Тошкент ислом институтида Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг “Тасаддуқ, Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам!”, “Ихлос – амаллар зийнати”, “Ҳаж буюк ибодатдир”, “Умра улуғ амал” ва “Ҳидоятга бошловчи суҳбатлар” номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда ЎМИ тасарруфидаги 3та олий ва 10та ўрта махсус ислом таълим муассасалари мудирлари, ўқитувчилари ва талабалари Zoom орқали онлайн иштирок этдилар.
Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Ректор У.Ғафуров тақдимотни кириш сўзи билан очиб берди. ЎМИ раиси биринчи ўринбосари Ҳ.Ишматбеков табрик сўзи билан иштирок этди.
Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг китобларига бағишланган қисқа форматдаги видеоролик намойиш этилди. Сўнгра маърузачиларга сўз навбати берилди.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Саидаҳмедов ““Тасаддуқ ё расулуллоҳ” китобининг хусусиятлари”, Бухоро вилояти “Чор Бакр” жоме масжиди имом хатиби, “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ЎМИБЮ мудири Азизхўжа домла Иноятов ““Ихлос – амаллар зийнати” муҳим оммабоп асар сифатида”, Тошкент ислом институти ўқитувчиси, ЎМИ фатво маркази директори ўринбосари Ғуломжон домла Холбоев ““Ҳаж – буюк ибодат” рисоласининг афзалликлари”, “Фахриддин ар-Розий” ЎМИБЮ мудири Давронбек домла Абдуқодиров ““Исломда Ватан тушунчаси” асари ватан- парварликнинг ёрқин ифодаси”, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Яҳё домла Раззақов ““Умра – улуғ амал” – умра ибодати борасида мўъжаз рисола”, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани бош имом хатиби Собиржон домла Рустамов ““Ҳидоятга бошловчи суҳбатлар” флешкарти” мавзусида нутқ қилдилар.
Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули киши бир қавмни яхши кўрса-ю, уларнинг амалларига етиша олмаса (нима бўлади)?» деб сўради. «Эй Абу Зарр! Сен ўзинг муҳаббат қўйган одамларинг билан бирга бўласан!» дедилар. «Мен Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қўйганман», деди. «Эй Абу Зарр! Сен кимга муҳаббат қўйган бўлсанг, ўшалар билан биргасан!» дедилар».
Шундай экан, илму маърифат йўлида китоб ёзиб унда оламларнинг сарвари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ёритиш, ҳадисда баён қилган муҳаббатга лойиқ бандалар сифатида эътироф этишга сабаб бўлaди.
ТИИ Матбуот хизмати