islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қонун муҳокамаси: “Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга”

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2021 йил 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳририда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилди, жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ бекор қилиниб, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди. Бундан ташқари, диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасини олгач тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби жорий қилинди.

Қонундаги шу каби ўзгаришларни ўқитувчи ва ходимларга яна бир бор етказиш, Тошкент ислом институти жамоасини ҳуқуқий саводхонлигини ўстириш, диний фаолият давомида дуч келиши мумкин бўлган вазиятларга қонуний жиҳатдан баҳо беришни шакллантириш мақсадида тадбир ташкил этилди.

Тошкент ислом институтида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатига Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази масъул ходими Шукруллоҳ Жўраев таклиф этилди.

Учрашувни ТИИ ректори кириш сўзи билан очиб бергач, Ш.Жўраев мазкур қонунда виждон эркинлиги меъёрлари аниқ кўрсатилгани, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлаш борасидаги тамойил билан маърузасини бошлади.

Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги қонунда аниқ кўрсатиб ўтилган.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

диний таълим муассасаси — муайян конфессияга мансуб бўлган, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчиларини ва улар учун зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш учун диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи томонидан ташкил этилган муассаса;

диний ташкилот — фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (маҳаллий диний ташкилот, диний таълим муассасаси ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи);

диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи — бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот;

маҳаллий диний ташкилот — Ўзбекистон Республикасининг тегишли тумани (шаҳари) ҳудудида доимий яшаётган, ўн саккиз ёшга тўлган, эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташаббуси билан ташкил этилган, фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ёки шаҳар ҳудудида амалга оширувчи диний ташкилот (масжидлар, черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва бошқалар);

миссионерлик — аниқ мақсадга қаратилган мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз динига киритиш мақсадида унга (уларга) диний қарашларни мажбуран сингдиришга ва диний таълимотни тарқатишга доир фаолият;

қонунга хилоф диний фаолият — диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш;

диний профессионал таълим — диний таълим муассасаларида ўқувчиларга маълум бир конфессияга оид диний билимлар беришга қаратилган жараён;

Қонун бир нечта муҳим янгиликлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни ўз ичига олган:

Биринчидан, “Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилди”.

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди.

Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Иккинчидан, “диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди”.

Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши — ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.

Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.

Учинчидан, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.

Тўртинчидан, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган МФЙ розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлдилар.

Бешинчидан, бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш кучайиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.

Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

“Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди. Негаки, қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин, — дейилади шарҳда. — Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди”.

Қайд этилишича, ушбу қўшимчалар жамиятда турли конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, юз бериши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Диний қараш ва таълимотларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик мақсадида қонунга хилоф диний фаолият билан қонуний диний фаолият ўртасидаги чегара аниқ белгилаб қўйилди ҳамда “диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.

8-модда. Таълим тизими ва дин:

“Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир.

Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи, уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, таъминланади.

Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга.

Диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинади.

Диний профессионал таълим олган шахслар диний таълим муассасаларида диний фанларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир”.

Шунингдек, Қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.

Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.

Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Тадбир якунида мазмунли суҳбат ва фойдали маълумотлари учун Ш.Жўраевга ташаккурнома топширилди.

ТИИ Матбуот хизмати

296080cookie-checkҚонун муҳокамаси: “Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: