islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижтимоий тармоқлардаги ижтимоий одоблардан бири

Инсоният ижтимоий ҳаётига замонавий қулайликлар ва технологияларнинг кириб келиши жамиятда уларга нисбатан ўзига хос муносабат ва қоидаларнинг шаклланишини тақозо этиб келган. Чунки жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий тартиблар ва қарашлар аҳолининг янги техника ютуғидан фойдаланиш мезонларини вужудга келтирган. Хусусан, аждодларимиз ижтимоий ҳаётига автоуловлар ва бошқа транспорт турлари кириб келганда аниқ қоидалари билан жорий этилмасада, ундан фойдаланиш бўйича тартиблар шаклланган.

Масалан, енгил автоуловларда ҳурмат-эҳтиром юзасидан аёл-қизларнинг машина ҳайдамаслиги ёки орқа ўриндиққа ўтириши, жамоат транспортларида ёши катталар ёки аёлларга жой бериш ва ҳоказолар. Алоқа-коммуникация тизимининг ривожланишида муҳим ўрин тутган телефон тармоғининг жамиятга кириб келиши натижасида ундан фойдаланиш тартиблари хоҳ симли, хоҳ симсиз бўлсин ижтимоий одоблар доирасида олиб борилади. Мисол учун, телефон қилувчи ёки ёши кичик томон биринчи бўлиб салом беришга ҳаракат қилади, хол-аҳвол сўрамасдан асосий мақсадига ўтмайди.

Яқин ўтмишгача одамлар бир-бирларига бирор хабарни айтмоқчи бўлсалар чопар ёки хат ташувчи орқали бир неча кун ёки ой давомида маълум қилган бўлса, бугунги кунда алоқа воситалари тармоқлари кенгайиб, бу соҳада имкониятлар ошиб бормоқда. Ҳатто хабарларни бир-бирига етказишда ижтимоий тармоқнинг қайсидир хабар туридан фойдаланиб, муносабатини билдира олиши мумкин.

Дастлаб алоқа воситалари ўзаро суҳбат тарзида амалга оширилган бўлса, энди бу соҳада ҳам янгича фойдаланиш услублари шаклланиб, овозли ёки ёзма хабар жўнатиш ўрнини, баъзи ибораларни ифодалайдиган расмли ишоралар, яъни смайликлар, кейинги йилларда стикерлар ва гифлар эгаллаб бормоқда. Эҳтимол бу ҳам вақтдан ютиш учун қулай усулдир ва буни ҳам замонавий тараққиёт маҳсули деб қабул қилиш мумкиндир. Аммо инсоннинг ички ҳислари, тарбия меъёрлари ота-онага, устозга, ўзидан катта бўлган ёки ҳурматга сазовор қишиларга нисбатан хабар юбораётганда, масалан, “Ассалому алайкум” демоқчи бўлса, бунинг стикер вариантини эмас, ёзма шаклда юбориш мақсадга мувофиқ эканлигини ҳамма яхши билади. Дейлик, сизни бир ишингизни ҳал этадиган одам смс хабар ёки телеграмда хабар юборишингизни сўраса, сиз ишингизни манфаатингизга мос ҳал бўлиши учун у кишига ҳурматсизлик бўлиб қолмасин деб, стекерда хабарингизни юбормайсиз, балки ёзма тарзда ёзасиз. Демак, одоб-ахлоқ доирасига интилиб, ижтимоий тармоқда ўзаро маълумот алмашишда ҳам юборилаётган хабарнинг қай ҳолатда эканлигига эътибор қаратамиз. Шунинг учун ҳам ҳар хил стикерлар орқали бошқаларга хабар юбориб, уларнинг кўнглига озор етказиб қўймаслик керак. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ёзилган ҳолатда “Ассалому алайкум” деган хабарга “Ваалайкум ассалом” деб ёзма шаклда жавоб бермасдан шу ёзувнинг стикердаги вариантини юбориш ҳам одобсизлик бўлиб қолади. Шунингдек, яна бир жиҳат расмли стикерларни икки тараф ҳам бир хил тушуниб қабул қилмаслиги мумкин, чунки унда мавҳумлик бор ва аниқ меъёр йўқ. Байрам билан табриклаш ва бошқа тилаклар билан боғлиқ стикерлар ҳамда гифларни ҳам “Ассалому алайкум” каби тушуниш мумкин.

Аммо юқорида айтилган фикрлардан стикерлар ва гифлар мутлоқ ҳурматсизлик белгиси деб тушунмаслик керак. Ижтимоий тармоқларда кайфиятни ифодаловчи бундай белгилардан жамоавий гуруҳларда, тенгдошлар орасида ва бошқа ўринларда фойдаланиш мумкин. Аввало вақт тежамкорлигида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, вақт тежаш ёки ёзишда қийинчиликка учрамаслик учун ҳаммагаям стикерлар ва гифларни жўнатиб юбориш натижаси ўзимиздан ёши катта бўлган кишиларни кўнглига озор етказиб қўймаслигимиз керак. Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзи стикер ва гифларда аллома-аждодларимиз ёки миллий қадриятларимиз билан боғлиқ тасвирлар замонавий белги-ишоралар билан бирга акс эттирилиб тарқатилмоқда. Бу ҳолат халқимизнинг ўзлигига, миллийлигига, қадриятларимизга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаш мумкин. Шунинг учун бундай белгилар акс этган стикер ва гифларни бошқаларга юбормаслик, яъни тарқалиб кетишига йўл қўймаслик керак.

Умуман олганда, ёшларга ижтимоий тармоқларда ўринли ҳолатларда стикер ва гифлардан фойдаланиш лозимлигини тушунтириб бориш вақти келди. Чунки алоқа воситаларида бундай белги-ишоралар ҳам бугунги тараққиёт даврининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси

мудири, PhD. Обид Тангиров

Тошкент ислом институти талабаси

Тожиқулов Умрзоқ

 

 

294940cookie-checkИжтимоий тармоқлардаги ижтимоий одоблардан бири

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: