islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИЛМ ОЛИШ ИНСОНГАГИНА ХОС ХИСЛАТДИР

Барчамизга маълумки, инсонлар бу дунёда 3 нарсадан:
1. Еб-ичиш, ухлаш ҳамда шу каби маиший хоҳиш-истакларни қондириш;
2. Мансабпарастлик, лавозимпарастлик каби хоҳиш-истакларни қондириш;
3. Илм олиш, китоб ўқиш каби маънавий хоҳиш-истакларини қондиришдан лаззат олади.

Биринчи турдаги лаззатланишда фақат инсонларгина лаззатланмайди, яъни бу хислат фақат инсонгагина хос эмас. Одамлардан ташқари ҳайвонлар ҳам бу турдагилардан лаззат олади, манфаатланади.
Иккинчи турдаги лаззатланишда ҳам фақат инсонларгина лаззатланмайди, бу хислат инсонгагина хос эмас. Бу нарсалар бошқа махлуқотларда ҳам учраб туради. Масалан, ўрмонларда шер ҳукмдорлик қилиб, уни бошқаради. Буни ўзидан бошқага бермайди.
Учинчи турдагиси эса фақат инсонгагина хосдир. Чунки бу дунёда, бутун ер юзида инсондан бошқа ҳеч ким илм олмайди. Олишга ҳаракат ҳам қилмайди. Балки, билмайди ҳам. Демак, аввалги икки хислатда инсонлар билан ҳайвонлар тенг шерик экан. Лекин охирги хислатда эса фақатгина инсонлар яккадир. Бундан келиб чиқадики, инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи хислат мана шу – илм олиш, изланишдир. Шунинг учун ҳам инсонлар инсоний хислатлар билан қанча кўп шуғулланса, инсонийлик даражаси, мартабаси шунча кўп ортаверади, ошаверади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларга ўзи илмни ўргатиб қўйган. Аллоҳ таоло бизларга ўргатган илм орқали ҳатто фаришталардан ҳам устун бўламиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам алайҳиссаломни халифа қилиб қўйгандан сўнг, фаришталар бунга эътироз қилишади. Шунда Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга кўп нарсаларни ўргатди.
Бу тўғрисида Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилиб айтади:
“Ва У Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини менга айтиб беринг», деди. Улар: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан», дедилар” (31-32-оят).
Фаришталар бу ерда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз, билмаймиз, деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида билмайман дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.
Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – одамнинг фазлини изҳор қилиш учун:
«Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди.
Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон нафсига бўйсуниб ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин (“Тафсири Ҳилол” 1-жуз).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илмда бизлар учун жуда ҳам кўплаб фойдалар борлиги, илм орқали бизлар саодатни топишимиз мумкин бўлганлиги, Аллоҳнинг ҳидоятига етишимиз мумкин бўлганлиги сабабли:
“Илм талаб қилиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир”, – дея марҳамат қилганлар.
Мўмин эканмиз, эрта-ю кеч, қишин-ёзин, бешикдан то қабргача илм изламоғимиз бўйнимиздаги вазифа ҳисобланади.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

405-гуруҳ талабаси Кобулов Оятуллоҳ

254940cookie-checkИЛМ ОЛИШ ИНСОНГАГИНА ХОС ХИСЛАТДИР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: