islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фархан Низамий муфтий ҳазратни Буюк Британияга таклиф қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Фархан Низамийни қабул қилдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари Президент сайловига кузатувчи сифатида келган Оксфорд ислом маркази директорига миннатдорлик билдириб, ушбу тарихий жараён Ўзбекистон тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим воқеа экани тўғрисида сўз юритдилар.

Нуфузли ташкилотларидан бири бўлган Оксфорд ислом марказининг юртимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан алоқаларини муфтий ҳазратлари алоҳида тилга олдилар.

Сўнгги беш йилда диёрмизда амалга оширилган ишлар, хусусан, диний соҳадаги енгилликлар, илмий-тадқиқот марказлари очилиши, илмий мактаблар ташкил этилиши, имом-хатибларнинг маърифий ишлари, хорижий муассасалар билан алоқалар ва нашр ишларига муфтий ҳазратлари катта урғу қаратдилар.
Шунингдек, келгусида Оксфорд ислом маркази билан илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр-мулоҳазаларни билдирдилар.
Меҳмон Фархан Низамий жавоб сўзида Президент сайловига кузатувчи сифатида таклиф қилинганидан бениҳоя мамнун эканини изҳор этиб, Янги Ўзбекистонда жуда ҳам катта ўзгаришлар ва янгиланишлар бўлаётганини эътироф этди. Шунингдек, у Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида ўзбек олимлари ҳам илмий фаолият юритишларини сўзлаб, ушбу юртнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида жуда кўп илмий изланишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди.
Меҳмон инсоният бугунги мураккаб даврда ҳаёт кечираётганини билдириб, Ўзбекистонда замонавий таҳдидлар ва глобал муаммоларга ҳозиржавоблик ила қилинаётган ишлар нафақат ушбу минтақа, балки бутун дунё учун аҳамияти беқиёс эканини юқори баҳолади.

Муфтий ҳазратлари меҳмон Фархан Низамий Ислом тарихи йўналишида йирик олим эканини инобатга олган ҳолда келгусида буюк алломаларимизнинг илмий меросни ўрганиш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш фойдали бўлишини таъкидладилар.

Меҳмон Фархан Низамий жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, муфтий ҳазратларини ушбу марказ фаолияти билан яқиндан танишиш учун Буюк Британия давлатига таклиф этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

251100cookie-checkФархан Низамий муфтий ҳазратни Буюк Британияга таклиф қилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: