Мана минг йилдан ошибдики, Ислом дини оламга нур таратиб келмоқда. Ҳидоят ва ҳақнинг ёрқин машъаласини кўтариб, бу йўлда ўз жону молларини фидо қилган зотлар кўп ўтишган. Бундай буюк имомлар, алломаларимиз орасида Насаф элининг шарафли вакили, буюк бобомиз Умар Насафий ҳазратларининг ўрни ҳам беқиёс. Бугунги кун Янги Ўзбекистон сиёсатида олиб борилаётган аждодларимизнинг номларини тиклаш, уларнинг илмий меросини тирилтириш ҳамда ёшлар орасида тарғиб қилиш ва ёт ғоялар, мафкуравий кучларга қарши курашда боболаримиз қолдирган қимматли манбаларни асос қилиб олиш борасида давлат раҳбарининг шахсан ўзи ташаббус билан чиқаётгани маърифий соҳа вакилларини хурсанд қилиш баробарида уларга катта масъулият юклайди.
Олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ҳисса қўшиш, давлат раҳбарининг чақириқларига «лаббай», деб жавоб бериш мақсадида ҳамда муборак Рамазон ойи соя солиб турган кунларда кенг китобхонлар оммасига туҳфа, Қуръон қориларига зарурий қўлланма бўлади деган умидда Аллоҳнинг тавфиқи ила Насаф юртининг забардаст вакили Умар Насафийнинг «Заллату Қори» асарини таржима қилишга бел боғладик. Бу жараённинг юзага чиқишида биз ёшларга кенг имкониятлар эшигини очган давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович ҳамда уларнинг ёнларида елкадош бўлиб турган муҳтарам муфтийимиз шайх Нуриддин Холиқназар жаноби олийларига миннатдорчилигимизни билдирамиз ва ҳақларига хайрли дуолар қилиб қоламиз. Қолаверса, бу хайрли ишнинг самарали ҳамда салмоқли тарзда юзага чиқишида ўзларининг қимматли тавсия ва вақтларини аямаган азиз дин оталаримиз – профессор-устозларимизга ҳам қўлларимизни кўксимизга қўяроқ беҳад ташаккур изҳор этамиз. Яна таъкидлаш керакки, асар таржимасида андак бўлса-да, хизмат қилган, елкадош бўлган қадрдон сафдошлар ҳамда ҳамкорларимизга ҳам раҳмат айтамиз. Юқорида зикри ўтган барча қатори бобомиз шайх Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий ҳазратлари ҳақларида Аллоҳ таолога дуо қилиб сўраймизки, ҳар икки жаҳонда Ўзи хайр ва барака билан сийласин. Буюк аждодимизнинг илмидан ҳар бирларимизни ҳам икки дунёда манфаатлантирсин.
Бу ўринда шайхнинг ҳаётлари ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топмадик. Зеро, биз дин-дунё ва охират саодати учун фидокорлик кўрсатган муаллимларини унутмайдиган миллатмиз.
Таржима ва изоҳлар муаллифлари:
Тошкент ислом институти талабалари
Нурислом Исмоил, Илҳом Охунд
Илмий муҳаррир:
Ақоид ва фиқҳий фанлар
кафедраси
мудири Фарҳод Жўраев