islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистонда қанча диний ташкилот бор ва улар қандай фаолият юритмоқда? – Мутахассис билан суҳбат

Очиқ ва эркин фуқаролик жамиятини қарор топтиришга қаратилган амалий чоралар натижасида мамлакатимизда нодавлат нотижорат, шу жумладан, диний ташкилотлар учун зарур шароитлар яратилди.

Хусусан, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди. Уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.

Бу жараёнларнинг ҳуқуқий асослари ва уларга қандай риоя этилиши ҳақида Адлия вазирлиги масъул ходими Азамат Нормўминов билан суҳбатлашдик.

– 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилингани соҳа ривожига йўл очди. Қонунни тайёрлашда халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинган.

Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар ҳам берилди.

Диний қараш ва таълимотларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик мақсадида “ноқонуний диний фаолият” билан “қонуний диний фаолият” ўртасидаги чегара аниқ белгилаб қўйилди. “Диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.

Шунингдек, қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлашга қаратилган. Шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашиш қонуннинг муҳим жиҳатларидан биридир.

– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қанча диний конфессия ва диний ташкилот бор?

– Ўзбекистон – кўп конфессияли мамлакат. Унда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилади.

Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жами 2 минг 318 диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилган. Шулардан 2 минг 127 таси исломий, 191 таси ноисломий. Булардан 2099 таси масжид ва 184 тасини черковлар ташкил этади.

Уларнинг ўзаро тинч, тотув ва ҳамкор фаолият кўрсатиши Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.

 Диний таълим бериш тартиби қандай?

– Айтиб ўтиш керкки, диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши – ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.

Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.

 Ибодат либоси билан боғлиқ тортишувлар учраб туради…

– Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди.

Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар ниҳоясига етказилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА

286290cookie-checkЎзбекистонда қанча диний ташкилот бор ва улар қандай фаолият юритмоқда? – Мутахассис билан суҳбат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: