islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шариатда иттифоқ қилинган ислом асослари

Ислом шариатида барча Ислом уламолари қайси мазҳабга мансуб бўлишларидан қатъий назар, инсондан содир бўлган ҳар қандай ишга, у айтган ҳар бир сўзга, улар ибодат бўладими, муомила бўладими, жиноят бўладими, жазо бўладими, оилага тааллуқли масала бўладими, уларга яраша ҳукм борлигига иттифоқ қилганлар. Ислом олимларининг айтишларича, инсонларнинг қилган ишларининг ҳукми асосан тўрт манбадан чиқарилади. Улар Қуръон, Суннат, Ижмоъ, Қиёсдир. Ушбу тўрт манбанинг шаръий манба сифатида ҳужжат эканлигига ҳамда даражалари ҳам шу тартибга кўра эканлигига ҳамма олимлар иттифоқ қилганлар.  Булар “Усулул-аҳком”, яъни, ҳукмларнинг асли, асоси деб ҳам айтилади.  Масалан, мужтаҳиддан бирор ишнинг шаръий ҳукми сўралса, у аввал Қуръони-каримдан жавоб излайди, жавоб топса унга биноан ҳукм қилади. Агар топмаса, суннатга мурожат қилади, жавоби топилса суннатга суянган ҳолда ҳукм чиқаради. Агар ундан ҳам топилмаса, сўралган иш ҳукмига Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг мужтаҳидлар айнан ўша сўралган иш юзасидан якдил фикрга келган бўлсалар шунга кўра жавоб беради.  Агар бундай ижмоъ мавжуд бўлмаса, мужтаҳид у ишнинг шаръий ҳукмини чиқариш учун қиёс йўли билан мазкур ишга ўхшаш ишлар юзасидан шариатга берилган жавобларга илмий асосда ёндашиб, ҳар томонлама мулоҳаза қилиб таққослаб, ўзининг бор илмини сарфлаб жавоб беради.

Мазкур тўрт асосий манбанинг ҳаққонийлигига ҳамда шу тартибда келишига Қуръон ояти далилдир.

  يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

 “Эй, иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарларга) итоат этингиз. Бордию бирор нарсада келиша олмай қолсангиз, Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва пайғамбарга ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ ишдир“.

Мазкур ояти каримадаги “Аллоҳга итоат қилиш”дан Қуръонга эргашиш тушунилиши лозим. Расулга итоат қилиш деганда суннатга эргашиш; ўзларингдан чиққан иш эгаларига (улул-амрга) итоат қилинглар, дейилганида, уламоларга эргашиш тушунилади. “Улул-амр”ни ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳу уламолар деб тафсир қилганлар. Аммо бир фикрга келиша олмаган масалани Аллоҳга ва расулига қайтариш – Аллоҳ ва унинг расули айтган ҳукмларга солиштириш, яъни, қиёс қилиш демакдир.

Ҳукм чиқаришда мазкур тартибга, яъни, аввал Қуръон, кейин Суннат, сўнг ижмоъ, ва ундан кейин қиёс келишига яна бир далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яман мусулмонларига таълим бериш учун юбораётган вақтларидаги кўрсатмаларидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳудан сўрадилар.

-Агар сендан бирор масала сўралса нима билан ҳукм қиласан ?

-Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қиламан. -Агар жавобини Аллоҳнинг китобидан топа олмасангчи ?  -Унда Аллоҳ расулининг суннати ила ҳукм қиламан. -Агар Аллоҳ расулининг суннатидан ҳам топа олмасангчи ? -Унда бор билимини сарфлаб ижтиҳод қиламан , – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Муознинг кўкракларига ташаккурона уриб: “Аллоҳ расулининг элчиси яъни, Муозни Аллоҳнинг расули рози бўладиган ишга муваффақ қилган Аллоҳга шукрлар бўлсин” дедилар. Шундай қилиб, мазкур ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз розияллоҳу анҳунинг жавобларидан мамнун бўлганликлари, уни тасдиқлаганлари ҳар бир ишга ҳукм чиқаришда тартиб шундай бўлишга далилдир. Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳам худди шу тартиб сақланиб қолганлиги ва уни халифалар, саҳобалар ҳаётига амалий татбиқ қилганлари ҳақида бир қанча саҳиҳ ривоятлар собит бўлгандир. Имом ал-Фарро Маймун ибн Меҳрон: “Абу Бакр  розияллоҳу анҳу агар кишилар ўртасида содир бўлган ишни ҳал қилишлари лозим бўлиб қолса, Аллоҳнинг китобига қарардилар. Унда сўралган нарсанинг ечими бор бўлса, шунга мувофиқ ҳукм чиқарардилар агар Аллоҳнинг китобидан бу саволга жавоб топа олмасалар, Расулуллоҳдан айнан шу масаланинг ечимига айтилган ҳадисни билсалар, шунга биноан жавоб берардилар. Борди-ю билмасалар ёки суннатдан топа олмасалар, ўша даврни маслаҳатга лаёқати бор кишиларни тўплаб бир ечимга келишса, шунга кўра ҳукм қилардилар. Ҳазрати Умар ҳам худди шу йўлни тутардилар” деб ривоят қилади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳунинг мазкур иш тартибларини улуғ саҳобалар, машҳур забардаст олимлар маъқуллаганлар.

Тарихдан маълумки, бу тартибга уларнинг бирорталари ҳам мухолиф иш олиб бормадилар. Бугунги кунимизда ҳам бу тартибга барча мусулмонлар томонидан асл ҳолича амал қилиб келинмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Тошкент ислом институти талабаси

Буранов Абулқосим

409970cookie-checkШариатда иттифоқ қилинган ислом асослари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: