islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Суғуртанинг иқтисодиёт тизимидаги аҳамияти

Уламоларимиз 1990-йилдан бери давом этиб келаётган баҳс, муҳокама ва мунозаралардан кейин ананавий тижорий суғурта ақднинг ҳаромлигига, унинг ўрнига шаръий суғурта ақдини жорий этишга ижмоъ қилишди.

Қуйидаги бешта сабабга кўра улуш эгаси  бўлган ананавий тижорий суғурта ақдининг ҳаромлиги келиб чиқади:

  1. Рибо-суғурта эвазига тўланган бўлакларга эвазсиз зиёда бадал олиш.

Эвазсиз зиёда бадал олиш рибо ҳисобланади. Суғурта компаниялари маблағларини рибавий фаолиятларга  сармоя қтилиб киргизади ва бунинг орқасидан янада кўпроқ фойда олишни кўзлайди. Суғурталанувчи ўзи ҳақли бўлган бадалларни олишда кечикадиган бўлса, комппания томонидан унга нисбатан ортиқча фойда ҳисобланиб тўлаб берилади. Яъни, суғурталанадиган зарарнинг қоплови уч миллион бўлиб, суғурталанувчи уни олишда кечикса, компания томонидан уч ярим миллионлаб қилиб қопланади. Суғурта компаниялари зарар қопловларини кечиктириб беришининг сабаби, маблағни фойда келтирадиган бошқа томонда айлантириб турганлигидир[1].

Ҳаттоки ананавий тижорий суғурта ақдини жоиз дегувчилар ҳам суғурта эвазида рибо ва шубҳа борлигини эътироф этишади. Чунки бир тарафдаги пул жуда ҳам кам, иккинчи тарафдаги пул жуда ҳам кўп бўлади.

  1. Алдов – суғурта зарари собит бўлмаган ва мавжуд ҳам бўлмаган эҳтимолий иш устига қурилган бўлиб, бу эса аниқ алдов ҳисобланади. Гоҳида суғурта компаниялари муқобилида ҳеч нарса бўлмаган катта маблағга қарз бўлиб қолишади, бу ақдларнинг барчаси алдовга қурилганлигидандир.
  2. Яширин алдов ананавий тижорий суғурта компаниялари яширин алдовни ўз ичига олади. Бунинг сабаби ақд ўрни маълум бўлиаганлигидир. Яъни, зарар етказиладиган ўрин қанча суммани ташкил этиши маълум эмас.

Шунинг учун ҳам бунда алдов  яширинган бўлади. Зарар етказиладиган ўринни билиш ақдни  дурустлигининг шартидир. Яъни, ақд дуруст бўлиши учун етказиладиган зарар айнан қаерда бўлишини билиш шарт қилинади[2].

  1. Қимор – суғуртада нафс ва молни номаълум фурсатга хатарга дучор қилиш маъноси бўлиб, суғурталанувчи шахс тўлаётган тўловини номаълум фурсатга хатарга қўйиши натижасида, ё уни ютиб олади ёки ютқазади. Бу айни қимор ҳисобланиб 99 %  кишилар берган тўловларини бутун умр ололмасликлари ҳам мумкин. Бунинг акси ўлароқ суғурталанувчи ҳам арзимаган пул сарфлаб катта маблағга ҳам эга бўлиши мумкин. Бу ҳам қимор ҳисобланади. Компания бўйнига олган мажбурият бадали кутилиши мумкин бўлмаган ишга боғланган бўлади ва иккала томон бу иш қачон содир бўлишини ҳам бўлмайди. Баъзан бир умр содир бўлмаслиги ҳам мумкин. Кўпинча суғурталанувчи суғурта бадалини олиш учун баъзи бир сабабларни тўқиб чиқаради. Бу эса яхши ниятда қилинмаган. Масалан: баъзи тижоратчилар ўз дўконига ёнғин уюштириб зарарини қоплаш эвазига яхшигина пул ишлаб олишади. Бу ерда ёмон ниятда қасддан қилганми ёки эътиборсизликдан қилганми, билиб бўлмайди;
  2. Мажҳуллик – суғурталанувчилар берадиган тўловлар номаълум бўлиб, худди суғурталанган нарса ёниб кетганда ёки чўкиб кетганда қанчага қопланишини маълум бўлганидек, иккита ақд қилувчи ақд келтириб чиқарган фойда ва зарар қанчалигини ҳам билишмайди[3].

 Шу ўринда фуқаҳолар: “Биз аввалдан жорий бўлиб келаётган исломий меросимиз билан кифоялансак бўлади, бошқа ананвий тижорий ёки ўзаро ёрдам суғртада ноаниқлиқ, алдов, қимор, рибо, кўзбўямичилик ва кишилар молини ботил йўл билан ейиш бор. Шунинг учун, буларга шаръий жиҳатдан рухсат бериб бўлмайди”, дейдилар[4].

Таовуний суғурта фаолияти ўзаро ёрдам суғуртаси кўринишда муваффаққиятли ўринбосар бўла олади ҳамда Ислом қоидалари асосига суяниб, янги суғурта фаолиятини йўлга қўяди. Ҳудди  тижорат банклари ўрнига исломий банклар фаолияти ташкил қилинганидек.

Бугунги кунга келиб, Англия, Туркия, Индонезия мамлакатдарида исломий банкларнинг ҳисоб рақамидаги маблағлар жуда катта суммани ташкил этади. Агар суғурта фаолияти ислом шариати ҳукмлари доирасида ташкил қилинса, иккитаси ҳам муваффаққиятли натижага эришади. Шариат уламолари конференцияси бу муносабатларни ҳал қилишда ва амалий ҳаётга татбиқ қилишда бундай суғурта ақдларининг муносиб ечимини берди.

Ўзаро ёрдам суғуртаси ақдининг барча турлари жоиз, хусусан, ҳаёт суғуртаси ҳам шаръан жоиз бўлади, балки бу тарғиб қилинган иш бўлиб, табарруъ ақдларига кириб кетади. Бу шаръан талаб қилинган ўзаро ёрдам қабилида бўлиб, ҳайр-саҳоват асосига қурилади.

Фуқаҳоларнинг иттифоқига кўра, суғурта  турли ҳодисаларда бир-бирини кафолатлаш, мазлумларга ёрдам кўрсатиш, мусулмоннинг зиммасидаги ҳаққини адо қилиш қабилидан бўлади.

Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларга садақа ва нафақаларни яқин қариндошлар, фақир ва мискинларга бериш тўғрисидаги кўп оятларда тарғиб қилади. Аллоҳ таоло Қуръони карим “Моида” сурасида марҳамат қилиб айтадики:

وتعاونوا على البر والتقوى ولا تعاونوا على الأثم والعدوان واتقوا الله انا الله شديد

العقاب[5]

“Эзгулик ва тақво (йўлида ҳамкорлик қилингиз, гунох ва адоват (йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”[6].

Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг оч кишига таом бериш, муҳтожга ва мазлумларга ёрдам беришга буюрган кўпгина ҳадислари ҳам буни қўллаб-қувватлайди.

Бунинг сабаби ўзаро ёрдам суғурта ақдида иштирок этувчилар хатар оқибатларини енгиллатиш ва шериклардан бирига етган зарарни қоплаб бериш учун ўз хоҳиши билан қатнашади. Бундан ҳеч қандай фойдани кўзламайди. Балки исломий жамиятдаги ўзи билан бирга яшайдиган биродарига ёки ватандошига ёрдам бериш орқали фақат Аллоҳ ҳузуридаги ажр ва савобни истайди, холос[7].

Шунинг учун ўзаро ёрдам суғурта ширкатини ташкил қилиш жоиз. бўлади. Ўзаро ёрдам суғуртаси билан ананавий тижорий суғуртанинг фаркини кўрсатиб ўтиш керак бўлади. Бунда иштирокчилар бераётган табарруъ маблағларини очик ёзиб кўйиш шарт қилинади. Унда ҳеч қандай алдов, қимор ва рибога ўхшаган айблар бўлмаслиги керак.

Иқтисодий турмушда ўзаро ёрдам суғуртаи монополия ва инсонларнинг молини алдов йўли билан ўзлаштиришнинг олдини олади.

Таовуний суғурта – ижтимоий ёрдамнинг бир кўриниши хисобланиб, бунда моддий кийновсиз барчага ўз имкониятидан келиб чикиб, мажбурланмаган ҳолда инсонларнинг барча тоифаларига қулай шароит яратиш учун жорий этилган. Молиявий имкониятлари чекланган кишилар ҳам унга ҳиссаларини кушиши, зарурат тугилганда ундан фойдаланиши ҳам, натижада адолат, биродарчилик ҳамда ижтимоий таъминот мужассамлашади[8].

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Болтаев Шермуҳаммад

[1] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молиятул-муосиро.  – Байрут: Дорул фикр, 2002. – Ж-2. – Б. 275.

[2] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молиятул-муосиро. – Байрут:  Дорул фикр, 2002. – Ж. 2. – Б. 275.

[3] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Фиқҳул-Исламия ва Адиллатуҳу. –  Байрут: Дорул фикр, 2003. – Ж. 5. – Б. 2525.

[4] Муҳаммад Тақий Усмоний. Фиқҳул-буюъ. – Дамашқ: Дорул қалам, 2014. – Ж. 2. – Б. 84.

[5] Моида сураси, 2-оят.

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Ташкент: Ҳилол,  2012. – Б. 102.

[7] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молиятул-муосиро. – Байрут: Дорул фикр, 2002. – Ж. 2. – Б. 278.

[8] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молиятул-муосиро. – Байрут. Дорул фикр, 2002. – Ж. 2. – Б. 279.

304480cookie-checkСуғуртанинг иқтисодиёт тизимидаги аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: