islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бизнинг овозларимиз ҳеч нарсани ҳал қилмайди, деб ўйлаш ҳатодир!

2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президентлик сайлови куни муносабати билан Тошкент ислом институти талабалари учун тадбир ташкил этилди. Тадбирни ТИИ проректори У.Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биносидан фойдаланиш бошқармаси бош юристконсульти, ТИИ ходими Жавоҳир Низамов сайлов қонунчилиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, фуқаролик позицияси ҳамда ҳуқуқий онг тўғрисида талабаларга маълумот берди.

Сайловлар ҳақида биз нима биламиз?

Сайловлар – сайлов кампаниясида иштирок этиш орқали сайлов ҳуқуқларини амалга оширишнинг бир шаклидир. У ҳар бир фуқаронинг ўз келажаги, ватан равнақи, ҳалқининг фаровонлигини таъминлаб бериш борасидаги сиёсий жараёндир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VIII боб. Сиёсий ҳуқуқлар 32-моддасида акс этган ҳуқуқларимиздан бири «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади».

Шунинигдек, XXIII боб. Сайлов тизими 117-моддасига асосан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.

Фуқаролар сайловларга келиб, ўз танловини амалга ошириши керак. Танлашдан бош тортиш ҳам танловдир аслида. Лекин сиёсий танловни сиз учун бошқа сайловчилар амалга оширишини унутманг. Танлов мувозанатли бўлиши ва давлатнинг бутун аҳолиси манфаатларини акс эттириши лозим. Ҳукуматнинг барча даражадаги сайловларида сайловчилар иштирокининг аҳамияти беқиёсдир. Сайловларда иштирок этиш зарурати шундаки, оддий фуқаролар ҳаёти, уларнинг турмуш тарзи тўғридан-тўғри улар томонидан амалга оширилган танловга боғлиқдир. Афсуски жамиятимсизда ушбу фуқаролик бурчига масъулиятсиз қараган фуқаролар ҳам йўқ эмас.

Сайловлар давлат ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири: маълум бир номзодга овоз бериш орқали ҳар бир инсон ўз умидлари учун овоз беради. Ҳар бир инсон бу тадбирга масъулият ва онгли равишда ёндашиши керак, «Бизнинг овозларимиз ҳеч нарсани ҳал қилмайди» – деб ўйлаш ҳатодир, чунки давлат органларига танлаш ёки сайланиш ота-боболаримиз курашган асосий сиёсий ҳуқуқимиздир.

ТИИ Матбуот хизмати

247191cookie-checkБизнинг овозларимиз ҳеч нарсани ҳал қилмайди, деб ўйлаш ҳатодир!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: