Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишланган илм «Aс-сийратун набавиййа» дeйилади. Сийрат илк Ислoм даври адабий жанри бўлиб, араб тилидан таржима қиладиган бўлсак, «ҳаёт йўли», «таржимаи ҳoл» ибoраларига тўғри кeлади. Бинoбарин, истeлoҳда Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари тариxи, у зoтнинг таржимаи ҳoллари, дeя oламиз. Бу илмда мутаxассис бўлган уламoлар эса «Сийрат уламoлари» дeб нoмланишади. Ҳозирги кунда ана шу илмда мутахассис ҳисобланган, сийрат илми бўйича юртимизнинг кўзга кўринган олими Абдулазим домла Зиёуддин ҳисобланадилар.
Бугун «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси устоз Абдулазим домла Зиёуддиннинг Сийрат фанига оид китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Абдулазим домла 20 йилдан бери Олий маъҳад талабаларига Сийрат фанидан дарс бериш билан бир қаторда китобхонлар учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид кўплаб асарлар ёзиб, тақдим қилмоқдалар.
Абдулазим домла нашр эттирган “Сиз пайғамбарни кўрганмисиз 1-2”, Олтинхонтўра Саййид Маҳмуд Тарозийнинг “Нурул Басар”, “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” ва Шайх Муҳаммад Хузарий қаламига мансуб “Нурул Яқин” китобларининг ёзилиши ва таржима услуби, маълумотлар таҳқиқи, муқова дизайни, нашрга ундаган сабаблар ва бошқа қизиқарли маълумотларни тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашдилар.
«Нурул яқийн» дунё мусулмонлари қатори бизнинг ҳам муҳаббатимизни қозонган. «Нурул яқийн» бугунги кун талаблари асосида арабчадан она тилимизга Абдулазим домла Зиёуддин томонидан луғавий-адабий ва илмий-академик услубда ўгирилган. Таржима бежизга «академик» деб аталмаган. Сабаби, китобни таржима қилиш баробарида катта тадқиқот ишлари амалга оширилган: ҳар бир маълумот мўътабар манбалар «элагидан» ўтказилган, керак ўринларга шарҳ берилган, қўшимча қўшилган, изоҳ ёзилган, манбалар илова қилинган.
«Нурул басар». Бу асар улуғ ватандошимиз, Олтинхонтўра номлари билан танилган олим Саййид Маҳмуд Тарозий (1895-1991) раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, уни муаллиф ўз ватандошларига атаб ёзганлар.
«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (Макка ва Мадина даврлари) 1-2 китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига янгича, савол-жавоб, тест услубда мурожаат этилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт». Бу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли байтлари ҳақида мусулмон киши билиши керак бўлган бирламчи тарихий маълумотларни илмий асосда тақдим этади.
Муаллиф томонидан юқорида санаб ўтилган барча китоблардан «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ахборот Ресурс Марказига 100 та, ҳамда мадраса устозларига алоҳида 70 та умумий 170 та китоб ҳадя қилинди.
Ушбу тадбирдан таълим муассассаси талабалари жуда ҳам манун бўлиб, қизиқарли ва керакли маълумотлардан баҳраманд бўлдилар. Тадбир сўнгида эса ўзлари қизиққан саволларга жавоблар олдилар.
Биз Устоз Абдулазим Зиёуддин домланинг келажакдаги илмий-ижодий фаолиятларига Аллоҳ таолодан барокотлар сўраб қоламиз. Келажакда халқимиз ва толиби илмларимизга бундан ҳам кўпроқ ва манфаатлироқ ҳизмат қилишларини тилаб қоламиз.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати