islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жаҳоний эҳтиромга сазовор термизлик ҳаким

Термизий олимлардан ҳисобланган, шаръий илмларнинг барчасида ўзига хос ўринга эга Ҳаким Термизий исми билан машҳур бўлган мутафаккир олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий  бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» – «Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши» номли автобиографик рисоласида келтирилган.

Унинг мазкур шаклдаги тўлиқ исми аллома томонидан ёзилган «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-расул» – «Расулуллоҳ хабарлари ҳақидаги нодир усуллар», «Илм ул-авлиё» – «Валийлар илми», «Хатм ул-авлиё» –  «Авлиёларнинг охиргиси» ва «Назоир ул-Қуръон» – «Қуръон ибратлари» каби асарларнинг номлари ёки муқаддима қисмларида ҳам айнан шу тарзда келтирилган. Ҳаким Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда, ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Жумладан, таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф уз-зунун» номли машҳур асарининг бир неча ўринларида Ҳаким Термизий вафотини ҳижрий 255 (милодий  869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (милодий  869) деб ёзилган . Бошқа баъзи манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ҳаким Термизийнинг узоқ – 116 ёки 120 йил умр кўрганлигини эътиборга олсак, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750-760 йиллар оралиғида) таваллуд топганлиги аён бўлади. Айни вақтда баъзи замонавий тадқиқотчилар унинг таваллуди ва вафоти ҳақида батамом бошқа саналарни кўрсатганлар. Жумладан, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака Ҳаким Термизийни ҳижрий 205 (милодий  820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (милодий  932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади. Мана шуларни хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу йўналишда келажакда олиб бориладиган чуқур илмий тадқиқотлар аллома Ҳаким Термизий таваллуди ва вафоти саналарини аниқлаш имконини беради, деб ўйлаймиз. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган.

Термиз шаҳри ҳақидаги қимматли маълумотларни араб географлари ал-Муқаддасий (Аҳсан ут-тақосим фи маърифат ал-ақолийм), ал-Истахрий (ал-Масолик вал-мамолик), ал-Балазурий-Футуҳ ул-булдон ва бошқа қатор муаллифларнинг асарларида учратамиз. Мазкур манбаларда таъкидланишича, Ҳаким Термизий туғилган Термиз шаҳри ҳам ИХ асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган . Шаҳарда исломий илм ва маданият юксак даражада тараққий этган. Илм-фаннинг турли соҳалари, жумладан, исломий илмлар бўйича Термиз шаҳридан етишиб чиққан кўплаб алломалар ат-Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар.

Жаҳоний эҳтиромга сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири Ҳаким Термизийдир. Афсуски, Ҳаким Термизийнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар учратмадик. Унинг ота-онаси ҳақидаги баъзи хабарлардан маълум бўлишича, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. Ҳаким Термизий ўзининг автобиографик рисоласи «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» ва «Ар-Радд аълал-муаттила» каби асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган. Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ҳаким Термизий илм-маърифат юксак қадрланадиган, зиёли бир хонадонда дунёга келиб, мана шу илмий-маънавий муҳитда ўсиб улғайган. Охир оқибатда мазкур омиллар таъсирида унинг маънавий дунёси ва илмий тафаккури шаклланиб, камолга етган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ҳаким Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган. Бу хусусида Ҳаким Термизий ўз китобларидан бирида шундай ҳикоя қилади:

“Аллоҳ таоло мени устозим бўлган отамдан жудо қилганда мен саккиз ёшда эдим. Унинг саъй-ҳаракатлари боис мен илм олишга шундай берилиб кетгандимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, менинг тенгқурларим ўйин-кулги ва вақти хушлик билан банд бўлардилар. Волидимнинг ижтиҳодлари туфайлик мен шу ёшимда «Илм ал-осор» (Қадимий ривоятлар (ҳадислар) ҳақидаги илм) ва «Илм ар-рай» («Эътиқод ҳақидаги илм») билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим.

Отаси вафотидан кейин Ҳаким Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий дан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган. Шундан сўнгра аллома Фаридуддин ал-Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда Ҳаким Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади ва унга: «Эй ўғлим, мен бир муштипар, заифа аёл бўлсам, менга сендан бўлак бошпаноҳ бўлиб ёрдам берадиган бирор кимса бўлмаса, менинг бутун борлиғим фақат сен билан боғлиқ бўлса, сен мени кимга ташлаб кетмоқчисан?» – деб унга илтижо қилади. Волидасининг бу сўзлари Ҳаким Термизийга қаттиқ таъсир қилиб, у илм талабидаги ушбу сафаридан воз кечади. Унинг икки ўртоғи эса ўз сафарларига отланиб йўлга тушадилар. Сўнгра, ушбу воқеадан кейин талай вақт ўтгач, Ҳаким Термизий Бағдодга боролмаганлиги учун ғоятда афсусланиб, мақбаралардан бирининг ёнида йиғлаб хафа бўлиб турганида унинг ёнида юзида нур ёғилиб турган бир шайх пайдо бўлиб, ундан йиғлашининг сабабини сўрайди. Ал-Ҳаким унга юз берган воқеани бирма-бир айтиб беради. Шунда шайх: Истасанг, мен сенга ҳар куни турли илмлардан сабоқ бериб, сени ўқитаман, дейди. Ал-Ҳаким унинг бу сўзига дарҳол рози бўлади. Бу ҳол бир неча йил давом этади. Сўнгра у билса бу киши Ҳизр алайҳиссалом эканлар. Унинг бу саодатли марҳаматга эришиши волидаи мушфиқасининг дуоси барокотидан бўлган эди. Айни шу воқеа бошқа манбаларда бироз бошқачароқ тарзда ҳикоя қилинади.

Бу ҳикоя ҳақиқатми ёки афсонавий ривоятми, қандай бўлмасин унинг оиласи ҳақида муайян даражада тасаввур беради. Чунончи, ушбу ҳикоядан маълум бўлишича, у ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлган, онасининг илтижосига қараганда уларнинг оиласида ал-Ҳакимдан бошқа унга бошпаноҳ бўлиб, қарайдиган кимса бўлмаган. У ўз онасига меҳрибон, уни боқувчисиз ташлаб кетишга журъат қилмаган – оилапарвар, қанчалик илм олишга иштиёқи кучли бўлгани билан ўз волидасининг сўзига қулоқ солиб, унинг дуосини олганлиги боис охир-оқибатда илм олишда ҳам ўз матлабига эришади. Шунингдек, манбаларда унинг оилавий аҳволи, рафиқасининг солиҳа, тақводор, покиза аёл эканлиги, оилада олтита фарзанди бўлганлиги ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.

Жалолиддин Мамадазизов

433640cookie-checkЖаҳоний эҳтиромга сазовор термизлик ҳаким

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: