25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган диний соҳа ходимларининг видеоселектори бўлиб ўтди.
Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза қилиб, давлатимиз Раҳбари имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг аҳамияти, динимиз тараққиёти ва халқимиз манфаати йўлидаги ўрни беқиёслиги ҳамда диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим бандлар уларга кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси эканини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари Фармоннинг биринчи бандида қайд этилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғоясига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу тарихий Фармондан келиб чиқиб, диний соҳа ходимларининг олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб бердилар.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши юртимизда диний таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичга олиб чиқиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, мазкур Фармондаги “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари, мақсад-вазифалари ва афзалликлари тўғрисида сўз юритди.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур Фармонда жуда кўп имтиёз ва қулайликлар берилиши ўз навбатида диний соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юклаши, давлатимиз Раҳбари бошчилигида мўмин-мусулмонларни рози қилиш йўлида қилинаётган ишлар давомли бўлиши учун қўйилган мақсад ва вазифаларни аҳил-иноқ бўлиб, ғайрат-шижоат ва сабр-матонат билан бажариш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ислом цивилизация маркази томонидан муборак динимизнинг асл моҳиятини тушунтириш ва Ислом маданиятини кенг тарғиб этиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ва қўмита фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги бандларнинг аҳамиятини изоҳлаб берди.
Шундан сўнг ҳудудлардан видеоселектор йиғилишида иштирок этаётган Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов сўзга чиқишди. Жумладан, бош имом-хатиб Абдулҳай Турсунов мазкур 15 та банддан иборат муҳим Фармон диний соҳа ходимларининг кўнглини тоғдек кўтаргани, уларга жуда катта эътибор ва имкониятлар берилгани, бу борада барча диний ходимлар ҳамжиҳатликда ишлашлари зарурлигини билдирди. Бош имом-хатиб Раҳматуллоҳ Усмонов мазкур Фармон талабларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш масадида, муфтий ҳазратлари томонидан таъкидланган 10 та банддан иборат топшириқларни изчиллик билан амалга оширишга ваъда берди.
Шунингдек, йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан қўмита тузилмасида янги ташкил этиладиган ахборот-таҳлил маркази фаолияти тўғрисида, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек эса диний ходимларнинг илмий савиясини ошириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
[…] куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган видеоселектрда нутқ сўзлаган диний идоранинг Қорақалпоғистондаги […]