Хадис ёки хабарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизгача етиб келиши ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, бу йўлда иштирок этувчиларнинг иккига тақсимланишларини айтиб ўтишимиз лозим.
Биринчи қисм саҳоба розияллоҳу анҳумлардан иборат. Улар ваҳийнинг соясида яшаган зотлардир. Улар ҳар бир хабарни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ёки у зотдан эшитган ўзларига ўхшаш саҳобалардан олганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум барчалари адолатлидирлар. Шунинг учун, уларни текшириб ўтиришга ҳожат йўқ. Саҳоба эканлари аниқ бўлса, бўлди. Ҳеч иккиланмай, хабарлари қабул қилинаверади.
Иккинчи қисм саҳобалардан кейин келганлардан иборат. Буларнинг хабарини қабул қилишдан олдин, нақл қилиш тўғрилиги билан бирга, ровийнинг ҳоли, ишончлилиги, адолати, зобти, ривоятнинг узилмай етиб келиши каби нарсалар диққат билан ўрганилади.
Ҳадисларни асрлар оша бизга етиб келиши жиҳатидан тақсимлаш борасида икки хил йўл тутилган.
Биринчи йўл фуқаҳолар, усулийлар, калом уламолари, баъзи аҳли ҳадисларнинг йўли бўлиб, улар ҳадисларни мутавотир ва оҳодга тақсимлайдилар.
Иккинчи йўл ҳанафийларники бўлиб, улар ҳадисларни мутавотир, машҳур ва оҳодга тақсимлайдилар.
Жумҳурнинг йўли
Юқорида айтиб ўтилганидек, жумҳур уламолар ҳадисларни иккига – «мутавотир» ва «оҳод»га тақсимлайдилар.
Биринчи баҳс: Мутавотир хабар.
Иккинчи баҳс: Оҳод хабар.
Хабар бизга етиб келиш жиҳатидан икки қисмга бўлинади:
- Муайян адад билан чегараланмаган йўллар билан бизга етиб келган хабар «мутавотир хабар» дейилади.
- Бизга етиб келгунча бўлган йўллари муайян адад билан чегараланган хабар «оҳод хабар» дейилади.
Бу икки хил хабарнинг ўзига яраша қисмлари, тафсилотлари бор. Ана шу тафсилотларни икки баҳсда кенгайтириб, тушунтириб баён қилинади.
Мутавотирнинг таърифи қуйидагича:
«Мутавотир» сўзи араб тилида исми фоил бўлиб, «тавотур» сўзидан олинган ва «кетма-кет келиш» маъносини билдиради. «Ёмғир тавотур бўлди» деганда, ёмғирнинг кетма-кет ёққани тушунилади.
Мутавотир хабарнинг истилоҳдаги маъноси қуйидагича: «У – кўпчилик томонидан ривоят қилинган хабар бўлиб, одатда, мазкур ровийларнинг ёлғонга келишиб олишлари мумкин эмас»[1].
Яъни, мутавотир ҳадис ёки хабарнинг ривоят қилувчиларининг ҳар бир табақасида бир неча ровийлар бўлади. Одатда, ақл билан ҳукм қилинадиган бўлса, шунчалик кўп сондаги кишилар ўзаро келишиб, ёлғонни тўқиб олишлари мумкин бўлмайди.
Мисол учун, бир ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийдан шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъинлар, улардан эса худди шунча табаъа тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана шу ҳадис «мутавотир ҳадис» дейилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, Жумада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби нарсалар жуда кўп марта, кўпчилик ҳузурида бўлгани учун ҳаддан ташқари кўп одам ривоят қилган. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади.
Мутавотирнинг шартлари
Юқоридаги таърифнинг шарҳидан аён бўладики, хабардаги тавотур сифати тўрт шарт топилгандагина вужудга келади.
- Уни жуда кўп сонли кишилар ривоят қилишлари шарт.
Ана шу кўпчиликнинг сони қанча бўлади, деган масалада уламолар бир неча фикрга ихтилоф қилишган. Шу фикрларнинг ичидан ихтиёр қилингани «хабар мутавотир бўлиши учун уни ривоят қилувчиларнинг сони ҳар бир табақада камида ўнта бўлиши керак» деганидир, яъни бир ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан камида ўнта саҳобий эшитган бўлиши лозим. Саҳобийлардан ўша ҳадисни эшитган тобеъинларнинг сони ҳам камида ўнта бўлиши зарур. Ундан кейингилари ҳам камида ўнта бўлиши керак, яъни санаднинг ҳар бир табақасида ровийларнинг сони ўнтадан кам бўлмасагина ҳадис «мутавотир» дейилади.
- Ана шу ровийларнинг кўпчилик, яъни ўнта ва ундан кўп бўлиши санаднинг барча табақаларида бўлиши лозим.
- Одатда, ана шу ҳадисни ривоят қилган одамлар ёлғонга келишиб олиши амримаҳол бўлиши ҳам шарт.
- Улар бераётган хабар ҳиссий идрок қилинадиган нарсани ифода қиладиган бўлиши керак. Масалан, «эшитдим», «кўрдим», «ушладим» дейишга оид ва шу каби нарсалар бўлиши лозим. Фақат ақлга ҳавола қилинадиган воқеъа-ҳодисалар, «Олам миллион йил олдин пайдо қилинган экан» ёки «Аллоҳ таоло оламни яратганда ундоқ бўлган экан» каби гаплар мутавотир хабар бўлиши мумкин эмас.
Мутавотир хабар зарурий илмни, яъни яқийн – шак-шубҳаси йўқ илмни ифода қилади. Бошқача қилиб айтганда, киши ана шу илмни билганда жазм ила тасдиқ қилиши заруратга айланади. Ундан бошқа иложи қолмайди.
Мисол учун, инсон бир ишни ўз кўзи билан кўрди, демак, у бу ҳақда илми яқийнни ҳосил қилди. Бошқача қилиб айтганда, ўзида зарурий илмни ҳосил қилди. Ўша нарсанинг бўлганига ишониши заруратга айланди. Ўзим кўрдим, аммо ишонмайман, дея олмайди. Бу киши ўша нарсани тасдиқлашда ҳеч иккиланмайди. Мутавотир хабар ҳам худди шундай бўлади. Шунинг учун мутавотир ҳадис ёки хабарнинг ҳаммаси тўхтовсиз қабул қилинади. Бу мутавотир хабар бўлса ҳам, ровийларини ўрганиб чиқайлик-чи, дейилмайди.
- Оҳод хабар
Таърифи: «Оҳод» сўзи араб тилида «аҳад»нинг кўплик шакли бўлиб, «битта» деган маънони англатади. Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. «Хабарул воҳид» дегани «бир кишининг хабари» деганидир. «Оҳод хабар» деганда, хабарни бир шахс ривоят қилгани тушунилади.
Истилоҳда эса ўзида мутавотир хабарнинг шартларини жамламаган хабар «оҳод хабар» деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, мутавотир даражасига етмаган хабар оҳод хабардир.[2]
У назарий илмни ифода қилади, яъни назар солиш ва далил ахтаришга қараб, тўхтаб турган илмдир. Бошқача қилиб айтганда, энг аввал хабарнинг даражасини аниқлаб олиш керак бўлади. Кейин ўша аниқланган даражага қараб амал қилинади.
Оҳод хабар икки қисмга бўлинади. Ҳар бир қисмнинг ўз хусусиятлари бўлиб, бу хусусиятлар иккинчи фаслда зикр қилинади.
Ҳанафийларнинг йўли
Ҳанафий уламолар ҳадисларни уч қисмга тақсимлайдилар. Улар: ҳадислар «мутавотир», «машҳур» ва «оҳод»га тақсимланади, дейдилар. Муҳтарам ҳанафий уламоларимиз мутавотир ва оҳод ҳадисларга тегишли барча таъриф ва тавсифларда жумҳурнинг гапларига қўшиладилар. Шу билан бирга, «машҳур» ҳадисни ўзларига хос таъриф ва тавсиф қиладилар.
Ҳанафий уламоларнинг таърифларига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражасига етмайдиган ададдаги саҳобалар ривоят қилиб, улардан эса кўпчилик нақл қилиб, шуҳрат топган ҳадис «машҳур» дейилади.
«Машҳур» ҳадиснинг «мутавотир»дан фарқи – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилувчи саҳобаларнинг сони озлигида, холос. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», «Ислом беш нарсага бино қилингандир» каби ҳадислар «машҳур» ҳадислардир.
Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. «Мутавотир» ҳадис ҳам, «машҳур» ҳадис ҳам Қуръони Каримнинг умумий ҳукмини хослайди, мутлақ ҳукмини қайд қилади.
ТИИ 4-курс талабаси
Жуманов Абдулазиз
[1] Доктор Нуриддин Итр, Манҳажун-нақди фий улумил ҳадис, – Димашқ, “Дарул-фикр” нашриёти, 1979 й. – Б.404
[2] Доктор Қосим Али Саъд, «Қийматул иснад», – БАА, Шориқа жомеаси, Шариат куллияси. Б.253