islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сохта салафийлик иллатлари

“Салафийлик” тушунчаси араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган. “Салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” деган маъноларни билдиради.

Ҳадисларга кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” ҳисобланади. Шунга кўра, улардан кейин яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий” тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.

Қайд этиш жоизки, тарихда яшаб ўтган ислом уламоларининг асарларида “салаф ёки салафий” сўзлари кўп учрайди. Аммо уларда алоҳида ажралиб чиққан “салафийлик ҳаракати эмас, балки ислом тарихининг дастлабки уч асрида, яъни ХIII-IХ асрларда яшаган мусулмонлар назарда тутилган.

Сўнги вақтларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиори остида “салафийлик” мафкурасини байроқ қилиб олган, ўзларини гўёки “салафларнинг издошларимиз”, деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бугунги кунда сохта салафийларни умумлаштириб. Икки гуруҳга ажратиш мумкин.

Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу жадаллар билан ҳаракат қиладиган “радикал” салафийлар. Бу тоифадаги сохта салафийлар “жиҳод” ғоясининг мазмунини бузиб талқин қилиб, унга жангарилик, қўпорувчилик тусини бермоқдалар. Улар нафақат бошқа дин вакилларини, балки мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун жиҳод тушунчасидан фойдаланмоқдалар.

Иккинчиси, гўёки ўзларини давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, бироқ жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган, гўёки “мўътадил” салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларининг мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, муайян мазҳабга мансуб бўлишини ёқламайдилар.

Замонавий воқелик террор ёки давлат тўнтариши йўли билан ҳокимиятни қўлга олиш сохта салафийлар томонидан асосий йўл сифатида танланганини кўрсатади. 1979 йилнинг ноябрида Арабистон ярим оролида Жуҳайман Утайбий ва унинг тарафдорлари Маккадаги “Масжидул Ҳарам”га ҳужум уюштирди. Улар томонидан масжидни эгаллаш, умумхалқ қўзғолонини кўтариш ҳамда дастлаб Арабистон ярим оролида, сўнг бошқа минтақаларда “Ислом давлатини қуриш” режалаштирилган эди.

Ушбу ҳаракатни бостиришда, расмий маълумотларга кўра, 117 киши ўлдирилиб, 143 киши ҳибсга олинди, ҳукумат кучларидан эса 127 киши  ҳалок бўлиб, 451 киши яраланди.

Ушбу воқеалардан сўнг салафийлик ғоялари ва унга асосланган ҳаракатлар мазкур ҳудудда тазйиқ остига олинди ва ўз навбатида, араб дунёси чагарасидан чиқиб, бошқа минтақаларга тарқалди.

Бугунги кунда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.

ТИИ Тиллар кафедраси ўқитувчиси Козимхон Асроров  

320880cookie-checkСохта салафийлик иллатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: