Татаристонда Россияда ислом таълимига бағишланган илмий анжуман бошланди. Ушбу форум волгабўйи Булғориясининг ислом динини қабул қилганлигининг 1100 йиллигига бағишланган бўлиб, унда дунёнинг 14та мамлакатидан 200 дан ортиқ киши қатнашади.
Формуда Тошкент ислом институти Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири, исломшунослик бўйича фан доктори (PhD) Соатмурод домла Примов иштирок этмоқда.
Душанба куни Татаристон Республикаси Булғор Ислом академиясида (БИА) Россия ислом таълимини ўрганиш ва қайта тиклашга бағишланган халқаро таълим форуми бошланди.
Форум доирасида учта конференция бўлиб ўтади:
16-17 май кунлари “VI Булғор ўқишлари ”Россия мусулмонларининг ислом тарихий-маданий мероси умуминсоний қадриятлар тизимида”;
19 майда эса “V ўқишлар Ш.Марждани “Замонавий чақириқ ва таҳдидлар шароитида фатвочилик институтлари ўрни ва фаолияти”;
21 май куни Форум доирасида “Замонавий дунёда ислом таълими: муаммолар, тенденциялар ва имкониятлар” халқаро саммити.
Форумда турли мамлакатлар ислом университетлари раҳбарлари, теологлар, экспертлар, шарқшунос олимлар иштирокида Россия мусулмон диний меросини қайта тиклаш масалалари, ислом ёзма меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш ҳамда сўфийликнинг туркий халқлар тарихи ва маданиятидаги ўрни каби масалалар муҳокама қилинади.
Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Жазоир, Миср, Иордания, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Марокаш, Покистон, Сурия, Туркия ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этади.
Бўлажак форум доирасида инқилобдан олдинги Россиянинг таниқли мусулмон диншунослари ва дин арбоблари галереяси очилади, шунингдек, анъанага кўра, Булғор Ислом академиясининг янги илмий ишлари тақдимоти бўлиб ўтади.
Форум Волгабўйи Булғориясининг ислом динини қабул қилганлигининг 1100 йиллигига бағишланган. Тадбир Булғор Ислом академияси томонидан Ислом маданияти, фан ва таълимини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ташкил этилган. Унда 200 дан ортиқ киши қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Татаристон ўлкасидаги Булғор Ислом академияси (БИА) 2017 йилда очилган. Булғор ислом академияси – ислом дини бўйича олий таълим берувчи муассаса ҳисобланади. Академия ўқув корпуслари ва ётоқхона ҳамда унинг ёнида жойлашган Оқ Масжиддан иборат. Бугунги кунда БИАда 200га яқин талаба ва докторантлар таълим олмоқда.
Маълумот учун, Тошкент ислом институти (ТИИ) ва Булғор Ислом академияси (БИА) ўртасида 2019 йил ўқув, илмий ва маданий йўналишларда ҳамкорлик борасида англашув меморандуми имзоланган.
ТИИ Матбуот хизмати