بسم الله الرحمن الرحيم
” Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” , дея марҳамат қилиб Қуръони каримни то Қиёматгача ҳар қандай зиёдалик, камайиш, таҳриф* ва табдил*дан сақлашни ваъда қилган Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар бўлсин! Каломуллоҳни элчи-фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида Роббиларидан қандай қабул қилган бўлсалар, умматларига шундай етказган ҳофизи Қуръонларнинг энг аввали ва муқрийларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар бўлсин!
Қуръони карим нозил бўла бошлаган вақтлардан то шу кунгача бирор бир давр йўқ-ки, унда кофирлар, мунофиқлар – дин душманлари унга қарата турли ифтиролар қилишмаган, умматни “ҳаблул матин”- Каломуллоҳдан узиб қўйишга, у борасида шубҳага солишга ҳаракат қилишмаган бўлса!
Дарҳақиқат, дунёда ҳеч бир китоб Қуръончалик кўп ўқилмаган, ҳеч бир китоб Қуръончалик кўп ёдланмаган ва ҳеч бир китоб у каби қаттиқ ҳужумга ҳам учрамаган. Шунга қарамай, барча уринишлар зое кетган, ҳеч ким асосли еътироз билан Қуръоннинг ҳатто бир ҳаракатига зарар етказа олмаган.
Қуръони каримнинг таҳрифдан ҳимояланиши ,аввало,Аллоҳ таолонинг ҳифзи-ҳимояси, саҳиҳ қироат арконларига асосланган.
Жумҳур қурролар ижмоси билан саҳиҳ ва мақбул қироатнинг арконлари учта, яъни бир китобга қарата “Қуръон” дейилиши учун қуйидаги 3 сифат унда жам бўлиши керак:
1)Тавотур – қироатдаги саҳиҳ санад;
“тавотур” сўзи луғатда бир-бирига эргашмоқ, пайдарпай бўлиб келмоқ деганидир.
Истилоҳда эса ёлғонга келишиб олиши мумкин бўлмаган (даражада кўп) бир жамоанинг иккинчи жамоадан ривоят қилиши бўлиб, санаднинг аввалидан охиригача бу ҳолат давом этган бўлиши шарт.
2) Усмоний расмга тўла мос келиши – китобатдаги саҳиҳ муснад;
Бунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида 12 минг саҳоба ижмоси билан ҳам қироатан ҳам китобатан жамланган усмоний мусҳафга мос келиши назарда тутилади.
3) Араб тилига тўла мос келиши;
Юқоридаги учала шарт ,дин душманлари ўзгариб кетган ўнта Қуръон, дея ифтиро қилинаётган ягона Китобнинг ўн қироатда тўлалигича ўз аксини топган. Ушбу ривоятларнинг ҳар бири қироат имомларига табаъ тобеинлар тобеинлардан, тобеинлар саҳобалардан, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, у зот элчи- фаришта Жаброил алайҳиссаломдан, Жаброил алайҳиссалом Парвардигорлари азза ва жалладан қандай қабул қилишган бўлса,нақлан айнан шундай, бирор ўзгаришсиз етиб келган.
Ушбу қироатлар – усмоний мусҳафга, яъни Китобга тўла мувофиқ шаклда Қуръоннинг турли ўқилишдир.
Шундай экан, бу турли қироатларнинг ҳар бири, унинг ҳар жузъи мутавотирдир. Ҳар бир қисмнинг мутавотирлиги- ўз-ўзидан бутуннинг – Қуръоннинг мутавотирлигини юзага келтиради.
Масалан, Қуръондаги “الصراط” калимасининг ўқилишини олсак: “ص” ҳарфи имом Ибн Касир қироатида “س”, имом Ҳамза қироатида “ظ”, ундан бошқа барча қироатларда “ص”
деб талаффуз қилинади. Аммо калима каллиграфик жиҳатдан фақатгина “الصراط” деб ёзилади. Фонетик жиҳатдан еса, товушларда турлилик бор.( Аслида товуш ва ҳарф ўзбек тилида ҳам алоҳида бирликлардир. Бир ҳарф турли товушларни ифодалаши мумкин. Масалан: журнал ва жамоа сўзлари каби. Иккисида ҳам бир ж ҳарфи аммо ҳарф икки хил товушни ифодалаяпти.)
Яна бир мисол: Оли имрон сурасидаги وضعت калимаси. Биргина Имом Осим ривоятида икки хил ўқилади:
Шўбада: وَضَعْتُ
Ҳафсда: وَضَعَتْ
Китобат бир хил, ривоят эса икки хил. Буни тушуниш учун араб каллиграфиясидан хабардор бўлиш керак, араб тилининг фонетик, морфологик ва синтактик ўзига хосликларини тушуниш лозим.
Маълумки,араб тилида турланиш, тусланиш, замон, нисбат қўшимчалари ва шу кабилар ундош ҳарфлар устига қўйилувчи қисқа унлилар орқали ифодаланади. Бу қисқа унлилар “ҳаракат” деб номланади ва ёзувда ҳарф сифатида акс этмайди, шунга кўра бир калимада ҳарф ва товушлар сони бир хил чиқмайди. Араб тили шу жиҳати билан флектив тиллар оиласидаги бошқа тиллардан фарқ қилади,уни агглутинатив тиллардан ҳисобланмиш туркий тиллар билан муқояса қилиб бўлмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқадики, оятдаги калиманинг икки хил ўқилиши ёзувда- китобатда акс этмай, у фақатгина қироатда ифодасини топади.
(давоми бор)
Робияхон Нажмиддинова,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси кичик ўқитувчиси
__________
*таҳриф – л.м: ўзгартириш жойидан кўчириш, маъносини буриш;
ист: Қуръони каримнинг бирор ҳарф ёки ҳаракатини ўзгартириш, тушириб қолдириш, қўшиб қўйиш кабиларга ишлатали
*табдил-л.м: алмаштириб қўйиш, ўрнига бошқасини келтириш;
ист: Қуръони каримнинг ўқилишини араб каллиграфиясидан бошқа алифбога ўтказиш
транслитирация қилиш;