islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Огоҳ бўлинг такфирчилар ниқобда

2017 йил 2 февраль куни ahlisunna.uz  каналида Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳобнинг такфирчилиги номли мақолада такфирчилар ва уларнинг манфур асосчиси хақида маълумот берилганди. Жумладан, унда такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш шариатда қораланган иш бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг барчаси ўзларидан бошқаларни кофирга чиқариш билан танилганлар. Ана шундай тоифалардан бири Мухаммад Ибн Абдулваҳҳоб (м. 1703-1792 й.) томонидан бошлаб берилган “мазҳабсизлик” (ҳозирда салафийлик, деб юритилади) оқими ҳисобланади. Унинг бошлиғи аввалбошданоқ такфирчи эканлиги билан танилган эди.

Ҳанбалийлар муфтийси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд ан-Наждий (ваф. 1878) ўзининг “Ас-Суҳуб ал-вобила ъала зароиҳ ал-ҳанобила” номли асарининг 276-саҳифасида бундай деганлар: “Унга (яъни, Ибн Абдулваҳҳобга) бирор кимса раддия қилиб, қилмишларини очиб ташласа, уни очиқчасига ўлдира олмаса, уни тўшагида ёки бозорда, тунда ўлдириб кетадиган кимсаларни юборар эди. Уни бу ўзига қарши чиққанларни кофирга чиқарганлиги ва ўлдиришни ҳалол санагани учун қиларди”.

Маккаи мукаррамада шофеъийлар муфтийси, мударрислар раиси бўлган Аҳмад Зайний Даҳлон эса “Ад-Дурар ас-санийя фи-р-радди ъала-л-ваҳҳобийя” асарида бундай ёзиб қолдирганлар: “Ибн Абдулваҳҳоб бундай дер эди: “Мен сизларни тавҳидга ва Аллоҳга ширк келтирмасликка даъват қиламан. Етти осмон остидаги барча одамлар мутлақо мушрикдирлар! Кимки бирор мушрикни ўлдирса, унга жаннат бўлсин!”.

Ибн Абдулваҳҳоб ва унга эргашганлар ўз вақтида жами мусулмонларни кофирга чиқарганлар, қонлари ва молларини ҳалол санаганлар. Аҳмад Зайний Даҳлон “Умаро ал-балад ал-ҳаром” номли асарининг 297-298 саҳифаларида қуйидагиларни айтганлар:“Такфирчилар Тоиф шаҳрига кириб келганларида одамларни қатлиом қилганлар. Каттаю кичик, маъмур-у амир, оқсуяк ва оддий инсонларни ўлдираверганлар. Онанинг қўйнидаги сут эмаётган ёш гўдакни сўйиб ташлаганлар. Одамларни уйларида, ҳовлиларида ўлдирганлар, Қуръон дарсини қилиб ўтирган жамоани кўриб, уларни ҳам ўлдириб юбораверганлар. Сўнгра масжидга кириб, масжидда рукуъ қилувчи ва сажда қилувчиларни  ҳам ўлдирганлар. Мол-дунёларни талаганлар. Ҳатто оёқлари билан мусҳафларни босқилаганлар, “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” сингари ҳадис, фиқҳ наҳв китобларини ҳам топтаганлар. Мусулмонларнинг молларини талаб, худди кофирлардан олинадиган ғаниматлар сингари тақсимлаганлар”.

Такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш бугунги куннинг энг катта балоларидан биридир. такфирчиларнинг бошлиғи Ибн Абдулваҳҳоб бу ишни ўз тоифасига бошлаб берган кимса ҳисобланади.

Такфирчилар ақида манҳажида ҳам фиқҳ манҳажида ҳам аҳли суннага зид масалалар иддао қилиб чиққанлар. Шу боис Муҳаммад ибн Абдул  Ваҳҳобга қарши ўз замонасида хам, ундан кейин ҳам, бугунги кунда ҳам юзлаган раддия сифатида ўнлаб китоблар юзлаб мақолалар ёзилган. Ушбу оқим чиқибдики, мусулмонлар бошига мисли кўрилмаган кулфатлар ёғдириб келишмоқда. Яқин шарқ мамлакатларидаги хунрезликларнинг асосий сабабчиси такфирчилар оқими мафкурасидир.

Такфирчилар тарихда кўп машъум из қолдирганлиги, такфирчиликни эшитганлар улардан хазар қиладиган бир даражага бориб етганлиги  сабаб бугунги кун такфирчилари ўзларини бошқа ном билан кўрсатиб асл башараларини  яширишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Жумладан, улар ўзларини Қуръони ва хадисга амал қилувчилармиз, Қуръон ва ҳадис турганда мазҳабга эргашилмайди деган баҳона билан ўзларига оғдириб олишга , такфирчилик мазҳабига эргаштиришга интилишмоқда. Юқорида келтирилган мисоллардан такфирчиларга хос асосий белгилардан бири ўзларига қўшилмаган мусулмонлани куфрда айблаш, уларга суиқасд уюштириб қатл қилиш, борган жойларида мавжуд ҳукуматга қарши фитна қўзғаб боғийлик қилиш, талончилик қилиш, одам ўлдириш, экинзорларни куйдириш, шаҳарларни, турар жойларни, саноат корхоналарни вайрон қилиш, ишлаб чиқаришни издан чиқариш каби ислом шариати қайтарган ишларни амалга ошириб келишмоқда. Хўш ушбу ишларни қайси бири Қуръон ва хадисга мувофиқ?!

Бу аслида мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас. Эътиборли одамга буни тушунтириш осон. Исломнинг беш устуни бўлган барча амалларни ҳанафий мазҳабида асосида амалга оширилса, мисол учун кундалик ибодатларда таҳорат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж зиёратини амалга оширишда амалларнинг барчаси мазҳаб уламолари томонидан Қуръон ва ҳадисдан тўғри амал қилиб кетаверадиган қилиб ҳукм олиниб уларнинг даражалари белгиланган. Жумладан, буйруқ амалларларда фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, қайтариқларда эса ҳаром ва макруҳ даражалари мужтаҳид уламоларимиз томонидан белгилаб берилган. Ҳеч қайси бири Қуръон ва хадисдан ташқаридан олинган эмас. Балки ҳар бир ханафий мазҳабида бажариладиган ибодатларни барчаси Қуръони карим ҳамда хадиси шарифлардан далилларга асослаган. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ҳар бир ҳанафий мазҳаби асосида амалга ошириладиган амалларга Қуръони карим ҳамда ҳадис набавиялардан далиллар келтирилган. Демак ҳанафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириб келаётганлар барча амалларида Қуръон ва ҳадисга мувофиқ амал қилаётганларига ишончлари комил бўлсин.

Шу ўринда бир хикоя келтирамиз. Бир кампир шайхдан масала сўради. Шайх унга: “Саволингга  Имом Молик сўзи билан жавоб берайми ёки Қуръону суннатдан?” деди. Кампир айтди: “Имом Молик сўзи билан жавоб қилаверинг. У киши Қуръон ва суннатни сиздан кўра яхши билади”, деди.

Аимма билди қуръон маънисин туз

Кўнгилни қўймағил сен ҳар қаю юз    (Сўфи Аллоёр)

Юқоридаги байтда имомлар (мазҳаб имомлари) Қуръон маъносини тўғри билишди. Сен кўнглингни ҳар тарафга бурмагин, дейилмоқда.

Такфирчилар асли келиб чиқиши Усмонийлар империясини  парчалаб ташлаш, ичдан бузиш учун ғарб томонидан юзага келтирилган оқим ҳисобланади.  Бунга етарли тарихий далиллар мавжуд. Усмонли турклар давлати ҳанафий мазҳабида ибодатларни амалга ошириб, ҳукмларни хам ҳанафий мазҳабида  чиқариб келишган. Усмонийларга қарши ўлароқ такфирчилар атайин кундалик ибодатларни бажаришда ҳанафийлар ушлаган ҳадисларни ушламасдан шоз ва заиф ёки мансух (амали тўхтатилган) ҳадисларни ушлаб ибодатлар бошқа бир услубда амалга оширишган. Бу қайсарликдан бошқа нарса эмас.

Кейинги ўзларига берган номлари ҳақида гоҳида улар ўзларини аҳли сунна вал жамоамиз деб ўзларини такфирчиликларини яширишиб такфирчилик манҳажини давом эттириб келишди. Уламолар уларни ақидавий ва фиқҳий масалаларда иддао қилган масалалари аҳли сунна вал жамоа зид эканини, уларни аҳли суннадан эмаслигини таъкидлашди. 2016 йилнинг август ойида Чеченистонинг пойтахти Грозний шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда ислом оламининг кўзга кўринган 200 нафар уламолари қатнашиб такфирчи салафийларни аҳли сунна вал жамоадан эмас деб қарор қабул қилинди.

Кейинги такфирчилар ўзларининг манҳажи салафи солиҳ дея салафийлармиз деб иддао қила бошлашди. Улар ўз таъсирини муваффақиятли тарқатиш мақсадида “такфирчилик” номидан воз кечишди ва бошқа ном остида яширинишди. Улар ўзларини “салафийлар” деб атай бошлашди. Аслида, Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи вассаллам кейин уч юз йил яшаган мусулмон олимлари салафлар деб аталади. Аслида хақиқий салафи солиҳлар тўрттала мазҳаб соҳиблари экани уламолар томонидан исботлаб берилди.

Аввалги такфирчилар мазҳабни мутлақ инкор қилиб баъзида кофирга ҳам чиқариб келган. Бугунги кун такфирчилари ўзларини мазҳабни инкор қилмаган ҳолатда кўрсатиб такфирчилигини яшириб, яна ақидада такфирчилик ғояларини тарқатишмоқда. Аҳли сунна вал жамоанинг иккита ақилавий таълимот асосчилари аҳли сунна вал жамоа ақидаси ҳимоячилари бўлган Мотуридийлар ҳамда Ашъарийларни аҳли суннадан эмас, адашган дея иддао қилишмоқда. Мустақилликнинг илк кунларида юртимизга кириб келган такфирчиларнинг биринчи бошлаган ишлари мазҳабни инкор қилиш, мазҳабдагиларни мушрикликда айблаш билан бошланган. Шу орқали турли низолар юзага келтиришган.

Тошкент ислом институти талабаси Муртазоев Арабхон Авазхон ўғли

380340cookie-checkОгоҳ бўлинг такфирчилар ниқобда

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: