Ҳаммамизга яхши малумки, динимизнинг устуни бўлган тафсир, ҳадис, ақоид илмлари Арабистон диёрида пайдо бўлган бўлсада, унинг қуввати, ривожи Мовароуннаҳрда бўлди. Юртимиз уламолари нафақат бу илимларда, балки араб тили грамматикасида ҳам сўнмас асарлар битиб, динни тўғри англашга ва келажак авлодга соф диний таълимотларни етказишга беминнат хизмат қилдилар. Бу буюк зотларнинг айримларини зикир қилиб ўтмасак уларнинг хаққига ҳиёнат қилган бўлиб қоламиз. Уларнинг карвонбошиси сўзсиз Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад аз-Замахшарийдир.
Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад аз-Замахшар ҳижрий 467 йил 27 ражаб чоршанба куни, милодий 1075 йил 19 мартда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган. Маҳмуд аз-Замахшарийнинг отаси унча бадавлат бўлмаса-да, лекин ўз даврининг зиёли, маърифатли, тақводор, диёнатли кишиларидан бўлган ва Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. У хулқ-атвори яхши, ширинсуҳан ва ғоятда муруватли киши бўлиб, бу фазилатлари билан эл орасида катта обрў-эътибор топган. Манбаларда қайд этилишича, бўлғуси олимнинг онаси ҳам тақводор ва диёнатли аёл бўлган.
Аз-Замахшарий дастлабки билимларини отаси Умар ибн Аҳмаддан олади. Бахтсиз ҳодиса туфайли ёшлигидан бир оёғи чўлоқ бўлиб қолгач, отаси, тикувчилик ҳунарини эгалласин деб, уни тикувчи устага шоргирдликка бермоқчи бўлади. Аммо ёшлигидан илмга интилган Маҳмуд отасидан ўзини мадрасага ўқишга юбоишини илтимос қилади. Ўғлидаги илмга бўлган зўр иштиёқни сезган ота унинг раъйига қаради. Ана шу пайтдан ёш толиби илм фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, уларни ноёб истеъдод ва ажойиб ижтиҳод билан эгаллай бошлади. Шу билан бир қаторда, ўша даврда илм аҳли орасида муҳим ҳисобланган хаттотлик санътининг сир-синоатларини ҳам мукаммал ўзлаштирди. Араб тарихчиси Ибн Халликон (1211-1288) бу ҳақда қуйидагиларни келтиради: “Талабалик ёшига (12 ёшларга) етгач, ўз илмини ошириш ва ҳар тамонлама мукаммал билимга эга бўлиш мақсадида у Бухоро шаҳрига йўл олади. Чунки Бухоро ўша пайтда, машҳур олим Абу Мансур ас-Саолибийнинг ибораси билан айтганда, “Самонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат Каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган, ер юзи адиблари тўпланган ва ўз даврининг фозил кишилари жамланган жой эди”.
Олимнинг шундан кейинги ҳаёти хорижий ўлкаларда кечди. Дастлаб у Хуросонга, сўнгра Исфаҳон, Бағдод ва Макка шаҳарларига борди. Маккада икки йил умр кечирган олим ватанига қайтади-да, шу ерда ижод билан машҳур бўлади. Сўнгра яна илм талаби билан хорижий юртларга сафар қилади. Дамашқ аҳли донишмандларидан баҳра олади. Маккаи мукаррамада уч йил туриб, билим ва ижодий малакасини такомилига етказади ва Макка амири Ибн Ваққоснинг самимий ёрдамидан илҳомланган аз-Замахшарий Қуръони карим тафсирига бағшланган машҳур “ал-Кашшоф” асарини ёзиб тугатади. Адиб кўп асарларини Маккада яратади. Аз-Замхшарий ўз ҳаётида чуқур из қолдирган Макка қарийб беш йил яшайди. Шу боисдан у “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли лақабга муяссар бўлади.
Маҳмуд аз-Замахшарий биз авлодларга бой ва қимматли илмий маънавий мерос қолдирган. Аксарият тадқиқотчиларнинг фикрича, у таълиф қилган араб грамматикаси, луғотшунослик, адабиёт, аруз, жўғрофия, тфсир, ҳадис, ва фиқҳга оид асарларнинг сони олтиимшдан ортиқдир.
Араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли жиҳатларига оид асарлар аз-Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, унинг “ал-Муфассал” (1121 йил) асари араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган манбалардан ҳисобланади. Ҳатто, Шом (Сурия) ҳокими Музаффаруддин Мусо ўз даврида, ушбу асарни ёд олган кишига беш минг кумуш танга пул ва сарупо совға беришни ваъда қилган. Ушбу асарнинг бир қўлёзма нусхаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланади. “ал-Муфассал”нинг мухтасар ҳолга келтирилган шакли “ал-Унмузаж” (“Намуна”) номи билан аталади.
Аз-Замахшарийнинг хоразмшоҳ Алоуддавла Абулмузаффар Отсизга бағишлаб ёзилган, Садриддин Айний таъбири билан айтганда, бутун дунёнинг хазинасига баробар “Муқаддимату ал-Адаб”, жўғрофияга оид “Китабу-л-жибал ва-л-амкина ва-л-миёҳ” (“Тоғлар, жойлар ва сувлар ҳақида китоб”), луғотшуносликка оид “Асосу-л-балоға” (“Балоғат илми асослари”), насиҳатомуз мақолалар тўплами “Ат-Тавоқу-з-заҳаб фи-л-мавоиз ва-л-хутаб” (“Хутбалар ва ваъзлар баёнидаги олтин шодалар”), адабиёт, тарих ва бошқа фанларга бағшланган “Рабиъу-л-аброр ва нусусу-л-аҳёр” (“Эзгулар баҳори ва яхшилар баёёни”), аруз илмини ёритувчи”ал-Қустос фи-л-аруз” (“аруздаги ўлчов”), ҳикматларни ўрганишга бағшланган “Навобиғу-л-калим” (“нозик иборалар”) ва айниқса тафсир илмига оид муҳим манба “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т-танзил ва уйуну-л-ақовил фи вужуҳу-т-таъаил” (“Оятларнинг нозил бўлиш ҳақиқати ва уни шарҳлаш орқали калималарнинг замиридаги маъноларни очувчи китоб”) асарлари алоҳҳида аҳамиятга эга.
“Устозу ал-араб ва ал-Ажам” (“Араб ва ажамларнинг устози”), “Устозуа ад-Дунё” (“Бутун дунё устози”), “Фахру Ховаразм” (“Хоразм фахри”) каби юксак эътирофларга сазовор бўлган аз-Замахшарийнинг қатор асарлари Ғарб ва Шарқ тилларига таржима қилинган. Жумладан, унинг “Навабиғу ал-калим”, “Ат-Тавоқу аз-заҳаб фил-мавоиз ва ал-хутаб” “ал-Унмузаж” каби асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
Маҳмуд аз-Замахшарий 583/1144 йилда Жўржон (ҳозирги кўҳна Урганч)да вафот этган. Ал-Ферузабодийнинг гувоҳлик беришича аллома ўзларининг мўътазилий эътиқодидан фахрланиб юраркан. Ал-Ферузабодий “Ассалом” шаҳрига зиёрат учун борганларида у ерда алломани ўз қўли билан ёзган ислоҳ қилинмаган тафсир нусхасини кўрганларини айтадилар.
Тарих китобларида келтирилишича Маҳмуд аз-Замахшарийнинг бир оёғи чўлоқ бўлганлиги айтилади. Муҳаммад Шариф Рустамжон ўғли Ҳиндистоний у алломанинг ҳаётларини гапириб, оёқларини оқсоқлик сабабини қуйидагича баён этганлар. “аз-Замахшарий ёш болаликларида бир чумчуқни оёғидан боғлаб, уни олиб юрар эдилар. У қушни инига кирган пайитида боғлаб қўйилган ипни тортиб оёғини синдириб қўядилар. Бу ишларини кузатиб турган оналари жуда қаттиқ нафратланиб. Сени ҳам оёғинг синсин, деб қарғайдилар. Уч қундан кейин уйларини томига чиқиб тасодифан йиқилиб тушиб, оёқлари синиб қолади. Суяклари майдаланиб кетган оёқларини табиблар кесиб ташлашликка қарор қилишади. Шу билан ясама оёқда ҳаёт кечириб, имкон даражасида оқсамасликка ҳаракат қилиб шижоат билан юрардилар. .
Араб диёрларида грамматик қонун-қоидалар мужассам қилинган китобни тасниф қилган вақтларда у ердаги яшаб турган туб аҳоли: “Агар чўлоқ аз-Замахшарий бўлмаганида эди, биз ўз тилимиз қоидаларини яхши билмасдан ўтиб кетган бўлар эдик”, деб у алломани мамнуният билан ёдга олганлари фақатгина аҳли илмларга маълум ишлар сарасига киради.
Айтиб ўтилган бу буюк олломамиздан ташқари жуда кўп ватандош уламоларимиз ҳам тушунарли услубларда силсила асосида араб грамматикасига тегишли асарлар ёзиб қолдирганлар.
Шу жумладан: Соҳибқирон Амр Темур томонидан Самарқанднинг шон шуҳратини ошриш ва уни жаҳон илмий марказларидан бирига айлантириш мақсадида ўз пойтахтига тўплаган олимлардан бири Мир Саййид шариф Журжонийдир. У 1387 йили Шероз фатҳ этилгандан кейин машҳур кишилар қатори Журжоний ҳам Самарқандга юбориилган. Темур вафотидан кейин Шерозга кайтиб 1413 йилда оламдан ўтган. Тўлиқ исми “Али ибн Муҳаммад ибн Али Хусайн Журжоний” бўлиб, Астробод яқинидаги Тоғу қишлоғида 740 ҳижрий (1339)йил туғилган .Аллома Журжоний умри давомида 50 дан ортиқ асарлар ёзган бўлиб, бу асарлар фаннинг деярли барча соҳаларини қамраб олган.Унинг араб грамматикасига бевосита алоқадор асарларидан бири “Сарфи-мир” номи ила машҳур бўлиб, унинг қўл ёзма нусхаларидан бир қанчаси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Темурийлар салтанати ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда бадий адабиёт ҳам янги босқичга кўтарилди. Шу даврда форс, тожик адабиёти ўзининг янги ривожланиш поғонасига эришди. Абдурахмон Жомийнинг ”Ҳафт авранг” ида етти достони билан ушбу тараққиётнинг юксак босқичини кўрсатиб берди.
Абдурахмон Жомий Шоҳруҳ даврида 1414-йил 7 ноябрда Нишопур яқинида Жом шаҳрида зиёли оилада дунёга келди. У таҳсилини Самарқандда давом эттириб, у ердан Улуғбек, қозизода Румий, Али Қушчи, фақиҳ Файзуллоҳ Абул Лайс Ас-Самарқандий сингари олимлардан кўп сабоқ олди. Жомий шамоллаш натижасида 1492 йил вафот этган.
Абдурахмон Жомий ўша давр адабиётининг энг кўзга кўринган вакили бўлиш билан бирга ўз даврининг энг буюк тилшуноси ҳам эди. У форс тили грамматикаси буйича махсус шерий ва насрий қўлланма ёзган. Араб тилини эса ўз она тилидек билган. У вақтда араб тили машҳур тилшунос олими Ибни Ҳожибнинг (1175-1249) “ал-Кофия” китоби бўйича ўрганиларди. Шоирнинг суюкли фарзанди Зиёвуддин араб тилини шу дарслик бўйича ўқир эдилар, дарсни ўзлаштиришда катта қийинчилик сезар эди. Шунда Жомий унинг аҳволини тушиниб, 1492 йили яъни умрининг охирларида “ал-Кофия”га махсус шарх ёзган. Шундан сўнг ибни Хожибнинг асари мактаб ва мадрасаларда шу шарх ёрдамида ўкитиладиган бўлди. Жомий шархи эса “Шарҳу- Мулло” номи билан шуҳрат топди.
XVI асрда Ўрта Осиёда ўзаро низолар, тахт учун кураш, катта давлатнинг аста секин парчаланиб кетиши умумий ижтимоий –сиёсий ҳамда маданий ривожланишга катта таъсир кўрсатди. Илм фан – санъат адабиёт соҳаларидаги аввалги кўлга киритилган ютуқлар , маънавий мерос катта мавқейга эга бўлиб борди. Кўпгина олим ва шоирлар донишмандлар ўз давридаги уруш жанжаллардан паноҳ излаб Самарқандга сўнг Бухорога интилдилар ва маълум маданий ривожланиш даражасини сақлаб туришга имкон яратди.
Бухорода икки Муҳаммад Шариф номли икки муфтий бўлган. Биттаси Муфтий Муҳаммад Шариф Раис Мўътасим ибн Қози Абдураҳим Бухорий, у ўз даврининг улуғ алломаси эди. “Қасидаи Бурда” га араб, форс турк тилларида назира ва татаббуъ ҳамда тахсимлар ёзиш даражисидаги етук шоир эди. Бухорода бироз фурсат Абдуллахон мадрасасида мударрис ҳам бўлган. Бир вақтнинг ўзида 400 шогирдга дарс айтган. Тазкираларда келганидек, 1269 ҳ. йилда Бухорода уламолар ўртасида мунозара юз беради. Бутун Мавороуннаҳрга машҳур бўлиб кетган бу мунозарада Муфтий Муҳаммад Шариф ибн Қози Абдуррахим Бухорий ғолиб бўлади. Ҳеч ким унинг гапига қарши чиқа олмай, унга тан берадилар. Яна бир муфтий Мавлавий Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Саъид ал- Хусайний ал–Алавий ал–Бухорийдир. Муфтий хақида Муҳаммад Неъматуллоҳ Муҳтарам алоҳида маноқиб яратган. Бошка тазкираларда ҳам ул зот хақида батафсил маълумотлар бор.
Мавлавий Муҳаммад шариф Бухорий Бухорода уламои мутабаҳҳирийнинг(илми денгиздек олимларнинг ) энг улуғларидан бўлган. Тассаввуф шайхи сифатида танилган. Ақлий ва нақлий илмларда , хусусан тафсир ва хадисда ягона пеш қадамлар эди. Ўз даврининг ўнгга яқин олимларидан таълим олган. Мавлоно Камоллуддин Қора Камол ҳамда Мавлавий Охун Юсуф Қорабоғийлар қўлида ўқиган. Юсуф Қорабоғий эса машҳур Мирзажон Шерозийнинг шогирди эди. Муфтий ҳазрат жаҳрий зикр қилар эди. Ўз даврининг етук шоири бўлиб, Шариф тахаллусида девон тартиб этган. Ашъори аҳли самоъ тоифасининг қовллари (созандаларига ) дастур-ул амал эди, дейилади тазкираларда. Ҳошия ва шарҳлари жуда машҳур ”Хужжат уз–зокирийн”, “Рисолаи исботи вожиб ал вужуд”, “Хошия шарҳи Мулло Жомий”, “Хошия Таҳзиб” сингари фойдали асарлар таълиф қилган. Субҳонқулиҳон даврида Бухоро аъламлиги мансабига кўтарилган. Дор ул-илм бўлган Бухоронинг энг покиза маконларидан бири бўлмиш Таштгарон гузарида ўз хонақосида яшаб таълим ва тадрис ишлари билан машғул бўлган. Кечалари ўз чиллахонасида тонг оттирадиган обид зотлардан эди. У зот ўз даврларида жуда машҳур бўлиб кетадики, тазкираларда Рум вилояти уламоларидан мактуб орқали ул зотга саволлар келганлиги ва ул зотнинг жавоб хат ёзганликлари ҳам айтилган. Амир Абдулазизхон ҳам унга мурид бўлган. Ул зот умри охирларида касал етганларида уни кўриш учун Бухоро амири Субҳонқулихон ўз аъёнлари билан келадилар ва барчаси унга инобат қиладилар. Ул зот ҳижрий 1109 йили Сафар ойида сажда қилган ҳолида вафот қилган. Қабрлари ўз хонақоҳидадир.
Мирзо Иноятуллох Бухорий саййидлар авлодидан бўлиб , Мавлавий Неъматуллоҳ Бухорий ўғлидир. Бухоронинг Тахтаминор маҳалласида бўлган. Тасаввуфда ҳам ўз ўрни бор эди. Ўз даврининг етук олимларидан, илми риёзий, илми тиб, илми нужумда, хусусан ,тадқиқот ишларида жуда моҳир бўлган. У Амир Ҳайдар даврида Шайх ул-ислом, Амир Насруллох даврида эса Қози ул-Қуззот даражасига кўтарилган. Тазкиранавис Фаҳмий унинг меҳмонхонасида 14 кун турганлигини фаҳр ила қайд қилган, у ўтган кунларига афсус у надоматлар қилиб йиғлар эди деб ёзади. У Рашид тахаллуси ила шеърлар битган. Ашъори 4000 байтдан зиёд экан. Бухорода Қулбобо Кўкалдош мадрасасида бош мударрис бўлган. Бухоро амирлари ундан дарс олган. Амир Хайдар даврида Бухоро жомеъсида ул зот 500 уламо даврасида шаръий масалаларга жавоб берган. Қози ул Қуззот Иноятуллоҳ Бухорий аксар тазкираларда кўрсатилишича, 1228 ҳ. йили (баъзи тазкираларда 1226) туғилган. 1273 ҳижрий йилнинг Зулқаъда ойида, сешанба куни пешин намозидан сўнг вафот этган. Қабри Ҳожа Исхоқ Колободий қабрининг шарқий тарафида. Авлодлари ҳам маълум, машҳур маърифат соҳиблари бўлган. Унинг ўғли Порсхўжа муфтий аскар бўлган экан. Невараси Бақохон хўжа аълами Бухоро бўлган.
Ҳозирги кунимизда бу фаннинг ривожига ҳисса қўшаётган устозларимиз ва уларнинг асарлари:
Ибодуллоҳ Аҳроров “Келинг араб тилида гаплашамиз”, “Тасирус сарф”. Шерали Ҳомралиев: “Араб тили дарслиги” таркиб қоидалари. Дўстмуҳаммад Насриддин Бодирий: “Мукаммал сарф дарслиги”, “Наҳв дарслиги 1,2”. Абдуқаюм Ҳикматов: “Наҳв дарслиги”. Неъматуллоҳ Иброҳимов ва Муҳаммад Юсупов: “Араб тили грамматикаси 1,2”. Шамсуддин Баҳоуддинов: “Сарф сабақлығы”. Бундан ташқари интернет сайдлари орқали ҳам бу фаннинг ривожига катта ҳизмат қилинмоқда. Жумладан www.arabik.uz сайтидан Рустамжон Раҳматуллоҳ, Абдуқоюм Ҳикматов, Абу Муҳаммад, Анвар Аҳмад каби наҳвшуносларни санаб ўтсак бўлади. Ва яна бу фан билан шуғулланиб келаётган кўплаб устозларни келтиришимиз мумкин.
Биринчи бобга хулоса қилсак мен бу биринчи бобда мундарижа, мавзунинг долзарблиги, ўрганилганлик даражаси, мақсад ва вазифалари, тадқиқот натижалари, унинг таркибий қисми, нахв илмини пайдо бўлиши ва унинг ривожланиш тарихи, бу илимнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлгани ва кимлар асос солгани ва нахв илмининг ахамияти борасида салаф солиҳларнинг фикрлари ва араб тили хақида ғарб олимларининг фикрларини келтирдим. Иккинчи парагрфда эса нахв мактаблари ва уларнинг ривожланиш тарихи ва наҳв олимлари хусусан Куфа, Басра ва Бағдод олимларининг ҳаётилари ва уларнинг устоз ва шогирдларини қисқача келтирдик. Ўз навбатида тарихда ва ҳозирда нахв илми ривожига беқиёс хисса қўшган ватандошларимиз, уларнинг сермазмун ва ибратли ҳаётларини ва бизга қолдирган буюк асарларини ҳам қисқача келтирдим.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Саидмуродов Орифхон