Исломнинг илк асрларидаёқ мусулмонларнинг тиббиёт соҳасидаги хизматлари улкан эди. Европа илм-фан ва маданият соҳасида тўлиқ турғунликни бошидан кечирган пайтда, мусулмонлар ўзлари тасарруф қиладиган мамлакатларида жуда кўп академия ва университетлар барпо қилдилар. Мусулмонлар юнон, Бобил ва қадимги мисрликлардан ташқари, форс ва ҳинд тиббиётини ҳам қабул қилиб, пухта ўзлаштирган эдилар.
Милодий 7-8 асрларда Жундишапур, ҳозирги Ироқда, ўша пайтдаги энг йирик тиббиёт мактаби ташкил этилган бўлиб, у Ҳиндистон ва Хитой тиббий илмларини араб диёрларигача етиб келишида асосий вазифани бажарган. Йиллар ўтгач, ана шу мактабда машҳур мусулмон табиби ва файласуфи, Авиценна номи билан танилган ҳамюртимиз Ибн Сино ҳинд ва хитойларнинг тиббиёт соҳасидаги билимлари билан танишган.
Милодий 9-аср охирига келиб юнон табибларининг деярли барча асарларини таржима қилган мусулмонлар тиббиётда мустақил тадқиқот йўлига киришди. IХ ва ундан кейинги асрларда мусулмон халқлари орасида тиббиётда бир қанча етук истеъдодлар пайдо бўлди, улар жаҳон тиббиёти тарихида Розий, Заҳравий ва Абу Али ибн Сино сифатида ном қозонди.
Бундан ташқари, мусулмонлар қадимги табибларнинг билимларини янада чуқур ўрганиш ва илмий асослаш имкониятига эга эдилар. Тиббиётда ўқиган ва амалиёт билан шуғулланганларнинг барчаси тажриба ва амалиёт орттириш учун касалхоналарда ишлашлари керак эди.
Ўша даврда Бимаристонларда тиббиёт машғулотларининг ўташнинг ўзига хос асоси ва амалдаги қоидалари бор эди. “Бимаристон” сўзи форсча бўлиб, таржимаси: “бимар” – касаллик, истон – “жой”, яъни “касаллик жойи”, “касалхона” деган маъноларни англатади. Профессор Макк Меерхофнинг сўзларига кўра, дунёда қурилган биринчи касалхона Бағдодда халифа Ҳорун ар-Рашид буйруғи билан ташкил этилган шифохонадир. Кейин касалхоналар ҳамма жойда қурилиб, муваффақиятли ишлай бошлади.
Маълумки, худди замонавий касалхоналарни эслатувчи Бимаристон- биринчи шифохоналар Макка амири Абдуллоҳ ибн Зубайр томонидан мусулмон қўшинлари учун Масжидул Ҳаром яқинида чодирлар кўринишда қурилган ва аскарлардан бири Макка қамалидан ярадор бўлганда, чодирга шифо топади.
Бимаристонлар тарихи ҳақида яна бир замонавий тадқиқот Аҳмад Бей Исо томонидан олиб борилиб, илк бимаристонларнинг ривожланиши ва уларнинг исломдаги ўрнини аниқ тасвирлаб берган. Хусусан, тадқиқотчи Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биринчи бўлиб кўчма ҳарбий госпиталларни ривожлантиришга буйруқ берганлигини қайд этади. Бимаристон тизими иккита асосий вазифани амалга оширишни ўз ичига олган: беморларни даволаш ва тиббиётни ўргатиш.
Ўша даврда касалхона қурилиши учун жой танлашга алоҳида аҳамият берилган. Уларни тепаликлар ва дарёлар яқинида қуришни афзал кўрганлар. Шунинг учун ҳам Бағдоддаги «Адудийна» касалхонаси Дажла бўйида шундай жойлашганки, унинг сувлари ҳовли орқали касалхона даҳлизидан оқиб ўтадиган қилиб қурилган. Одатда касалхоналарда иккита, эркаклар ва аёллар учун алоҳида бўлим бўлган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан мустақил бўлиб, беморлар учун катта ва кенг хоналар ажратилган эди. Бўлимларда ҳар бир касаллик тури учун алоҳида хона, бош шифокор бошчилигидаги махсус шифокорлар гуруҳи мавжуд эди. Шуни таъкидлаш керакки, бош шифокор ва фармацевт штатда энг юқори лавозимлар бўлган.
Ҳар бир касалхонада беморнинг ўз картаси бўлиб, унда шифокор беморнинг аҳволи ҳақидаги кузатувларини ёзиб қўйган. Мураккаб касалликларни муҳокама қилиш, ёш шифокорларга маслаҳатлар бериш мақсадида кенгаш йиғилишлари ўтказилган. Бугун биз ҳам замонавий касалхоналарда худди шундай тартибни кўришимиз мумкин.
Бимаристонлар бир неча тармоқли эди. Мисол учун, шаҳарлардаги шифохоналар барча зарур шарт-шароитларга эга катта биноларда жойлашган бўлиб, уларнинг кўчма касалхоналари ҳам бор эди. Шифокорлар дори-дармонлар билан қишлоқларга ёки қамоқхоналарга маҳкумларни даволаш учун боришган. Айниқса эпидемиялар даврида ёки жангу жадалларда ярадорларни парвариш қилишда махсус шифокорлар қўшинларга ҳамроҳлик қилишган.
Бимаристонларда таълим икки усулда бўлган: назарий ва амалий. Амалиётда ўқувчилар шифокор атрофига тўпланиб, беморларни кўриб, текширганлар. Ўқиш муддати тугагандан сўнг талабалар имтиҳон топшириб, қасамёд қабул қилиб, сертификат олганлар.
Шундай қилиб, Ислом цивилизацияси инсониятга бутун дунёга машҳур бўлган кўплаб шифокорларни тақдим қилди, жумладан энг машҳурлари Абу Бакр Розий, Ибн Сино, Ибн Нуфайс ва бошқалар.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев