«Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сен бўласан»
(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Маъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ал-Қураший ат-Таймий бўлиб, Фил воқеасидан 2 йил кейин Маккада туғилганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кунялари исмидан ҳам машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир. «Абу Бакр» у кишининг куняларидир. Исмлари эса, Абдуллоҳдир. Баъзи ривоятларда айтилишича, у кишининг аввалги исмлари Абдулкаъба бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмни Абдуллоҳга алмаштирган эканлар.
У зот узунга яқин, ўрта бўйли, таналари оқ, озғин, гур сочли, сийрак сақолли, кўзлари бироз чуқур, юзлари нурли, заковотли, озғин вужудли бир зот эдилар.
Улар хотамул анбиёи вал мурсалин бўлмиш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли ва энг вафоли биродарларидир. Бу биродарлик нубувват вазифаси топширилмасдан бир неча йил аввал, жуда самимий ўлчовлар ичида бошланиб, вафо ва севгининг энг гўзал намуналари ила давом этгандир. Бу икки биродарлардан бирининг энг машҳур лақаби “ал Амин” (ишончли инсон) – иккинчиси “ас-Сиддиқ” (энг тўғри, ростгўй)дир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам илк бор халқни ягона маъбуд Аллоҳ таолога даъват этишга амр қилганларида, ҳазрати Абу Бакр: -“Ҳаммадан аввал мени даъват этинг. Мен имон келтирдим” деганлар.
Меърож ҳодисаси билан боғлиқ ғайри табиий тафсилотларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган мушриклар ҳазрати Абу Бакрнинг олдига келиб, соҳибинг нималар деяпти? Сен ҳали бунга ҳам ишонарсан?!- деб сўрашганда, ҳазрати Абу Бакр ҳеч бир тараддуд ва иккиланишсиз:
«Агар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам айтаётган бўлсалар, албатта, ишонаман», –деб жавоб берганлар.
Шу боис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга –“Сиддиқ”[6] деб ном бердилар.
Ҳазрати Абу Бакрнинг имони ҳақида сўз борар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَا دَعَوْتُ أحَدًا إلي الإسْلامِ إلا كَانتْ لهُ كبْوَةٌ غَيْرَ أبِِي بَكر
«Кимни Исломга даъват этган бўлсам, тисарилди, иккиланди, ўйга ботди фақат Абу Бакр ҳеч иккиланмай қабул қилди”.
Тақдир битиги, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлган ҳаёти давомида энг яқин дўсти бўлиш шарафига эришган инсонни, “Биринчи халифа” қилиб тайинлаган.
Шу билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларнинг ўрталарида энг илмли ва зеҳни ўткири эканлиги ҳам кўриниб турибди.
Исломга ошкора даъват бошланиши билан имон келтирган бечора мўминларга ҳам азоб даври бошланди. Бу қийноқларни руҳида ҳис қилган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чорани уларни қулликдан қутқаришда деб ўйлади. Шу кунгача тўплаган давлатини Аллоҳ таоло ризолиги учун сарфлади. Азоб чеккан қулларнинг хожалари билан савдога киришди. Билол, Амр бин Фуқайра, Зубёна, Зимурра, Наҳдия ва Умму Аббос номли икки эркак, тўрт аёл ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу томонидан сотиб олинди ва дарҳол озод қилиниб, ҳурриятга эришдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаҳаннамдан озод қилинган инсонни кўриш билан бахтиёрлик ҳис қиладиганлар бу одамга боқсинлар”-дея Абу Бакрни кўрсатдилар.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу отасини ҳам хафа қилмади. Яъни савдодан зинҳор зарар кўрмаслигини айтиш билан кифояланарди. Зарар қилиш эмас балки Абу Бакр розияллоҳу анҳу бир инсон қилиши мумкин бўлган энг фойдали ишни бажараётган эдилар. Чунки Аллоҳ таоло шарафли элчиси Пайғамбари қалбига шу оятларни ёзганди.
الَّذِي يُؤْتِي مَالَهُ يَتَزَكَّى (18) وَمَا لِأَحَدٍ عِنْدَهُ مِنْ نِعْمَةٍ تُجْزَى (19) إِلَّا ابْتِغَاءَ وَجْهِ رَبِّهِ الْأَعْلَى (20) وَلَسَوْفَ يَرْضَى (21)
“Қайсики, у мол давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қатариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорнинг “юзи”ни истаб (эҳсон қилур). (У) яқинда (қиёмат куни ато этилажак мукофотдан) рози булур “.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзига тегишли бўлган ушбу оятларни сўнгсиз ҳаяжон ва кўзлари ёшга тўлиб тинглади. Чексиз бахт эди бу.
Ўша кунларда Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккинчи аёлининг иккинчи чақалоғини қўлига олди. Исмини Оиша қўйишди. Жуда гўзал ва ёқимтой бу қиз доимо шундай бўлиб қолди ва дунё ҳаётида севимли аёл бўлиш бахтига муяссар бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умму Руммондан бўлган тўнғич ўғлига Абдулкаъба дея исм қўйган, аммо Ислом дини келгандан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу боланинг исимини Абдураҳмон дея ўзгартирганлар.
Бир ёдномаларда Абу Мусо ал Ашъарий шундай ҳикоя қиладилар: “Бир кун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилмайман”-деб қарор қилдим ва уларнинг ортидан юрдим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ансор[9]лардан бирининг боғига кириб, эхтиёжини битиргач, менга юзландилар.
Эшикка тур ва мени рухсатимсиз ҳеч кимни ичкарига киритма- дедилар.
Бир пайт эшик таққиллади, қарасам ташқарида Абу Бакр турган эканлар. Уларга бир дақиқа кутиб туришларини айтдимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига кириб, у кишининг келганлиги ҳақида хабар бердим.Абу Бакрни ичкарига кирит ва уни жаннат билан муждала (унга жаннат хабарини бер)- дедилар.
Ҳазрат Абу Бакр Исломиятга бўлган чексиз садоқати ва собит имони шарофатидан мол-мулкини бу йўлга вақф этди, бутун умрини ҳақ дин келажаги ва тараққиётига бағишлади. Унинг ахлоқида ниҳоят бир улуғлик бўй кўрсатиб турар, шафқат ва марҳамати, мусофирпарварлиги тилларда достон бўлган эди. Пок қалбида яшаган бирдан-бир нарса ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ ва унинг Расулига чексиз ва жўшқин муҳаббат эди. Бутун ҳаёти давомида Қуръони карим йўлида борди. Қуръон билан яшади, қуръонга асосан ҳукм чиқарди. Чунки мўтабар зот, фақат шу йўл билангина абадий саодатга эришиш мумкинлигини билар, ишонарди. Бу собит ишончи туфайли у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир дақиқа ҳам ажралмаган, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳатто жонини ҳам аямаганлар. Бу зот, ҳеч муболағасиз инсоният тарихидаги энг ёрқин сиймолардан биридир. Сиддиқ ном билан дунёга донг таратган бу улуғ инсон имон эътиқод йўлида 63 ёшида ўн учинчи ҳижрий сана Жумадул охир ойининг тугашига саккиз кун қолганда, сешанба куни, Ҳақ таолонинг раҳматига эришди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
ТИИ 101-гуруҳ талабаси Бурхониддинов Шамсиддин