Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда “Мусулмон олимларининг дунё илмига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Форумда маърузачи сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси доценти Д.Раҳимжонов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан профессор Б.Тураев, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Н.Мирзаев ва малайзиялик тадқиқотчилар иштирок этди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, ЎзХИА Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Б.Хўжаев, Ўзбекистон ҳамда малайзиялик олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Халқаро миқёсида ўтказилган ушбу форумда Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Дурбек Раҳимжонов “Абу Ҳафс ан Насафийнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди.
Д.Раҳимжонов ўз чиқишида Абу Ҳафс ан Насафийнинг XI-XII асрларда яшаб, 100 дан ортиқ илмий асарлар яратгани, илм-фан соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшгани, қомусий олим, шу билан биргаликда дунёвий аниқ фанлар бўйича ҳам кўплаб асарлар ёзиб қолдиргани ҳақидаги маълумотлари форум иштирокчилари томонидан олқишланди. Алломанинг ҳаёти ва ижоди, илмий фаолияти борасида амалга оширилган тадқиқот натижалари бўйича батафсил янгиликлар берилди.
“Мусулмон олимларининг дунё илмига қўшган ҳиссаси” мавзусида ўтказилган халқаро форум давомида соҳа вакиллари томонидан ҳам кўплаб маърузалар қилинди. Бу каби илмий-амалий, тажрибаларга бой семинар, анжуман, форумларни мунтазам ташкил этиш, мулоқотларга ёш тадқиқотчилар сафини ошириш, тақдим этилган маърузаларни тўплам ҳолатида нашр этиш, ўқув жараёнларида фойдаланиш каби таклиф ва тавсиялар билдирилди.