islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илм-маърифат тараққиёт омили

Жамият маънавияти мамлакат тараққиётининг муҳим шарти ва кафолатидир. Шу нарса ҳақиқатки, бирон-бир мамлакат ўз маънавий имкониятларига таянмай, одамлар онги, тафаккурида маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантирмай, халқнинг миллий руҳини уйғотмай туриб, юксак тараққиёт даражасига кўтарила олмайди. Маънавит инсонни руҳий покланиш ва юксалишга даъват этадиган, унинг ички оламини бойитадиган, иймон иродаси, эътиқодини мустаҳкамлайдиган, виждонини уйғотадиган қудратли кучдир.

Тарихдан маълумки, мамлакатимиз бир неча бор босқинчилар ҳужмига дучор бўлган, қарамлик ва жулм остида қолган. Бунинг оқибатида халқимизнинг бой маънавий мероси, урф-одатлари қадрсизланишга маҳкум бўлган. Айниқса, чор мустамлакачилиги ва советлар тузими даврида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз оёқ ости қилинди. Она тилимиз, бой маънавий меросимиз қадрсизлантирилди, кўплаб масжиду-мадрасалар, миллий мактаблар, тарихий ёдгорликлар бузилди, қаровсиз қолди. Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган кундан бошлабоқ мамлакатимизда бой маънавий меросимизни тиклаш ва ривожлантириш, жамият маънавиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Жамият маънавиятини тиклаш ва юксалтиришни таъминловчи маънавий-маърифий ислоҳотларнинг йўналишлари белгилаб олинди.

Мустақиллик дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз маънавий меросини тиклаш ишлари бошланиб кетди.

Маънавий мерос қадим замонлардан бери аждодларимиз, ота-боболаримиздан бизгача етиб келган маънавий бойликлар-сиёсий, фалсафий, ҳуқуқий ва диний қарашлар, ахлоқ-одоб меъёрлари, илм-фан ютуқлари, тарихий, бадиий ва санъат асарлари мажмуидир. Маънавий қадриятлар, бойликлар инқилобий йўл билан ҳосил қилинадиган ҳодиса эмас, у жамият тараққиётининг барча босқичларида унинг эҳтиёжлари туфайли юзага келади ва ўша давр ҳаётини акс эттиради, у жамият ўзгариши билан йўқолиб кетмайди, кейинги авлодлар учун мерос бўлиб қолади. Ҳар бир авлод маънавиятни янгидан яратмайди, балки мавжуд маънавий меросга таянади. Бироқ уни қандай бўлса шундайлигича, кўр-кўрона қабул қилавермайди, тараққийпарварлик, инсонпарварлик, адолат нуқтаи назаридан қабул қилади ва ривожлантиради.

Истиқлол туфайли миллий маданиятимиз, жаҳон цивилизацияси тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк бобокалонларимизнинг маънавий мероси қайтадан ўрганилди  ва тикланди. Халқимиз улардан баҳраманд бўла бошлади. Мустақиллик йилларида халқимиз маънавияти юлдузлари бўлган буюк алламаларимизнинг таваллуд топган тарихий саналари ЮНЕСКО билан ҳамкорлик мамлакатимизда ва халқаро миқёсида кенг нишонланди.

Буюк алломаларимиз юбилейлари муносабати билан уларнинг ўнлаб ноёб асарлари турли тилларда нашр этилди, уларга атаб зиёратҳоглар, боғлар яратилди.

Жамият маънавиятини юксалти-ришда тарихий хотира, аждодлар тархини билиш, миллий аҳлоқий қадрият ҳамда анъаналар ва муқаддас динимизнинг ўрни ва аҳамияти катта. Бирон бир халқ ўз тарихини билмай, асрлар оша яратилган маънавий меросга таянмай ва уни  янада ривожлантирмай туриб ўз келажагини тасаввур эта олмайди. Шу боис мустабид тузум даврида сохталаштирилган халқимиз тарихини холисона, ҳаққоний ёритиш, барча ўқув масканларида Ватан тарихини  ўқитиш борасида муҳим тадбирлар амалга оширилди.

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси

кабинет мудири Мавлянкулов Мурод

401040cookie-checkИлм-маърифат тараққиёт омили

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: