islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

IХ-ХII асрлар: Ўзбекистондан таралган Ислом нури

 IХ-ХII АСРЛАРДА ЎРТА ОСИЁДА ИСЛОМ ТАЪЛИМОТЛАРИ РИВОЖЛАНИШИГА ҲИССА ҚЎШГАН БУЮК АЛЛОМАЛАР

IХ-ХII асрларда ислом дини Ўрта Осиё халқлари давлатчилиги тарихида катта рол ўйнай бошлади. Мовароуннаҳрда бу давр араб халифалигидан мустақил бўлган давлатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши даври бўлган бўлса, ислом бу вақтда Шарқда кенг тарқалиб жаҳон дини даражасига кўтарилди ва ҳақли равишда мусулмон дунёсининг мафкурасига айланади. Халифаликка кирган ҳудудларга араб маданияти ва унинг кўплаб унсурлари, энг асосийси, ислом динининг муқаддас китоби Қуръони Карим ғоялари турли халқлар орасида кенг ёйила бошлади.

Бунинг учун бу ерларда араб тили, араб ёзуви жорий этилди. Натижада араб тили давлат тили даражасига кўтарилади. Азалдан саводли бўлган, маданият даражаси юқори даражага кўтарилган халқ тез орада нафақат араб тилини, балки исломни ҳам чуқур ўрганиб, араб тили ва шариат масалаларида китоблар ёзадиган олимларни етиштириб чиқара бошлади. Шаҳарларда мусулмон маданиятининг кўрки ҳисобланган нақшинкор безаклар билан зийнатланган салобатли масжиду мадрасалар, хонақою мақбаралар, диний ва илмий китоблар, қўлёзмаларга бой кутубхоналар ва бошқа иншоотлар қад ростлай бошлади. Масалан, манбаларнинг дарак беришича, Бухорода дастлабки мадраса Ковушдўзлар тими яқинида барпо қилинади. Ҳатто қонуншунослар учун ҳам махсус “Фақиҳлар мадрасаси” деган ихтисослаштирилган мадраса қурдирилган. Бундай билим масканларида Қуръони карим, Ҳадис илми, фиқҳ ва шариат асослари ҳар томонлама мукаммал ўрганилган.

Бу даврда ислом таълимотига бебаҳо ҳисса қўшган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизий каби кўплаб уламолар етишиб чиқдилар. Улар шу кунга қадар Ҳадис илмининг энг кўзга кўринган, бутун мусулмон дунёси томонидан тан олинган алломалари даражасига кўтарилган зотлардир. Юртимизда исломий маданиятнинг қарор топиб, илдиз отиб бориши баробарида унинг улуғвор ғоялари, асл мақсадларини кенг ташвиқ, тарғиб қилиш, айниқса ҳадис илмини асосли тадқиқ этиш кучайиб бордики, бу борада заминимиздан чиққан бир қатор буюк муҳаддис олимларнинг хизмати катта бўлди.

Ўрта Осийда диний таълимотлар сирасида аввало ҳадисшунослик илми IX асрда жиддий ривож топди. Бутун мусулмон дунёсида бирдан бир тўғри, ишончли деб тан олинган олти нафар ҳадисчилар: Имом Бухорий, Имом Муслиа ал Ҳажжож, Исо ат-Термизий, Имом Абу Довуд Сижистоний, Имом ан Насафий, Имом Абдулла ибн Язиб ибн Можажалар ҳаммаси аслан Ўрта Осиёлик бўлиб, уларнинг, «Қутуби Ситта» («Олти китоб») асари бутун дунёга машҳурдир улар орасида Имом Бухорий (810-870 йй.) ва ул зотга мансуб «Ал жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишонарли тўплам») асари ягонадир. Бу асарни исломшунослар «Қуръони Карим»дан кейинги улуғ ўринга қўядилар. 4 жилддан иборат бу муборак китобга 7275 та энг саҳиҳ (ишонарли) ҳадислар киритилган бўлиб, улар ниҳоятда қимматли тарбиявий-маърифий аҳамиятга эгадир. Алломанинг «Ал адаб ал-муфрад» («Адаб дурдоналари») асари ҳам машҳурдир. Булар мустақиллик йилларида ўзбек тилида биринчи бор чоп этилди. Унинг булардан ташқари яна 20 дан зиёд асарлари мавжуд. Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги ўлкамизда 1998 йилнинг октябрида кенг нишонланди ҳамда аломма дафн этилган Самарқанд яқинидаги Ҳартанг қишлоғида эса унга бағишлаб ёдгорлик мажмуи барпо этилди.

Имом Бухорий шогирди ва издоши Имом ат-Термизий (824-892) ҳам буюк ҳадисшунос алломалардан биридир. Унинг машҳур асари «Ал-жомеъ» деб аталади. «Аш-шамоил ан-набавийя» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари», 408 та ҳадису шарифни ўз ичига олган мазкур асар 1991 йилда ўзбек тилида биринчи бор чоп этилган), «Китоб аз-зуҳд» («Тақво ҳақида»)ва бошқа китоблар ҳам бу зоти шариф қаламига мансубдир. Ислом таълимотида шариат ва унинг рукнлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шариат (арабча тўғри йўл, қонунчилик маъносида) – ислом диний ҳуқуқи, яъни барча мусулмонлар учун бажарилиши мажбурий бўлган қонунлар, ҳуқуқий-аҳлоқий кўрсатмалар мажмуидир.

 Исломий илм тараққиётида аллома Бурҳониддин Марғиноний (1123-1197)нинг хизмати ҳам буюкдир. У 1178 йили «Ҳидоя» («Тўғри йўл») ноёб асарини яратди. Бу китобда ўша замонларда, жумлаи мусулмонлар дуч келадиган долзарб масалалар, жумладан, оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноий жазо ва инсоннинг бурч ва масъулятларига тааллуқли жуда кўп мураккаб муааммоларни исломий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этиб беради. Мазкур китоб нафақат Моварауннаҳрда, балки бутун ислом Шарқида ҳам ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба-асосий қўлланма сифатида фойдаланилган. Аллома «Бидоят ал-мубтадий» («Бош-ловчилар учун дастлабки таълим»), «Кифоят ал-мунтахий»  («Якунловчилар учун тугал таълим»), «Нашр ул-мазҳаб» («Мазҳабнинг ёйилиши»), «Китоб ул-мазид» («Илмни зиёда қилувчи китоб»), «Китоб ал-фароиз» («Фарзлар китоби»), «Маносик ул-хаж» («Ҳаж маросимлари»), Китоб ул-машоих («Шайхлар ҳақида китоб») ва бошқа кўплаб асарлар муаллифидир. Бу асарларда адолат туйғуси, ўз даврининг ҳуқуқий мезонлари асосида яшай, ўзганинг мол-мулкига кўз олайтирмаслик, ҳаромдан ҳазар қилиш, инсоф ва диёнат, меҳр-оқибат каби эзгу тушунчаларинг моҳияти очиб берилган. Алломанинг илмий мероси жаҳоннинг кўплаб олий ўқув юртлирида мусулмон ҳуқуқшунослиги йўналишида ўрганилади.

Яқин Шарқ, Ўрта Осиёлик олиму фузалолар ислом илми ривожига буюк ҳиссаларини қўшар эканлар, Аллоҳнинг яккаю ягоналиги, Аллоҳнинг бир эканлиги тўғрисида тавҳид билан ҳам машҳур бўлдилар. Фаннинг бу жабҳасида, сирлар сирида иш кўрган замон уламолари ва фузалолари орасида буюк қобилияти эгаси Абу Мансур Мотуридий номи алоҳида ажралиб туради. Унинг машҳур асарлари жумласига «Тавҳид» асарини нисбат бериш мумкин. Ушбу асар ўша замон ва давр эҳтиёжи сифатида дунёга келган. Сабаби Мотуридий яшаган давр ислом оламининг «Олтин даври» ҳисобланган. Ана шу даврда ислом илм маркази Бағдоддан Ўрта Осиёга кўчган, Самарқанд «Олтин давр» марказига айланган.

Мотуридий ислом илмидаги юксак илмий мувоффақиятлари эвазига «Абу Мансур», яъни «Fолиб ота» мартабасига мушарраф бўлди.

Ўз замонаси олимлари орасида пешқадам саналган, тилшунослик, қонуншунослик, ҳадисшунослик, мантиқ каби соҳаларда нодир асарлар яратган Каффол аш-Шоший (903-976) ижоди ҳам кўп қирралидир. Алломанинг «Одоб ал-қози» («Қозининг феъл-атвори»), «Одоб ал-бахс» («Бахс одоби»), «Ҳусни жадал» («Диалектика гўзаллиги») каби асарлари унга катта шуҳрат келтирган. У шеърият соҳасида ҳам ўз услуби ва йўлига эга етук ижодкор бўлган.

Кўҳна Хоразм диёридан чиқиб ўзининг бетакрор илмий ижоди билан Ўрта Осиё Уйғониш жараёнига жиддий таъсир кўрсата олган нуқтадон олим Маҳмуд аз-Замаҳшарий (1075-1144) номи ҳам фан осмонидаги ёрқин юлдузлардан биридир. Буюк мутафаккир араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳ (қонуншунослик)ка оид 50 дан зид ноёб асарлар муаллифидир. Унинг «Ал-Муфассал», «Муқаддимат ул-адаб», «Асос ал-балоға» («Нотиқлик асослари»), «Хутбалар ва ваъзлар баёнида олтин шодалар», «Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни», «Арузда ўлчов (меъзон)», «Ниҳоясига етган масалалар», «Нозик иборалар», «Қуръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш» каби асарлари бутун Шарқ ва араб дунёсида эътироф топган.

Мустақиллик шарофати билан юртимиз тарихида, унинг маънавий сарчашмаларида сезиларли из қолдирган, уларни ўз пок исломий таълимотлари ила бойитган улуғ алломаларимиз азиз номлари тикланиб, асарлари чоп этилиб, бебаҳо меросларидан баҳра оляпмизки, бу биз учун улкан бахтдир.

Самандар Аҳмедов

Тошкент ислом институти

Модуль таълим йўналиши 3-босқич талабаси 

248620cookie-checkIХ-ХII асрлар: Ўзбекистондан таралган Ислом нури

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: