Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган мукаммал диндир. У фақат ибодатлар мажмуаси бўлиб қолмасдан, балки инсоннинг жамиятдаги ўрни, оиласига, халқига ва Ватанига бўлган муносабатини ҳам аниқ белгилаб беради. Ана шундай юксак тушунчалардан бири – ватанпарварликдир.
Ватанни ҳимоя қилиш, ўз халқи, оиласи ва юрти осойишталигини асраш – эркак кишининг мардлиги, йигитлигини синаб кўрадиган шарафли бурчдир. Ватан – бу фақат ер ёки ҳудуд эмас, балки ота-боболар мероси, аждодлар қони тўкилган муқаддас замин, авлодлар келажагидир. Шу боис ҳар бир соғлом фикрли, иймонли йигит Ватан тақдирига бефарқ бўлмаслиги лозим.
Юртимизда туғилиб-ўсган ҳар бир эр йигитнинг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиши – Ватан ҳимоясининг амалий рамзи ҳисобланади. Чегарани қўриқлаш – бу Ватанни қўриқлашдир. Ватанни ҳимоя қилишга ҳар дам тайёр туриш эса ҳар бир Ватан ўғлонининг қалбига сингиб кетган муқаддас ҳиссиёт бўлиши керак.
Шу маънода, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан халқимизнинг порлоқ келажаги, давлатимизнинг равнақи ва осойишталигини сўрар эканмиз, айни пайтда Қуролли Кучларимизнинг қудрати, салоҳияти ва мустаҳкамлигини ҳам дуо қилишимиз лозим. Чунки тинчлик дуо билан ҳам, фидокорона хизмат билан ҳам мустаҳкамланади.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эсганидан буён чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида ҳаётимизнинг ҳар бир соҳаси босқичма-босқич ривожланиб келмоқда. Айниқса, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳлар, янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидлар, диний таълим муассасалари – буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг ёрқин самарасидир.
Аллоҳ таоло бу дориломон кунларда тинч-осуда яшашимизнинг сабабини ҳам очиқ қилиб қўйган: тинчлик, хотиржамлик ва барқарорлик. Бу эса ўз-ўзидан келган неъмат эмас. Бу Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, куну тун сергаклик билан хизмат қилаётган, халқимизнинг тинчлигини таъминлаб турган тинчлик посбонларининг фидокорона меҳнати самарасидир. Улар туфайли биз тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этяпмиз, фарзандларимизни хотиржам тарбия қиляпмиз.
Шу ўринда савол туғилади: ёшларимиз шундай фидокор, Ватанга содиқ бўлиб вояга етиши учун биз, мўмин-мусулмонлар ва юрт фуқаролари нима қилишимиз керак?
Бизнинг асосий вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат туйғусини, шу юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш ҳиссини сингдиришдир. Чунки Ватанни севиш – ўз-ўзидан пайдо бўладиган туйғу эмас, у тарбия орқали камол топади.
Ватан – инсоннинг туғилган жойи, киндик қони тўкилган замин, болалик ва ёшлик хотиралари сақланган макондир. Инсон таълим-тарбия оладиган, шахс сифатида шаклланадиган жой ҳам Ватандир. Шунинг учун сафарга чиққан инсон қанчалик узоқда бўлмасин, қалби доим Ватан сари интилади, уни қумсайди.
Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон ниятли кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва обрўсини юксак тутиш – буларнинг барчаси Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатимиздан, У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиздан келиб чиқади. Зеро, Аллоҳ таоло Ватанга муҳаббат туйғусини инсон фитратига жо қилиб яратган.
Бу туйғу фақат инсонгагина хос эмас. Ҳатто ақли йўқ жониворларда ҳам Ватанга ўхшаш ҳиссиёт мавжуд: балиқ сувини, ҳайвон ўз инини, қуш уясини қумсайди. Улар ўз маконини танийди, уни асрайди, зарур пайтда ҳимоя қилади. Демак, ақл-заковат ва тафаккур ато этилган инсонда эса бу туйғу янада юксак бўлиши табиий.
Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
«Ватаннинг ҳам ҳақлари бор. Унда яшаган инсон тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаши керак. Ватандан узоқлашганда уни соғиниши, Ватан камситилганда ғазабланиши, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиши шу юрт фарзандларининг бурчидир».
Албатта, мўмин инсон учун энг муқаддас замин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қадамлари теккан, Қуръони Карим нозил бўлган Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадир. У ерларга бориб, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиш ҳар бир мўминнинг орзусидир. Аммо Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан туйғуси шу қадар кучлики, ҳатто ана шу муқаддас диёрларда ҳам инсон ўз уйи, ўз юртини соғиниб қолади.
Демак, Ватанни севиш – иймонга зид эмас, балки иймоннинг камолидир. Ватанни ҳимоя қилиш эса нафақат фуқаролик, балки диний ва маънавий бурчдир.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби






