islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЎЗБЕКИСТОН: “ИЛМУ ИРФОН САБОҚЛАРИ” ФАЗИЛАТИ

Халқ манфаатлари, миллат тараққиёти, инсоният маънавиятига хизмат қилган ҳамма нарсанинг  умри узоқ бўлади. Улардан инсониятга етадиган манфаатлар ўз-ўзидан ортиб бораверади, келгуси авлодлар доимо ўз ҳаётларида маёқдек фойдаланади ва дастуруламал вазифасини бажаради. Мустақиллик даврида, айниқса унинг сўнгги йилларида диний – маърифий соҳа ривожига берилаётган эътибор халқимиз томонидан чин дилдан қабул қилинмоқда. Мана шу йўналишдаги ишларнинг ривожига “Имом Бухорий сабоқлари” журнали ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ва ҳозирда ҳам мана шу шарафли вазифани юқори савияда масъулият билан амалга оширмоқда. Маънавий-маърифий, илмий-адабий журнал сифатида иш бошлаган бу маърифат хазинаси ўтган йиллар ҳар томонлама ўсди, ривожланди ва ҳозирги кунда нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларда, хорижий давлатларда ҳам ўзининг муносиб  мавқеига кўтарилганлигига гувоҳмиз.

1999 йилда очилган Имом Бухорий халқаро жамғармаси қошида таъсис этилган мазкур журналнинг 1-сони тақдимот давра суҳбати 2000 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган. Тақдимот маросимида Азизхон Қаюмов, Алибек Рустамов каби атоқли  академиклари, Абдулазиз Мансуров, Абдураззоқ Юнусов, Убайдулла Уватов, Абдулҳаким Шаръий Жузжоний, Озод Шарафуддинов каби етук диний-дунёвий соҳаларнинг билимдон олимлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этганлар. Тақдимот маросимини Имом Бухорий халқаро жамғармаси бошқарувининг раиси З.Мунавваров кириш сўзи билан очиб, мазкур нашрнинг аҳамияти, унинг олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга алоҳида тўхталган. Жумладан, бу журналнинг асосий мақсади “маънавиятимизнинг мустаҳкам илдизларидан бири бўлган асл диний қадриятларимиз билан халқимизни кенгроқ ва чуқурроқ таништириш орқали ёшларимизни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш”  эканлиги таъкидланган.

2017 йилдан “Имом Бухорий сабоқлари” журналининг янгиланиш, янги сифат босқичига кўтарилиш даври бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Имом Бухорий халқаро маркази негизида Президентимиз Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Мазкур муҳим илмий марказнинг асосий нашри, етакчи журнали  сифатида у Ўзбекистон Олий аттестация комиссиясининг алломаларимиз илмий-маънавий мероси, диншунослик, исломшунослик соҳалари  бўйича илмий ишлар чоп этиладиган  журналлари рўйхатига киритилди.

Ўтган йиллар мобайнида журнал диний-маърифий соҳадаги мавзулар кўлами, мақолаларнинг илмий савияси, муаллифларнинг кўп сонлилиги билан соҳа журналлари орасида етакчи ўринларга кўтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ҳозирги кунда ёш исломшунос, диншунос, шарқшунос мутахассислар қабул қилинган. Улар ўзларининг илмий тадқиқотларига оид янгиликлари, хулосалари, натижаларини мазкур журналда чоп этиш орқали синовдан ўтказадилар ва кенг жамоатчилик, соҳа мутахассисларига етказадилар.

Бугунги кунда “Имом Бухорий сабоқлари” журнали замон билан ҳамнафас қадам ташламоқда. Ҳозирда журнал мақолалари хорижий талаб ва андозалар асосида чоп этилмоқда. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги мутахассис­лар журнал фаолияти билан таниш ва унда мунтазам ўз мақолаларини чоп этмоқдалар ҳамда унинг иши ҳақида ижобий фикр билдирадилар.

Юртимизнинг жадал ривожланиш даврида журнал раҳбариятининг олдида жуда катта ва муҳим вазифалар турибди. Айниқса, унинг халқаро мақомини кўтариш, етук хорижлик олимларнинг соҳага оид илмий тадқиқотлари натижаларини кўпроқ чоп этиш, нуфузли хорижий нашрлар билан ҳамкорликни кенгайтириш долзарблигича қолмоқда. Журнал 20 йиллик машаққатли, масъулиятли, шарафли йўлни босиб ўтиб,  “Илму ирфон сабоқлари”га айланди. Жонажон журналимизни унинг зиёли  мухлиси сифатида  кўп сонли муштарийлари номидан муборак 20 йиллик навқирон ёши ва таваллуд айёми билан чин дилдан муборакбод  этамиз.

Зоҳиджон ИСЛОМОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори
236900cookie-checkЎЗБЕКИСТОН: “ИЛМУ ИРФОН САБОҚЛАРИ” ФАЗИЛАТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: