Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло ўз каломида шундай деб марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқув билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар”.
Мусулмон ҳолларингизда дунёдан ўтинглар деган амрнинг ўзи мусулмон кишини соф исломий эътиқодларни ўрганиш нақадар муҳим эканини исботлайди. Бу борада тавҳид ислом динининг асосларидан бири ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло ширкдан бошқа барча гуноҳларни хоҳлаган бандаларимдан мағфират қиламан деган. Энди, шу ўринда тавҳид калимасининг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида танишиб чиқсак
Муҳамммад Анвар Бадахшоний “Ақидатут-Таҳовий”га ёзган шарҳида тавҳиднинг луғавий маъносини шундай изоҳлаган:
Тавҳид луғатда “وحد يوحد توحيدا” дан олинган масдар бўлиб, бирор бир нарсага бирлик ва ёлғизликни нисбатини бериш ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. Чунки “التفعيل” вазни ва шу вазнда келган феъл ва масдарлар нисбат беришни баён этиш учун келади. Масалан “فسقته” дейилса, “унга фисқ нисбатини бердим” дегани бўлади. Таъдият учун бўлмайди. Шу сабабли “وحدت الله” деса “Аллоҳга ёлғизлик нисбатини бердим” ва “Албатта, Аллоҳнинг ёлғиз эканлигига ишондим” дегани бўлади. Бунда Аллоҳни ёлғиз қилдим маъноси йўқ. Чунки Аллоҳнинг ваҳдонияти, У зотни ёлғиз қилдим дейишлиги билан бўлмайди.
Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мағнисавий эса “Ал-Фиқҳ ал-Акбар” китобининг шарҳи “Абул Мунтаҳо” китобларида тавҳиднинг луғавий маъносида шундай деганлар:
الحكم بان شيء واحد والعلم بانه واحد
Бирор нарсага ягоналик ҳукмини бериш ва ўша нарсани ягона деб билиш” деб изоҳ берганлар
Тавҳиднинг истилоҳий маъноси:
Тавҳиднинг истилоҳий маъноси тўғрисида бир қанча таърифлар келган. Мулла Али Ал-Қорий роҳматуллоҳи алайҳ тавҳидни шундай таърифлаганлар:
هُوَ إِثْبَاتُ الْوَحْدَانِيَّةِ لِلذَّاتِ الصَّمَدَانيَّةِ
Абадий Зотнинг яккаю ягоналигини тасдиқлаш, тавҳид деб аталади.
“Қомусул муҳийт” китобида, “Тавҳид ёлғиз Аллоҳга имон келтиришдир”, дейилган. Муҳамммад Анвар Бадахшоний эса “Ақидатут-Таҳовий”нинг шарҳида тавҳиднинг истилоҳий маъносига шундай таъриф берганлар:
أنْ يَتَبَرَّأَ الاِنْسَانُ عَنْ جَمِيعِ وُجُوهِ الاِشْرَاكِ بِاللهِ وَ يَعْتَقِدَ أَنَّ اللهَ سُبْحَانَهُ وَ تَعَالَى وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لاَ فِى ذَاتِهِ وَ لاَ فِى صِفَاتِهِ وَ لاَ فِى اَفْعَالِهِ وَ لاَ فِى اَسْمَائِهِ وَ لاَ فِى اَحْكَامِهِ
Инсон Аллоҳни ширкнинг ҳамма кўринишларидан ўзини сақлаб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, яккаю ёлғиз эканлигига эътиқод қилиши тавҳид деб аталади
Ақоид уламолари илоҳиёт бобидаги масалаларни иккита асосга боғлаб тушунтирадилар:
Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш;
Аллоҳ таолонинг бирлигига иймон келтириш;
Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш далиллари ҳақида қуйидаги гапни айтганлар: “Аллоҳ таолонинг борлигига далиллар махлуқотларнинг ададларичадир”. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш далиллари ҳам икки қисмга бўлинади:
1) барча махлуқотларда мушоҳада этиладиган далиллар;
2) пайғамбарлар олиб келган далиллар.
Тавҳид – бу ҳар бир мусулмоннинг ўзининг ҳаётида машғул бўладиган нарсаси. У ҳаётини тавҳид билан бошлаб ва ҳаётини мана шу тавҳид билан тугатади. Унинг бу ҳаётда бўлган мақсади мана шу тавҳидни ва унга бўлган даъватни барпо қилишдир. Чунки тавҳид эътиқоднинг асли бўлиб, мўминларни бирлаштиради ва мана шу калимаи тавҳидга ҳаммаларини жамлайди. Тавҳид Ислом дининг шиори ҳисобланади.
Тошкент ислом институти
404 гуруҳ талабаси
Аметниязов Нурмуҳаммад