Маҳмуд Қошғарий (1030-1127)
Маҳмуд Қошғарий фанда туркшунослик ва қиёсий-тарихий тилшунослик илмларнинг асосчиси сифатида тан олинади ва қадрланади. Унинг “Девони луғатит турк“асари луғатларга хос унсурларни (элементларни) қамраб олувчи дастлабки универсал луғат ҳисобланади.
Қуйида Маҳмуд Қошғарий шахсини ёритувчи 15 та маълумот келтирилади:
1. Маҳмуд Қошғарий нафақат тилшунос, тарихчи ҳам ҳисобланади;
2. Маҳмуд Қошғарий туркий тил грамматикасини ишлаб чиққан биринчи тилшунос олимдир.Туркча,арабча луғатнинг биринчи намунаси ҳам унинг номи билан боғлиқ.
Маҳмуд Қошғарий тилшунослик тарихида илк бор барча туркий тилларнинг бир неча гуруҳларини таснифлаб,улар ўртасидаги умумий ва фарқли жиҳатларини аниқлаган ҳолда қиёсий-тарихий тилшунослик деб номланувчи йўналишга асос солган;
3.Олим келиб чиқишидан қорахонийлар сулоласига мансуб. Отаси Ҳусайн ибн Муҳаммад ўша даврдаги Барсғон шаҳрининг амири бўлган. Аллома Қашқарда дунёга келган;
4. 7-8 тилни пухта эгаллаган олим 1056-1057 йилларда мамлакатдаги ички низолар натижасида ўз Ватанини тарк этади, 15 йил мобайнида қардош халқлар орасида яшайди. Шу йилларда у туркий халқлар маданиятини синчиклаб ўрганади. Ана шу тадқиқотлар натижаси ўлароқ 1072-1074 йилларда “Девони луғатит турк“асари дунёга келди.
5. Маҳмуд Қошғарий буюк асарни аббосийлардан бўлган Абулқосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Мақтадога бағишлайди. Бу асар туркий халқлар тарихида диалектологик, изоҳли, этнографик, тарихий, этимологик луғатларини қамраб олган дастлабки универсал луғат ҳисобланади.
6. “Девони луғатит турк“нинг қўлланмаси 1914 йил Туркиянинг Диёрбакр шаҳридан топилган. 319 саҳифали бу қўлланма ҳозирда Истанбулда сақланади. Бу нусҳа асар ёзилганидан 200 йил кейин асл нусҳадан кўчирилган.
7. “Девони луғатит турк” икки қисмдан иборат: “Муқаддима“ ва ”Луғат”. Унда туркий халқлар тиларидаги сўзларнинг маъноси араб тилида шарҳланган. Изоҳлаш жараёнида мисол сифатида мақоллар, қўшиқлар, тўртликлар ва бошқа бадиий парчалар келтирилган.
8. “Мен турклар,туркманлар,ўғизлар,чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ яйловларини кўп кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим. Мен бу китобни махсус алифбо тартибидаги ҳикматли сўзлар, сажлар, мақоллар, ражаз ва наср деб аталган адабий парчалар билан безадим… Мен истеъмолдаги сўзларнигина бердим, истеъмолдан чиққанларини ташладим”.
9. Асарда айниқса қабила ва уруғ тилларига оид лингивистик маълумотлар берилган.Бунда ҳар бир сўзнинг маънолари чуқур таҳлил қилинади, айрим сўзларнинг этимологиясига тўхтаб ўтилади.Товушларнинг таҳлили анча мукаммал. Морфология соҳасида сўз туркумлари учга (феъл, исм ва боғловчиларга) бўлиб кўрсатилади.
10. “Девони луғатит турк”даги мақол, матал ва шеърий парчаларнинг сони 250 тадан ортади.
11. “Девони луғатит турк”даги адабий парчалар фақат XI асрга эмас,балки жуда узоқ ўтмиш даврларининг маҳсулидир. Шу жиҳатдан бу асар туркий тиллар тарихини ўрганиш бўйича энг муҳим манба ҳисобланади.
12. Маҳмуд Қошғарий Чиндан тортиб то Римгача қадар яшаган туркий қабилалар ҳақида шундай деб ёзади: “Турклар аслида йигирма қабиладир. Ҳар бир қабиланинг саноқсиз аллақанча уруғлари бор. Мен булардан асосийларини-она уруғларини ёздим, шаҳобчаларини ташладим.”
13. Маҳмуд Қошғарий мазкур асарида ўзи тузган дунё ҳаритасини ҳам илова қилган. Харитада муаллиф айтганидек, Римдан Мочингача бўлган шаҳарлар , тоғлар, денгизлар, чўл ва дарёлар ўрин олган.
14.Маълумотларга кўра, аллома “Девони луғатит турк”дан олдинроқ тилшуносларнинг синтаксис бўлимига доир асар ёзган. Асар ”Жавоҳирун наҳви фи луғотит турк” (Туркий тиллар синтаксиси қоидалари) деб номланиб, ҳозиргача бу асар топилган эмас.
15. Маҳмуд Қошғарийнинг 97 ёшида вафот этгани ҳақида маълумотлар бор. Олим Опалдаги аждодлари мақбарасига дафн этилган. Мақбара ҳозиргача “Ҳазрати Муллом мозори” номи билан машҳур.
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин,
“Буюк аждодларимиз” номли китоби асосида тайёрланди