islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳамал – Шамсия ҳисобда йил боши

“Наврўз” сўзи форсча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “янги кун”деган маънони англатади. Бу ҳақда Ўзбек тилининг изоҳли луғатида шундай дейилади: “Наврўз форсча янги кун. Шамсия йил ҳисобида янги йилнинг биринчи куни март ойининг 21-кунига тўғри келади” дейилади.

Носуруддин Рабғузийнинг “ Қисаси Рабғузий” асарида “наврўз” ҳақида шундай таъриф берилади:

Кун ҳамалга кирди эрса, келди олам наврўзи,

Кечди баҳман замҳарир қиш, қолмади қори, бузи.

Ҳамал ойи кириши билан наврўз бошланиб, қишнинг “баҳман” – аёз, қаҳратон, изғирин, “замҳарир” – қировли, қаҳратон, қаттиқсовуқ кунлари чекиниб, “қор” ва “ бузи” – ях, музи қолмаганлиги баён қилинади. “Ҳамал” ўзбек тилида қўй-қўзи деган маънони беради. Қадимда ота-боболаримиз осмон юлдузлар буржини кузатишган. Осмонда ўн икки юлдузлар буржи бор. Булардан бири ҳут – балиқ деб айтилса, навбатдагиси эса ҳамал қўй, деб аталади. Ҳар йили бир марта қуёш осмондаги ҳут юлдузлар буржидан ҳамал юлдузлар буржига ўтади. Ҳамал буржи кеча ва кундузнинг тенглик нуқтаси ҳисобланади. Юсуф Хос Ҳожибнинг 1070 йилда ёзилган “Қутадғу билиг” – Саодатга бошловчи билим асарида шундай дейилади:

Эса келди, шарқдан баҳорнинг ели,

Оламга очилди, гўзаллик ели.

Бўз ер ипорланди, қору-муз кетиб,

Безанди олам чирой кўрсатиб.

Ғолиб келди қишдан баҳор чиройи,

Янгидан қурилди баҳорнинг ёйи.

Қуёш қайтди яна келиб ўрнига,

Балиқ қуйруғидан қўзи бурнига.

Қуёшнинг “балиқ қуйруғидан” “қўзи бурнига”, яъни ҳут буржидан ҳамал буржига ўтиши ҳамал ойининг бошланиши ҳисобланади. Қуёшнинг ҳамал буржига ўтиши ҳар йили 21 март куни юз беради. Ҳамал ойининг биринчи куни эса “Наврўз” – янги кун деб аталади. Наврўз билан янги деҳқончилик йил ҳисоби бошланади. Халқимиз наврўзни янги кун, йил боши, қиш тугаб баҳор бошланганлиги сифатида қадрлайди.

 

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси Руҳиддин Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг 

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими 

424141cookie-checkҲамал – Шамсия ҳисобда йил боши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: