islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ноқонуний диний фаолият нима?

Диний-маърифий соҳада қабул қилинаётган қонунлардан хабардор бўлиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва диний фаолиятни қонун доирасида ташкил этиш борасидаги билимларни яхшилаш мақсадида Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ва ходимлари учун давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб бергач, сўз навбати маърузачи сифатида таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Абдумалик Каримовга берилди.

А.Каримов ўз нуқтида ноқонуний тарзда диний таълим олиш, бериш, ноқонуний диний тарғибот, турли норасмий диний жамоалар таъсиридан огоҳ бўлиш, экспертизадан ўтказилмаган, ноқонуний диний адабиётлар, экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик, зўравонликни тарғиб этувчи аудио-видео маълумотларни сақламаслик ва тарқатмаслик бўйича зарур маълумотлар берди.

Қонунга кўра, ноқонуний диний фаолият деб, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланишга айтилади.

Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қонунга кўра, Вояга етмаганларни уларнинг хоҳиш-иродасига, ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг хоҳиш-иродасига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этишга йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим. Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

Тадбир якунида мазмунли суҳбат ва фойдали маълумотлари учун А.Каримовга ташаккурнома топширилди.

ТИИ Матбуот хизмати

296330cookie-checkНоқонуний диний фаолият нима?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: