларига қўмондонлик қилувчи саркарда ўғлон деб юритилган. Қўшин олдида манғлай деб номланувчи харбий қисм ярми доира шаклида саф тортиб борган. Унинг олида эса тез харакатланувчи енгил пиёдалар-илғор бўлган. Умумий қисми олдида борувчи «қоравул» деб аталган махсус бўлим, қўшиннинг ўнг ва сўл қисмлари олдида борувчи кичик бўлинмалар «ғул» деб юритилган ва ортидан борувчи кичик бўлинма эса чанох деб аталган. «Шайбонийлар сулоласи» асосчиси Султон Муҳаммад Шайбонийхон ибн Будоқ Султон ибн Абулхайрхон (1451-1510), (1500-1510), Абулхайрхоннинг набираси, Будоқ султоннинг ўғли. Туғилганда унга туркийлар одатига кўра икки исм – Муҳаммад (арабча) ва Шайбонийхон (туркийча) исмлари қўйилган. Абулхайрхон унга Шоҳбахт деб лақаб қўйган. Шайбонийхон ғоят катта жисмоний кучга, ҳарбий ташкилотчилик қобилиятига эга эди. «Бобурнома» асарида эса у «Шайбоқхон», яъни «куч-қудрат эгаси» деб аталади. Шайбоний ёлланма қўшин бошлиғидан хон даражасига кўтарилган тарихий шахсдир. У нафақат саркарда балки, Шоҳбахт, Шойбоқ, Шебони, Шоҳибек, Шайбоний тахаллуслари билан ғазал, рубоийлар битган шоир ҳамдир. Шайбонийхоннинг адабий меъросидан бизгача бир нечта ўзбекча ғазал, рубоий ва «Баҳр-ул худо» (1508-йил 14-май Бастом, Домғомда ёзиб тугалланган) номли достони ва 1507-1508-йилларда ёзилган ўғли валиахд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжуд (унинг ягона нусхаси ҳозир Туркияда сақланади). Шайбонийхон руҳоний уламоларига катта ҳурмат, ҳатто болаларча итоат қилиб, барча уруш сафарларида ўзи билан баробар кичкина гўзал кутубхонасини олиб юрар, Темур каби бу ҳам Дамашқ ва Ҳалаб уламоси билан диний мунозараларга қатнашган. Қуръоннинг баъзи бир оятлари ҳақида Ҳиротнинг пешқадам тафсирчилари бўлган Қози Ихтиёр ва Муҳаммад Юсуфга эътироз билдирган эди. Шайбонийхонинг ислом дини борасида яхши билимга эга эканлигини ҳатто Бобур ҳам тан олади. Шунинг учун бўлса керак Шайбонийхон ўзини чин мусулмонлар, яъни сунна мазҳабидаги мусулмонларнинг бошлиғи ва уларнинг ҳимоячиси деб ҳисобларди. Шунинг учун ҳам Шайбонийлар даврида яшаган олимлар хусусан, шоир ва тарихчилар уни “Халифа ур-Раҳмон” ва “Имом аз-Замон” яъни “давр имоми” ва “тангрининг ердаги халифаси” деб улуғлаганлар. Бу ном Шайбонийхонга Ҳирот олинган йили (1506) берилган. Шайбонийхон маориф ва маданият ҳақида ўз даврининг руҳидан тўла хабардор ва ҳатто маориф жиҳатидан олдинга Темур шаҳзодаларнинг аксаридан паст эмас эди. Замонасидаги тенгдош шоирларнинг аксариятидан ортиқ даражада қалам соҳиби бўлган. Чунки унинг шеърлари буюк бир иқтидор ва гўзал табиатга молик эканини, у ҳам туркий ҳам форсий ҳам арабий тиллардан асосли суратда воқиф эканини кўрсатмоқда. Султон Ҳусайн Бойқаронинг вафотидан кейин бир сиқим донга мухтож қолган кўпгина уламолар Шайбонийдан паноҳ топдилар. У уламоларни хизматга олиб, муносиб вазифалар берди. Бухоро, Самарқанд, Тошкентда масжидлар, мадрасалар солишга амр этди. Ҳатто ҳарбий юришларда ҳам ўз атрофида бир неча уламо бўлган ва булар унга ҳурмат ҳамда садоқат кўзи билан қарашган. Шайбонийхон давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлида қатор ислоҳотлар ўтказди.
Биринчидан, у давлат бошқарувида суюрғол тизимини жорий этди, яъни забт этилган ҳудудларни бошқариш ишини ўз фарзандларига, қариндош-уруғларига, биродарларига, қабила бошлиқлари бўлган султонларга топширади. Хусусан, Балх – Султоншоҳга, Ҳисор – Маҳди ва Ҳамза султонларга, Андижон – Маҳмуд султонга, Қундуз – Аҳмад султонга, Ҳирот – Жонвафобийга, Марв – Қўбиз найманга, Тошкент – Суюнхожага, Хоразм – Кепакбий қушчига, Самарқанд ва Кеш Муҳаммад Темурга, Бухоро ва Қоракўл – Маҳмуд султонга, Туркистон эса Кўчкунчихонга тақдим этилган.
Иккинчидан, у мамлакатда ер-сувни қайтадан тақсим қилди. Кўчманчи қабила зодагонлари енгилган маҳаллий мулкдорлар мол-мулкини мусодара қилиш, сотиш, эгасиз қолган ерларни ўзлариники қилиб олиш йўли билан мулкларини кўпайтириб олдилар.
Учинчидан, мамлакат ичида ижтимоий ҳаётни тартибга солишга имкон берувчи ислоҳот ҳам ўтказди. Кейинги 10 йил ичида солиқлар оғирлигидан ва мулкдорлар жабр-зулмидан ер-сувларини ташлаб кетган хўжаликлар ерларини ишга тушириш масаласи кўриб чиқди.
Тўртинчидан, Шайбонийхон 1507-йилда пул ислоҳотини ўтказди. Бунга кўра мамлакатнинг ҳамма катта шаҳарларида вазни бир хил – 5,2 грамм бўлган янги кумуш тангалар ҳамда мис чақа пуллар зарб қилиниб муомалага чиқарилди. Бу ислоҳот иқтисодиётни тартибга солиш ва савдо-сотиқни жонлантириш мақсадида ўтказилган эди. Айни пайтда бу ислоҳот марказий ҳокимиятнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини кучайтиришга, маҳаллий ҳокимлар мавқеини эса кучсизлантиришга, деҳқонларнинг солиқ тўлаш имкониятини оширишга, давлат в ахон мулкини кўпайтиришга имкон берди.
Бешинчидан, Шайбонийхон таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар ўтказди. Бу ислоҳотнинг ўтказилишига амалдорлар гуруҳини вужудга келтириш ва уларни жамиятнинг асосий таянчига айлантириш зарурати сабаб бўлди. Хонларга ва султонларга барча соҳалар бўйича илмли, дипломат қобилиятига эга бўлган амалдорлар зарур эди. Ислоҳотга кўра, кўп босқичли ўқитиш тизими жорий этилди. Таълимнинг қуйи босқичи мактаб ҳисобланди ва болага 6 ёшидан таълим бериладиган бўлди. Мактабда икки йил ўқигач ўқувчилар мадрасага ўтказиларди. Мадрасада 3 босқичли таълим жорий этилган бўлиб, унинг ҳар бир босқичида 8 йилдан ўқиларди. Шундай қилиб, ўқиш 26 йил давом этган.
ТИИ 4-курс талабаси Содиқов Умид