Ислом дини аёлларни эъзозлайди ва уларнинг иффатини сақлайди. Эркакларга тегишли бўлган баъзи ҳукмлар, аёлларга ҳам тегишли. Масалан, ибодат масалалари (намоз, рўза, закот, ҳажж). Шунингдек, жамоат намозларида қатнашиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида аёллар эркаклар каби масжидга чиқишган. У даврда сафф бундай кўринишда бўлган: эркаклар, ёш болалар сўнг аёллар.
Аёлларга маҳрамсиз масжидга чиқишларида ҳараж йўқ. Лекин эрининг изни билан чиқишлари лозим. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим:”Агар аёлларингиз масжидга изн сўрасалар, изн беринглар”,деганлар.
Лекин аёл масжидга чиқиши ва жамоатга қўшилиши учун баъзи бир шартлат топилиши керак:
-фитнага солиш ва фитнага учрашдан омонда бўлиши;
-хушбўйлик ва зийнатларсиз чиқиши;
-дабдабали либосларсиз чиқиши;
-эркакларга қўшилмаслик;
-аёлларнинг сафи эркаклар сафининг орқасида бўлиши;
-масжидда аёллар кириш ва чиқишлари учун хос эшик бўлиши;
-аёллар эркаклардан олдин масжиддан чиқиши, эркаклар то барча аёллар чиқиб кетмагунча кутиб туриши лозим. Лекин ҳозирги замонда бу шартларнинг барчасига риоя қилиш осон эмас. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:
“Аёл киши-авратдир. Агар у (уйдан) чиқса шайтон унга кўз тикади. Аёл Аллоҳга уйининг қаърисида яқин бўлади”.
Умму Салама розияллоҳу анҳода марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:”Аёлларнинг энг яхши масжиди-уйларининг қаърисидир”. Бу ҳадислар аёлларнинг масжидга чиқишларидан кўра уйларидаги намозлари афзаллигига далолат қилади.
Тўғри, жамоат намози эркак ва аёллар учун суннат, лекин эркак ва аёллар ўртасидаги фитнани тўсиш фарз. Фарз суннатдан муқаддам. Фосидликни дафъ қилиш манфаатларни жалб қилишдан устун. Агар аёлларнинг жамоатига чиқиши аниқ фитнага олиб борса-ҳаром. Агар фитна чиқмаслиги аниқ бўлса-суннатлигича қолаверади. Агар фитнадан қўрқилса-ю, бўлиш бўлмаслиги ноаниқ бўлса-макруҳ, фитна эҳтимоли ошиши билан манъ қилиш даражаси ҳам ошади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: ” Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар пайдо қилган нарсани (зийнатларни) кўрганларида эди, уларни Бану Исроил аёллари қайтарилгани каби масжидлардан қайтарган бўлардилар”.(Бухорий ривояти).
Тошкент ислом институти
403-гуруҳ талабаси
Бадриддтнова Рисолат