Aллоҳ таоло Ўзинг каломида инсонларга амр қилган, улуғ ажр ва мукофотлар вада қилган амал ислоҳдир.
“Ислоҳ” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, у фасод яъни бузғунчилик қилишнинг аксидир. У яхшиламоқ, яраштирмоқ, муросага келтирмоқ деган маъноларни ифодалайди. Aммо ислоҳ сўзининг ўзи ҳам тилимизда мана шу сўзларни ўз ичига олувчи сўз сифатида ишлатилади. Ислоҳдан мақсад-инсонлар орасида ҳар қандай жиҳатдан бўлсин яхшилик ва хайрни тарғиб қилишдир. Одамлар орасини ислоҳ қилиш борасида кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган:
لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ ۚ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا
Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз (Нисо сураси 114-оят).
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз (Ҳужурот сураси 10-оят).
Мусулмон инсоннинг елкасидаги вожиб амаллардан бири биродорлари ҳисобланмиш мусулмонларни ораласини ислоҳ қилиш, уларни ёмон ишлардан қайтариб яхшиликка чорлаб туриши лозим. Зеро, ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:
عن أبى هريرة -رضى الله عنه عن النبى – صلى الله عليه وسلم -قال:
“المؤمن مرآة أخيه, المؤمنُ أخو المؤمن يكف عليه ضَيْعَته ويَحُوطُه من ورائه”
رواه الترمذي
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради”, дедилар” (Термизий ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислоҳ учун буюк ажр берилиши ҳақида хабар бериб шундай дейдилар:
عن أبي الدرداء رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «ألا أخبركم بأفضل من درجة الصيام والصلاة والصدقة؟ قالوا بلى يا رسول الله، قال: إصلاح ذات البين، فإن فساد ذات البين هي الحالقة
Aбу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ амални хабарини берайми?”, дедилар. Улар (саҳобалар): “Ҳа”, дейишди. У зот: “Инсонлар орасини ислоҳ қилишдир, чунки инсонлар орасида фасод қилиш динни йўқ қилади”, дедилар”.
Ислоҳ шу даражада муҳим амал ҳисобланадики, ҳатто ислоҳ сабабли энг ёмон гуноҳ ҳисобланган ёлғонга ҳам рухсат берилган.
عن أم كلثوم قالت: سمعت رسول الله ﷺ يقول: ليس الكذاب الذي يصلح بين الناس فينمي خيرا، أو يقول خيرا
و زاد مسام قالت: ولم أسْمعْه يُرَخِّص في شيءٍ مما يقوله الناس إلا في ثلاثٍ: الحرب، والإصلاح بين الناس، وحديث الرجل امرأتَه، وحديث المرأة زَوْجَها”؛
رواه الشيخان
Умму Кулсум розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади”, деганларини эшитганлар.
Имом Муслим зиёда қилиб:
“Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган уч нарсадан бошқага рухсат берганларини эшитмаганман: уруш, одамлар орасини ислоҳ қилиш ҳамда эрнинг хотинига ва хотиннинг эрига гапириши”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Одамлар орасини ислоҳ қилишдаги энг муҳим омиллардан бири тўғри жой ва тўғри вақт танлаш ҳамда зулм қилиб қўймаслик учун икки одам орасида адолатли ҳукм қилишдир. Чунки ноўрин ислоҳга уриниш инсонлар орасини яхшилаш учун эмас, аксинча ҳолатни баттар ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Ислоҳ қилувчи инсон қилаётган ишини холис Aллоҳ учун қилиши, риё, сумъа ва кибр каби иллатларга берилмаслиги лозим.
Ислоҳ борасида бизга энг гўзал намуна бўладиган инсон Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳоҳ мусулмон бўлсин, ҳоҳ мушрик бўлсин доим инсонлар орасини ислоҳ қилар, шу билан бирга саҳобалари розияллоҳу анҳумларни ҳам шу ишга буюрар эдилар. Бир куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аҳли Қубо бир-бирлари билан низолашиб, ҳатто бир-бирларига тошлар отиб жанжал қилишаётгани хабари берилганда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кеттик, уларни ораларини ислоҳ қиламиз!”, дедилар. Ўзлари икки дунё сарвари, Аллоҳ таолонинг севимли бандаси ҳамда пайғамбар бўлишларига қарамай икки қабилани яраштиришга ошиқдилар. Афсуски ҳозирги пайтда Росулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ўрнига пайтдан фойдаланиб, икки одам ҳали урушмасидан орага иғво уруғини сочувчилар ҳам йўқ эмас.
Шайтон алайҳи лаънанинг энг кўп ҳаракат қиладиган иши эр ва хотин орасини бузишдир. Эр ва хотинга ёки улар атрофидагиларга васваса қилиб ораса кичик бўлса ҳам кўнгилсизлик туширишга ҳаракат қилади, натижаси эса ажрим ёки талоқ бўлиши учун бор кучини сарфлайди. Шундай ҳолатда ислоҳ энг улуғ ишлардан бирига айланади. Бу вазият жуда ҳам нозик бўлгани сабаб, Aллоҳнинг арши ларзага келишини олдини олиш учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, муносиб вақт топиб уларни яраштириш ана шу энг мақталган ислоҳ турига киради.
Ислоҳ сабабли бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетган икки дўст ярашади. Яна у сабабли узоқ йиллар силаи раҳмни узиб қўйган қариндошлар яна қайта силаи раҳмни боғлашади.
Ислоҳнинг инсон ҳаётидаги фоидалари:
- Инсонлар орасида ғазаб ўрнига сакинат, нафрат ўрнига муҳаббат пайдо қилади.
- Инсонни Aллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини оширади.
- Улуғ ажру-савоб келтиради.
- Жамият ҳаётини ободлаштиради.
- Инсонлар орасида турли хил низолар келиб чиқишини олдини олади.
- 6. Қариндошлик алоқаларини тиклайди.
- Дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди.
- Оилавий можароларни олди олинади
Тарихдан ҳам маълумки, ислоҳ сабабли қанчадан қанча инсонларнинг қонлари тўкилиши олди олдинган. Бир жамоа иккинчисига қарши уруш очмоқчи бўлиб турганда, ақли расо инсонни ораларини ислоҳ қилиши оқибатида неча неча жанглар бекор қилинган.
Ислоҳнинг жамият ҳаётида ҳам жуда муҳим ўрни бор. Бир сиёсатшунос шундай дейди: “Биз қамоқхоналарда инсонларни тутиб туришимизда асосий мақсад уларни қийнашилик ёки уларга қанқайдир жазо бериш эмас, балки уларни ислоҳ қилишлик”.
Таниқли рус ёзувчиси Лев Толстой: “Зўравонлик билан амалга оширилган ҳар қанақа ислоҳот фойда бермайди. Ислоҳотдаги оқиллик-зўравонликдан йироқ бўлишдир”, деган.
Чиндан ҳам агар икки кишини ярштириб, уларни муросага келтирмоқчи бўлсак, ҳеч қачон уларга тўғридан-тўғри бориб тезда шу инсон билан муросага келиши кераклиги айтилмайди ёки унга буйруқ берилмайди, балки аста секинлик билан вазият юмшатилиб, сўнг ҳолатни яхшилаш мумкин бўлади.
Ёки неча йиллаб қамоқхонада айбига яраша жазосини ўтаб, яхши йўлга кирган маҳбусларни кўриш мумкин. Агар қамоқхонада уларга фақат ёмон муомала, жазо, калтак ва қийноқ бўлса, у инсон қилган ишидан пушаймон бўлиши жуда қийин кичади. Уларга ўз вақтида илмий томонлама тушунча бериб, олдин қилиб юрган ишлари ёмонлиги тушунтирилсагина уни ҳолати ислоҳ бўлади ва тавба қилганда ҳам қамоқдан тезроқ чиқиш учун эмас, балки ҳаётини мувозатга келтириш учун тавба қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиман, одамлар орасини ислоҳ қилишлик ҳар бир мўмин ва мўмина учун вожиб амалдир. Икки мусулмонни ораси бузиш эса мўминлик сифатини даъво қилаётган инсонга асло ярашмайди.
ТИИ 4-курс талабаси
Маннобжонова Робия