islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дунёвий ва диний тамойилларнинг ўзаро уйғунлиги: Дунёвийлик – даҳрийлик эмас (Инфографикалар)

Тошкент ислом институтида “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” махсус курси ўқув режасига киритилган.

Махсус курс доирасида Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров “Дунёвий ва диний тамойилларнинг ўзаро уйғунлиги. Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” мавзусида 2-курс талабалари учун дарс ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир киши истаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни диний эътиқод – ҳар кимнинг хусусий иши. Айни вақтда дин давлатдан ажратилган. Бу Ўзбекистонда қурилаётган фуқаролик жамияти ва дунёвий демократик давлат талабларига тўлиқ жавоб берадиган тамойилдир.

31-модда. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

61-модда. Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

Аслини олганда, маълум маънода, диний ва дунёвийлик бир-бирига мутлақ зид тушунчалар эмас.

Улар дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятига турлича қараш усулларидир. Ҳар иккаласининг ҳам объекти битта – дунёда инсон ҳаёти.

Имом Ғаззолий у дунёдаги дўзах азоблари ҳақида ёзар экан, бу дунёда қандай яшаш лозимлигини уқтиради, кишиларнинг ҳиссиётига таъсир қилиш орқали тарбиялайди.

Динлардаги буюк умуминсоний ғоялар аслида дунёвийликка хизмат қилади.

Пайғамбаримиз алайҳисаллом ҳам муборак ҳадисларида  шундай дея марҳамат қиладилар:

Умматимнинг яхшиси охиратни деб дунёни ташлаб қўймагани, дунёни деб эса охиратни унутмаганидир”.

Ҳозирги кунда Республикада 16 диний конфессия уюшмалари фаолият юритмоқда. Уларнинг бир қисми Ўзбекистон учун ноанъанавийдир. Давлат улар билан ўзаро муносабатда, ўз дунёвий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, қуйидаги тамойилларга амал қилмоқда:

-диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;
-диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;
-диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;
-маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан  фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш зарурати;
-диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этиш.

Маълум бўладики, Ўзбекистонда давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар халқаро тамойиллар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация талабларига тўлиқ мос келади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар ҳам бунга далилдир.

Давлат билан диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотларда  қонун ижросини назорат қилиб туриш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси хузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юклатилган.

Афсуски, бугунги кунимизда ислом динини жуда ҳам  саёз тушуниб ёки бу динни ниқоб килиб, Қуръони карим таълимотларини нотўғри талқин қилаётган кимсалар тинч тотув давлатларни тинчликларига раҳна солиб, у ерда истиқомат қилаёган кишиларни динидан, миллатидан жудо қилиб бир қанча динлар ўртасида низолар келтириб, парокандаликка сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунимизда замонавий шинам уйларда истиқомат қилмоғлигимиз ёки ёшларимизни замонавий коллеж ва мактабларда замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, дунё тараққиёти учун ва юрт ободончилиги учун илм ҳосил қилмоқликлари, ёҳуд халқимизни дунё давлатларидан ортда қолмасдан улар билан рақобатлашишлигида ҳар соҳада етакчи бўлиб, хусусан, илм-фан, маданият ва спорт чемпионлари бўлиб етишиб, юртни дунёга танитмокликлари, динимиз таълимотига зид эмас.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида жами 2240 та диний ташкилотлар мавжуд. Улардан 2056 та исломий, 157 та христиан ташкилотлари, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоаси, 1 та Кришна жамияти ва 1 та Будда ибодатхонаси ҳамда 1 та Библия жамияти фаолият юритмоқда.

Мазкур диний ташкилотлар орасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари (мадраса) ва Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси, шунингдек, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг Тошкент православ семинарияси ҳамда Тошкент протестант семинарияси каби диний таълим муассасалари ҳам ўрин олган.

2018 йил 16 апрель куни Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони эълон қилинди. Фармонда кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган минглаб шахслар афв этилмоқда.

Халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни янада юксак намоён этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар афв этилди.

ТИИ Матбуот хизмати

263820cookie-checkДунёвий ва диний тамойилларнинг ўзаро уйғунлиги: Дунёвийлик – даҳрийлик эмас (Инфографикалар)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: