islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мотуридий эътиқодининг ўзига хос жиҳатлари

Балх ва Рай шаҳарлари орқали Мовароуннаҳрга кириб келган ҳанафийлик таълимоти, бу ерда ҳам Хуросондагидек жадаллик билан ривожланди ва кенг ёйилди. Мовроуннаҳрнинг кўплаб шаҳарлари, айниқса, Самарқанд ва Бухоро Абу Ҳанифа шогирдларининг қатъий ҳаракатлари сабаб ҳанафийлик таълимотининг асосий марказларига айланди.

Мовароуннаҳрдаҳанафийлик мазҳаби ривожида, албатта, ўша пайтдаги айрим сиёсий воқеалар ҳам катта роль ўйнаган.

Самарқанд 94/712 йилларда Қутайба ибн Муслим томонидан фатҳ этилгандан кейин маҳаллий аҳоли катта миқдорда хирож ва бож тўлашга мажбур эди. Аммо бу хабар Халифа Умар ибн Абдулазизга етиб боргач, у Исломга янги кирган самарқандликлардан ноҳақ олинган жизя ва хирож солиғини бекор қилиб, ўзларига қайтаришга амр берган. Аммо шундан кейин ҳам солиқлар ундириш давом этиб, маҳаллий аҳоли ҳукмдорлар томонидан хўрлана бошланди[1].

Бу ноҳақликларга Абу Ҳанифа ва унинг тарафдорлари салбий фикрда бўлдилар. Бу орада Ҳорис ибн Сурайж қўзғолони бўлиб ўтди. Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари бўлаётганноҳақликларга билдирган салбий фиклари туфайлиҳамда халқ тарафида туришлари бу таълимотнинг минтақада кенг тарқалишига сабаб бўлди. Абу Ҳанифанинг Самарқанд шаҳридан етишиб чиққан бир қатор издошлари қозилик лавозимида ишлашлари ҳам бу мазҳабнинг ушбу диёрдаги ривожига катта ҳисса қўшган. Улар расмий ишларидан бўш вақтларида илмий фаолият билан ҳам жиддий шуғулланишарди. Абу Ҳанафа издошларидан баъзилари эса ўзларини мансаблардан йироқ тутиб, фақат илмий фаолиятбилан машғул бўлдилар. Бир қатор манбалар кўрсатишича, Абу Ҳанифадан илм олган ва Мовароуннаҳрда унинг фикрларини тарқатган олимлар асосан қуйидагилардан иборат:

  • Абу Муқотил Ҳафс ибн Салм (Суҳайл) ал-Фаззорий ас-Самарқандий,
  • Шариқ ибн Абу Муқотил,
  • Наср ибн Абу Абдилмалик ал-Атоқий,
  • Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Ҳанзалий,
  • Маъруф ибн Ҳасан, Юнус ибн Сабиҳ.

Бу олимлар ичида, шубҳасиз, Абу Муқотил ас-Самарқандийнинг алоҳида ўринга эга[2].

С. Оқиловнинг (тарих фанлари номзоди) ёзишича, Самарқандда Абу Ҳанифанинг шогирдлари бошлаб берган қозилик вазифалари ва таълим жараёнлари узоқ йиллар давом этди. Бир ярим асрлик 150/767 ва 300/912 йиллар оралиғидаги даврда бу ерда муҳим жараёнлар юз берди ва бу ҳодисалар натижасида бир қатор шаҳарларда “Самарқанд мактаби” каби бир қатор ақида ва фиқҳ мактаблари вужудга келди. Хусусан, аббосийлар халифалар ҳанафийликни давлат сиёсати сифатида қувватлаши ва бу мазҳаб олимларига Самарқандда ҳам кўплаб шаҳарлардаги каби қозилик лавозимлари берилиши бу ҳодисаларни маълум маънода тезлаштирди. Натижада Самарқандда ҳанафийлик мазҳаби кенг ёйилди[3].

Манбалар Мотуридийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Маҳмуд эканлигини кўрсатиб, у зот асосан Абу Мансур Мотуридий номи билан танилган. Олим Самарқанднинг “Мотурид” қишлоғида таваллуд топган.Аллома мўътазилийлар халқнинг ғазаби ва нафратига учраган пайтда, ҳижрий учинчи асрнинг охирги ўттиз йилида таълим олган. Манбаларда унинг ҳанафийлик фиқҳи ва каломга тегишли барча илмларни асосан Наср ибн Яҳё Балхийдан (268-ҳ.ваф.) ўрганганлиги қайд этилган[4].

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий

Aс-Самарқандий[5]нинг ҳаёти ҳақида ёзганларнинг бирортаси у зотнинг таваллуд саналарини, ёки қандай таҳсил олганларини ва кимдан таъсирланганларини тилга олишмаган[6].

Мотуридий, тадқиқотчи доктор Муҳаммад Айюб Али тахминига кўра ҳижрий 238, мелодий 870 йилда таваллуд топган. Ушбу тахминнинг асосий сабаби Мотуридийнинг икки устози вафоти санасига алоқадор бўлиб, улардан бири Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий ҳижрий 248, мелодий 880 йили, иккинчиси Наср ибн Яхё Балхий ҳижрий 268, мелодий 898 санада вафот этганлигига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Мотуридийнинг ҳижрий 248, мелодий 880 йилларда ўн ёшдан кичик бўлиши эҳтимолдан узоқ[7].

Юқоридаги далилларга асосланиб аллома 870 йилда, яъни яна бир улуғ сиймо Имом Бухорий вафот этган санада таваллуд топган деб ҳисобланса, бу тасодифда Яратганнинг буюк бир ҳикмати намоён бўлади.

Абу Мансур Мотуридий Самарқандда ҳижрий 333, милодий 944 – 945 йили вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган[8].

Абу Мансур Мотуридий юксак илми, динга қилган хизматлари, Ислом ақидасини ҳимоя қилишдаги бемисл жонкуярликларинининг ифодаси бўлган бир қанча шарафли номлар билан танилганлар.  Жумладан, “Имом ал-ҳуда” (Тўғри йўл имоми), “Имом ал-мутакалимийн” (Мутакаллимларнинг етакчиси), “Раису аҳли-сунна вал-жамоа” (Аҳли-сунна ва-л-жамоа раҳбари), “Имом аз-зоҳид” (Художўй имом) ва бошқа номлар билан эъзоз топганлар[9].

Абдуллоҳ Муроий ўзининг “Фатҳ ал-мубийн фий-табақот ал-усулий” китобида қуйидагиларни айтади: “Абу Мансур кучли ҳужжатли, баҳсда ғолиб, мусулмонлар ақидасини ҳимоя килувчи, даҳрийларни шубҳаларига раддия берувчи киши эди”[10].

Мотуридий ўз таълимотини анъаналарини ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожланишига катта улуш қўшди. Илоҳиёт илмлари тўла шаклланиб камол топишига хизмат қилди. Уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишдек бир ишни амалга оширди ва ҳанафий талимотининг Ўрта Осиё халқларининг урф-одатлари билан боғлиқлигини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. У ишлаб чиққан таълимот Ислом олами томонидан тан олинган иккита ақидавий йўналишдан бири ҳисобланади [11].

Машҳур турк олими Тошкуброзоданинг таъкидлашича: “Аҳли-сунна вал жамоада калом илми раислари икки киши бўлиб, улардан бири Ҳанафий иккинчиси Шофиъийдир. Ҳанафий Абу Мансур ал-Мотуридий бўлса Шофиъий Абул Ҳасан Ашъарийдир”.

Ёшлигиданоқ бўлғуси олим кучли салоҳияти билан  устозларининг меҳрини қозонади. Шу сабаб у кишининг устозлари Абу Наср Мотуридий илмий мажлисга келгунига қадар гап бошламас, ҳар гал Абу Мансурни узоқдан кўрганида унга ажабланиб боқар ва Қуръони Каримнинг “Қасос” сураси 68- оятни ўқирди: “Парвардигорингиз ўзи хоҳлаган нарсани яратур (ва Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур”[12].

Шунга қарамай, Мотуридийнинг шахси ва унинг таълимоти кўпчилик табақот, тарих, ақида китоблари муаллифларининг эътиборидан четда қолган. Жумладан, Шаҳристонийнинг (ваф. 548/1153) “Ал-милал ва-н-ниҳал”, Бағдодийнинг (ваф. 429/1037) “ал-Фарқ байнал-фироқ”, Исфаронийнинг “Тафсир”, Ибн Хазмнинг (ваф. 456/1064) “Ал-фасл” асарларида Мотуридийнинг шахси ва Мотуридийлик зикр этилмайди. Ибн Халиконнинг “Вафоёт ал-Аъён”, Ибн Надимнинг “Фиҳрист”, Самонийнинг “ал-Ансоб” китобларида эса Имом Мотуридийнинг туғилган ватани ҳақда сўз кетар экан: “Бу жойдан кўплаб олим-у фозиллар етишиб чиққан”, – дейилади. Лекин, Мотуридий ушбу муаллифлар томонидан эътибордан четда қолдирилади.

“Табақот ал-муфассирин” китобида ҳам Имом Cуютий “Таъвилот аҳли-cунна”дек мукаммал ва машҳур тафсир муаллифини қаламга олмайди.

Ҳанафийликка оид табақот жанри дастлабки муаллифларидан бўлган Абдулқодир ибн Муҳаммад Қураший Ҳанафийнинг  “Жаваҳир ал-музия фий табақот ал-ҳанафия” китобида Мотуридий ҳақида ҳатто 10 қаторга етмайдиган жуда оз маълймотлап бепган.

  Мотйпидий илмий меросининг ўрта асрларнинг кўплаб манбаларида назапдан четда қолишига қййидагилар сабаб бўлган:

  1. Аллома ҳаёти давомида илмий фаолият олиб борган ўлка ўз даврида Ислом оламининг турли диёрларидан кўплаб олимлар тўпланадиган халифалик марказларидан узоқ бўлганлиги;
  2. Олимнинг ўрта асрларда Ислом дунёсининг илмий марказлари ҳисобланган Бағдод, Дамашқ, Макка ва Мадина каби шаҳарларга бормаганлиги ва у ердаги олимлар билан учрашиб улар билан илмий суҳбатларда бўлмаганлиги унинг танилишига шу билан биргаликда ушбу шаҳарлар тарихлари ва солномаларида зикр қилинмаслигига олиб елган;
  3. Ҳанафийлик мазҳаби уламолари илмий меросига таалуқли бўлган табақот асарларининг кечикиши. Ҳанафийликка оид табақот жанрида асар ёзган илк асар муаллифи Абдулқодир Қураший бўлиб, у ҳижрий 775 милодий 1376 – 1377 йиллари вафот этган[13].

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Бекназаров Исроил

[1] Оқилов. С. Мовароуннаҳрда мотуридия таълимотининг шаклланиши. – Т.: Мовароуннаҳр. 2012. – Б. 7.

[2] Ahmed A. K. Buyuk turk alimi Maturudi ve Maturudilik. – Istanbul: Bayrak. 2008. – Б. 44.

[3] Оқилов. С. Мовароуннаҳрда мотуридия таълимотининг шаклланиши. – Т.: Мовароуннаҳр, 2012. – Б. 21.

[4] Муҳаммад Абу Заҳра. Тарих ал-мазаҳиб ал-исламийя. – Қоҳира: Дор ал-фикр, 1995. – Б. 164.

[5] Улрих Рудолф. Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2002. – Б. 143.

[6] Муаллифлар жамоаси. Мавсуот ал-Муяссара –Байрут: Дарул-кутубил илмия, 2005. 5-ж. – Б. 99.

[7] Доктор Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳарбий. Ал-Мотуридия. – Ар-Риёд: Дар ас-Самий, 2000. – Б. 87.

[8] Окилов С. Абул-л-Муъин ан-Насафий илмий мероси ва мотурудия таълимоти. – Т.: Муҳаррир, 2008. (Монография). – Б. 5.

[9] Доктор Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳарбий. Ал-Мотуридия. – Ар-Риёд: Дар ас-Самий, 2000. – Б. 98.

[10] Муаллифлар жамоаси. Мавсуот ал-Муяссара. – Байрут: Дарул-кутубил илмия, 2005. – Ж. – Б. 99.

[11] Азимов А. Мақола. ТИУ. Ахборот бюллетени. – Т.: ТИУ, 2009/4. – Б. 8.

[12] Аловуддин Мансур. Куръони Карим. (Оят маънолари таржимаси) – Т.: Чўлпон, 1991. – Б. 282.

[13] Доктор Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳарбий. Ал-Мотуридия. – Ар-Риёд: Дар ас-Самий, 2000. – Б. 79.

309630cookie-checkМотуридий эътиқодининг ўзига хос жиҳатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: